- 2013-03-30
Словакия Европада пиёдалар учун тезлик чеклови пайдо бўлган биринчи давлат бўлди.  Энди тротуарларда соатига олти километрдан тез юриш расман тақиқланди.
Энди тротуарларда соатига олти километрдан тез юриш расман тақиқланди.
"Politico" нашри хабар беришича, Словакия парламенти депутатлари йўл ҳаракати тўғрисидаги қонунга ўзгартиришни сешанба куни қабул қилди ва у 2026 йил 1 январдан кучга киради.
Ўзгартириш ташаббускори, "Smer" партиясидан депутат Любомир Важнийнинг сўзларига кўра, қонуннинг мақсади пиёдалар, велосипедчилар ва электросамокат фойдаланувчилари ўртасида тўқнашувлар тез-тез содир бўлаётган тротуарларда хавфсизликни оширишдир.
"Асосий вазифа – самокат ҳайдовчилари билан тўқнашувлар сонининг ўсиши шароитида тротуарларда хавфсизликни ошириш", – деб тушунтирди Важний.
Янги қоидага кўра, соатига максимал 6 километр тезлик нафақат пиёдаларга, балки тротуар бўйлаб ҳаракатланаётган велосипедчиларга, роликли конкичиларга ва самокат фойдаланувчиларига ҳам тегишли. Ўзгартириш муаллифлари, бу чеклов кимдир пиёдалар учун мўлжалланган ҳудудда жуда тез ҳаракатланганда, буни "объектив аниқлаш"га ёрдам беради, деб ҳисобламоқда.
Гарчи қонун аллақачон қабул қилинган бўлса-да, ҳокимият унинг бажарилишини айнан қандай назорат қилишини ҳали аниқламади. Словакияда махсус камералардан фойдаланиш ёки "юриш тезлигини" ўлчашда полициянинг иштироки ҳақида ҳозирча муҳокама қилинмаган.
Тиббиёт мутахассислари маълумотларига кўра, оддий сайр тезлиги соатига 4 дан 5 километргача ўзгариб туради. Шу билан бирга, "British Heart Foundation"нинг таъкидлашича, соатига 6,4 километр яхши жисмоний формадаги инсон учун ўртача суръатдир. Бошқача қилиб айтганда, ҳатто жадал юриш ҳам "қонунга хилоф" бўлиши мумкин.
Ҳамма ҳам бу ташаббусни мамнуният билан кутиб олмади. Мухолифат вакиллари қонун ёрдам беришдан кўра кўпроқ чалкаштиришини билдирди. Танқид Словакия Ички ишлар вазирлигидан ҳам янгради: вазирликнинг фикрича, ҳаммани чеклашдан кўра, самокатларнинг тротуарларда ҳаракатланишини тақиқлаш мантиқан тўғрироқ бўларди.
Ижтимоий тармоқлардаги муносабат эса олдиндан тахмин қилинганидек бўлди – янгилик кулги тўлқинини вужудга келтирди. Фойдаланувчилар автобусга югурганлар жаримага тортиладими ёки пиёдалар учун радарлар ўрнатиладими, деб тахмин қилишмоқда.