Чемпионлик байрамларида даҳшатли воқеа


  • 27 Май, 2025
  • 24

Англия Премьер Лигаси чемпиони бўлган "Ливерпуль" клубининг шаҳарда ўтказилган ғалаба байрамларида даҳшатли ҳодиса юз берди. Бир шахс автомобили билан одамларни босиб ўтишга уринди. Ҳодиса жойига кўплаб жамоат хавфсизлик хизмати ходимлари етиб борди ва 47 киши жароҳат олгани маълум қилинди.

"Ливерпуль" жамоасининг мухлислари чемпионликни нишонлаш учун шаҳар кўчаларига тўпланишди. Бир ҳайдовчи эса юзлаб одамлар жамланган ҳудудга кириб бориб, одамларни босиб ўтишга ҳаракат қилди. Ҳодисада 47 киши жароҳат олган, бу ҳақда расмийлар томонидан маълумот берилди.

Англиядаги Мерсисайд полицияси бошлиғи ўринбосари Женни Симс, Шимолий-Ғарбий тез ёрдам хизмати матбуот котиби Дэйв Китчин ва Мерсисайд ёнғин ва қутқарув хизмати бошлиғи Ник Сирл журналистлар учун матбуот анжумани ўтказди.

Женни Симснинг маълум қилишича, байрам паради тугаётган пайтда Ливерпуль шаҳар марказидаги Уотер Стрит кўчасида бир транспорт воситаси пиёдаларни уриб юборган. "Кўплаб кишилар жароҳат олди ва шифохонага етказилди. Шунингдек, ёши турлича бўлган бир қатор шахслар воқеа жойида даволанди", — деди у. Симс, жароҳат олганларга ва уларнинг яқинларига ёрдам бериш учун мутахассис жамоалар воқеа жойига етказилганини таъкидлади.

Женни Симс, ҳодисадан сўнг 53 ёшли оқ танли инглиз эркак қўлга олинганини маълум қилди ва "Ушбу шахс автомобил ҳайдовчиси бўлган, деб ҳисобламоқдамиз", — деди.

У ҳодиса бўйича кенг қамровли тергов ишлари олиб борилаётганини айтиб, аҳолидан ижтимоий тармоқларда турли тахмин ва нотўғри маълумотлар тарқатмасликни сўради. Шунингдек, у қўшимча қилди: "Бу якка ҳолда содир бўлган ҳодиса, деб ҳисоблаймиз ва ҳозирда бошқа бирон кишини қидирмаяпмиз. Ҳодиса террорчилик акти сифатида баҳоланмаяпти. Одамлардан воқеага оид қайғули видеоларни интернетга жойлаштирмасликларини ва ҳар қандай маълумотни тўғридан-тўғри терговчиларимизга етказишларини сўраймиз."

Тез ёрдам хизмати вакили Дэйв Китчиннинг сўзларига кўра, 20 киши енгил тан жароҳатлари билан тиббий кўрикдан ўтказилган, 27 киши эса шифохонага етказилган. Улардан икки нафари — бири бола — оғир аҳволда.

Ёнғин ва қутқарув хизмати бошлиғи Ник Сирл эса воқеа жойига келиб етиб борганларида бир нечта киши машинанинг остида қолиб кетганини айтди. Унинг таъкидлашича, 3 катта ёшли ва 1 бола шахс транспорт воситасининг остида қолган ва улар қутқарувчилар томонидан олиб чиқилиб, тез ёрдам машиналарига етказилган.

Шунингдек, воқеа пайтидаги видеолар ижтимоий тармоқларга тарқалди. Машина мухлислар тўпланган ҳудудга кириб боргани, одамларнинг жароҳат олгани акс этган лавҳаларда кўриш мумкин. Ҳайдовчи қўлга олиниши пайтида мухлислар уни ўраб олишга ва ҳужум қилишга уринган — буларнинг барчаси видеога олинган.


Бошқа мақолалар