- 2018-09-12
Космос ва НУЖга қизиқувчилар Чилида 10 йил аввал топилган 15 сантиметрлик бу скелетнинг ўзга сайёраликка оид эканлигини иддао этишарди. Лекин ўтказилган ДНК анализлари унинг 6 ёки 8 ёшлигида вафот этган инсон эканлигини аниқлади. Унинг бўйи нега бунчалик кичик эканлиги эса ҳалигача баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Чилининг Атажама чўлида 10 йил аввал топилган ва ўзга сайёралик эканлиги даво қилинган мавжудот ҳақида туширилган “Сириус” номли ҳужжатли фильм НУЖ тадқиқотчиларининг эътиборини кутилгандан ҳам кўпроқ жалб қилди. Чунки фильмдаги 15 смлик мавжудотнинг ДНК анализи тадқиқотчиларнинг ўзга сайёралар ҳақидаги ширин хаёлларини бузиб юборди. Анализ натижалари унинг ўтган асрда ўлган бир одамга тегишли эканлигини кўрсатди.
“Huffington Post”нинг хабарига кўра, Нолан шундай интервью берди: “Унинг маймун эмаслигини аниқ айта оламан. Бу одам. Шимпанзедан кўра инсонга яқинроқ. Олти ёки саккиз ёшида ўлганини аниқлашга муваффақ бўлдик. Бир вақтлар ҳамма қатори озиқланган, метаболик фаолият кўрсатган организмга эга бўлган. Ҳаммамизнинг хаёлимизга келган илк савол: туғилганида унинг бўйи қандай бўлган?” деди.
Унинг ДНК анализини ўтказган Нолан “ДНКси ва ҳисоб-китобларга асосланган тадқиқотлар унинг одам эканлигига далолат қилмоқда” деди.
Муддатидан олдин туғилган бўлиши мумкинми?
“Ата” исми берилган мавжудот скелети 10 йил аввал дунёнинг энг қурғоқ минтақаларидан бири Атажама чўлидан топилди ва Грирнинг қўлига етиб келгунича бир неча кишининг қўлидан ўтди.
Грир ҳужжатли фильмда “Ата”нинг ўзга сайёралик эканини ёқлаб, унинг қаердан топилганлиги аниқ эмаслигини айтади. “Ўзга сайёралик”нинг бир қанча қўлдан-қўлга ўтиб, Испанияда топилганлиги тахмин қилинмоқда.
Ўзга сайёраликлар борлигига энг ёрқин далил сифатида рўкач қилиниб келинган “Ата”нинг муддатидан аввал туғилган гўдак эканлиги ҳам тахмин қилинмоқда. Лекин биолог Нолан ўтказган анализлар бунинг аксини кўрсатмоқда.