- 2016-04-04
Андалус Ислом даври (711-1492) давомида Испаниядаги сўнгги ислом ерларидан бири бўлган Гранада шаҳрида жойлашган машҳур Улкан жоме масжид деярли ҳар жума бир кишининг мусулмон бўлишига гувоҳ бўлмоқда. Рамазон ойида эса бу масжид дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрувчиларнинг асосий манзилига айланади. Масжид директори Эмир Ҳишам Мелара шаҳарда яшовчи 40 минг мусулмон ҳақида, Исломни танлаганларнинг ҳикоялари, улар дуч келаётган қийинчиликлар ва рамазон анъаналари ҳақида сўзлаб берди.
Андалус Ислом давридан мерос қолган энг муҳим ёдгорликлардан бири бўлган Алҳамбра саройига қарама-қарши жойлашган, ўрта асрлардан бери сақланиб қолган мусулмон маҳаллаларидан бири – Албайсинда рамазон бошқача ўтади.
Бир йилдан бери Улкан жоме масжид директори бўлиб ишлаётган Эмир Ҳишам Мелара Гранададаги мусулмонлар сони атрофдаги туманлар билан бирга 40 мингга етганини таъкидлаб, шундай дейди:
"Масжидимизда деярли ҳар жума бир киши калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлади. Ҳар ёшдаги ва турли гуруҳлардан кўплаб инсонлар Исломни қабул қилмоқда."
Мелара Гранадада мусулмонлар сони жадал ўсиб бораётганини қайд этиб:
"Масжидимизда калимаи шаҳодат келтириб мусулмон бўлаётганлар сони жуда тез кўпаймоқда. Масалан, 2024 йилнинг декабрь ойида уларнинг сони 15 нафарга етди, улар орасида аёллар ҳам бор эди. Февраль ойида эса яна 10 киши масжидимизда калимаи шаҳодат айтиб, Исломни танлади." — деб айтиб ўтди.
Испаниядаги 1700 га яқин ибодат жойлари ичида, азон жонли овозда минорадан ўқиладиган ягона масжидга эга бўлиш улар учун "катта неъмат" эканлигини таъкидлаган Мелара қўшимча қилди:
"Бу масжиднинг бу ерда мавжуд бўлиши ҳақиқий мўъжиза. Бу тарихий бурилиш нуқтаси. 1492 йилда Андалус Ислом даврининг сўнгги қалъаси Гранада қулаганидан сўнг, бу ҳудудларда, бутун Иберия ярим оролида Ислом йўқ бўлди. Бугун мусулмонларнинг Гранадага қайтиб, бу ерда ибодат қилаётгани маънавий жиҳатдан улкан аҳамиятга эга."
Меларанинг таъкидлашича, бу масжид маҳаллий мусулмонлар томонидан қурилганлиги билан Европадаги биринчи масжид ҳисобланади:
"Гранада масжиди, шунингдек, мусулмон испанлар томонидан қурилган биринчи масжиддир. Шу сабабли, унинг тарихий аҳамияти жуда юқори. Ислом Испанияда мавжуд бўлган энг охирги ер – Гранадада, бу муборак заминда, Исломнинг қайта тикланишида ушбу масжид муҳим рол ўйнаган."
Ҳар йили тахминан 200 минг киши ташриф буюрадиган Улкан жоме масжид жуда кўп турли миллат вакилларини бирлаштиради.
"Дунёнинг турли бурчакларидан келган мусулмон биродарларимиз бор," – дейди Мелара. Масалан, фақат рамазон ойини ўтказиш учун Малайзия ёки АҚШдан келган мусулмонлар ҳам учрайди.
Мелара рамазон ойи уларнинг энг фаол даври эканини таъкидлаб, масжид имоми ифтор олдидан дарслар ўтишини ва мусулмонлар ифторни анъанавий тарзда сув, сут ва хурмо билан очишларини айтиб ўтди.
"Биргаликда шом намозини ўқигандан сўнг, Масжид жамғармаси томонидан Марокашнинг анъанавий "Ҳарира" шўрваси (нўхат, мош, помидор ва вермишель қўшилган) меҳмонларга таклиф қилинади. Кейин, қисқа дам олиш пайтида оилалар бир жойга жамланиб, суҳбат қуришади ва таровиҳ намозига ўтилади. Шунингдек, саҳарлик учун ҳам таом тайёрлаймиз." — деди Мелара.
Гранада шаҳар ҳукумати ва Андалус автоном ҳукумати билан яхши муносабатларга эга эканини айтган Мелара, мавжуд мусулмон қабристонини кенгайтириш бўйича талаблари борлигини ва бу ижобий ҳал этилишидан умидвор эканлигини билдирди.
"Бироқ олдимиздаги энг катта қийинчилик – фарзандларимиз таълими. Чунки мусулмонлар сонини кўпайтириш, албатта, муҳим, лекин иккинчи авлодга Ислом таълимотини мустаҳкам ўргатишимиз керак. Биз асосий эътиборни таълимга қаратмоғимиз лозим." — деди Улкан жоме масжид директори Эмир Ҳишам Мелара.