Туркистоннинг дизайн-коди тақдим этилди


  • 16 Май, 2025
  • 29

Бу шаҳар меъморчилиги ва ободонлаштирилишига оид умумий қоидалар ва талабларни ўз ичига олади.

Туркистондаги «Алатау медиа» марказида шаҳарнинг дизайн-коди тақдимоти бўлиб ўтди. Ҳужжат 8 боб ва 118 банддан иборат бўлган комплекс талабларни қамраб олади ҳамда умумий қоидалар, меъморчилик ва шаҳарсозлик бўйича асосий талабларни ўз ичига олади. Шунингдек, у ҳужжатда кўча йўналишлари тизими, кўча мебеллари, биноларнинг пештоқлари, шаҳар жойларини ёритиш тизимига оид талаблар ҳам баён этилган. Бу ҳақда Туркистон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

«Лойиҳанинг асосий мақсади — Туркистон шаҳрининг ягона меъморий-санъат услубини шакллантириш ва маданий меросни асраб қолган ҳолда қулай шаҳар муҳитини ишлаб чиқиш. Лойиҳанинг асосий вазифалари — шаҳарнинг тарихий ва янги қурилишлари ўртасида мувозанатни таъминлаш, бинолар пештоқларига ягона меъморий ва эстетик талабларни жорий этиш, ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами учун қулай муҳит ташкиллаш, экологик ва технологик ечимларни қўллаш ҳамда амалдаги норматив базани модернизация қилишдан иборат», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Брифингда таъкидланишича, дизайн-код — шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун қулай ва хавфсиз муҳит ташкиллашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлиб, бу тарихий меросга зарар етказмаган ҳолда амалга оширилади.

Маълумот учун, 2025 йил 3 март куни Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркистон шаҳрига махсус мақом бериш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди.

Энди вилоят марказида ижтимоий ва тижорат объектлари шаҳарнинг меъморий қиёфасига мувофиқ равишда барпо этилади.


Бошқа мақолалар