- 2013-02-12
Исроил яна мудофаа соҳасида муваффақиятсизликка учради — Эрон томонидан учирилган ракеталар мамлакатнинг энг йирик тиббиёт муассасаларидан бири бўлмиш Сорока тиббиёт марказига келиб тушди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирларда бинога жиддий зарар етгани кўрилади. Шунингдек, баъзи ракеталар Тель-Авив шаҳридаги аҳоли яшаш ҳудудларига ҳам зарба бергани ва кўплаб инсонларнинг жароҳат олгани хабар қилинди.
Маълумотларга кўра, бу тўқнашув Исроил томонидан 7 кун аввал Эроннинг Теҳрон шаҳрига уюштирилган ҳужумга жавобан бошланган ва икки томонлама ҳарбий ҳаракатлар ҳозирча тўхтагани йўқ. Эрон тун давомида Исроилдаги муҳим стратегик нуқталарга ҳужум қилди.
Исроилнинг ҳаво мудофаа тизимлари бу гал ҳам самарасизлик кўрсатди. Эрон ракеталарининг бир қисми мамлакат жанубида жойлашган Сорока шифохонасига келиб тушган. Мазкур муассасанинг вайрона ҳолати акс этган суратлар кенг тарқалди.
Шу билан бирга, Тель-Авивдаги турли тураржой массивлари ҳам зарар кўргани маълум қилинди. Исроилнинг "Қизил Довуд юлдузи" тез тиббий ёрдам хизмати маълумотига кўра, ҳужум натижасида 3 нафар киши оғир, 2 нафари ўртача ва яна 39 нафари енгил даражада тан жароҳати олган.
Эрон томонидан амалга оширилган кейинги ҳужумларда Исроил фонд бозорининг марказий биноси жойлашган Рамат-Ган шаҳри ҳам нишонга олинган. Ҳужумларнинг мамлакат бўйлаб бир вақтда амалга оширилгани эътиборга лойиқ ҳолат сифатида қайд этилмоқда.
Wall Street Journal газетасининг ёзишича, Исроил Эрондан келаётган баллистик ракеталарни йўқ қилиш учун фойдаланаётган "Arrow" мудофаа тизимидаги ракеталар захираси деярли тугаган. Газета манбаларига кўра, АҚШ бу ҳолатдан хабардор бўлиб, Исроилнинг қуриқликда, денгизда ва ҳаводан келадиган таҳдидларга тайёргарлигини кучайтириш бўйича чоралар кўраётгани маълум қилинган.
Washington Post газетаси ҳам ушбу мавзуни ёритар экан, АҚШ манбасига таяниб, агар АҚШ томонидан янги ракеталар етказиб берилмаса ва Эрон ҳужумларини шу суръатда давом эттирса, Исроил фақат 10–12 кун мудофаа қилиш имкониятига эга экани таъкидланган.