- 2014-11-17
Мавританияда собиқ президент Муҳаммад Ульд Абдел Азиз коррупция айбловлари билан 15 йил озодликдан маҳрум этилди. “Коррупция ўн йиллиги” деб номланган иш доирасида Азиз ва айрим расмийлар пул ювиш, қонунбузарлик ва давлатга зарар етказишда айбланди. 100 миллион долларлик мол-мулки мусодара қилинди.
Мавританияда суд собиқ Президент Муҳаммад Ульд Абдел Азизни коррупция айбловлари билан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди.
“Коррупция ўн йиллиги” иши доирасида қабул қилинган қарорга кўра, Азизнинг 2009–2019 йиллар орасидаги президентлик даврида у ва айрим юқори лавозимдаги амалдорларга нисбатан турли жиноят айбловлари кўриб чиқилди.
Суд шунингдек, Азизнинг ўғли Бадр Ульд Абдел Азиз бошқарган “Ал-Раҳма Ёрдам Жамғармаси”ни ёпиш ва унинг мол-мулкини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди.
Ҳимоя адвокатлари бу қарорни мамлакат Олий судига олиб чиқишларини маълум қилишди.
Азиз 2023 йилда 5 йил қамоқ ва ватандошлик ҳуқуқларидан маҳрум этиш жазосини олган, қарор аппеляцияга берилган эди. Мамлакат тарихидаги энг узоқ суд жараёни деб баҳоланган ушбу иш 2023 йил январда бошланган ва декабрда биринчи қарор эълон қилинган эди.
Азиз ва бошқа айбланувчилар коррупция, ноқонуний бойиш, пул ювиш, давлат тендерларида қонунбузарлик ва давлатга зарар етказиш каби айбловлар билан суд қилинган. Тергов доирасида Азиз ва унинг оиласига тегишли бўлган 100 миллион доллар қийматидаги мол-мулк мусодара қилинган.
Азиз 2009–2019 йиллар оралиғида икки муддат президентлик қилган ва 2019 йилги сайловларда номзодлигини қўймасдан, ҳозирги президент Муҳаммад Ульд Ғазуанийни қўллаб-қувватлаган эди.