Туркистон аэропорти кимга тегишли?


  • 30 Июнь, 2025
  • 22

Маълум бўлишича, Туркистон халқаро аэропорти вилоят ҳокимлигининг коммунал мулки ҳисобланади.

"Ҳозирги кунда ҳокимлик ва 'Alpha Sky' компанияси ўртасида Туркистон халқаро аэропортини ишончли бошқарувга бериш имконияти ва шартлари муҳокама қилинмоқда", — деб маълум қилди расмийлар.

Маълум қилинишича, агар ишончли бошқарув тўғрисидаги шартнома тузилса, аэропорт инфратузилмасини инвестор ҳисобидан кенгайтириш режалаштирилган. Хусусан, қўшимча перрон қурилиши, самолётлар учун тураргоҳлар, меҳмонхона, техник хизмат кўрсатиш учун ангар, ёнилғи-қуйиш мажмуасини кенгайтириш (қўшимча резервуарлар қуриш) ва вақтинчалик сақлаш омборини барпо этиш кўзда тутилган.

"Аэропорт ҳозирги кунда зарар билан ишламоқда, яъни даромадлар харажатларни қопламаяпти. Ишончли бошқарувга топшириш орқали аэропортни 3 йил ичида ўзини ўзи қоплайдиган ҳолатга олиб чиқиш режалаштирилмоқда", — дейилади вилоят ҳокимлиги ахборотида.

Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда Туркистон аэропорти 4 та халқаро (Истанбул, Кувайт, Абу-Даби, Самарқанд) ва 7 та маҳаллий (Астана, Алмати, Ақтўбе, Қарағанда, Қўстанай, Ақтау, Ўрал) йўналишлар бўйича қатновларни амалга оширмоқда. Рейсларни Turkish Airlines, Jazeera Airways, Wizz Air Abu Dhabi, Fly Arystan, Scat ва Qazaq Air авиакомпаниялари бажаради.

Хусусан, 1 майдан бошлаб Qazaq Air авиакомпанияси Туркистондан Самарқандга (Ўзбекистон) ҳафтасига икки марта тўғридан-тўғри рейсларни амалга ошира бошлаган.

"Ушбу йўналишнинг ўзига хос томони шундаки, рейс Астанадан бошланади, Туркистонда икки соатлик тўхташ бўлади ва шундан сўнг Самарқандга учади", — дейилади расмий маълумотда.

Шу билан бирга, вазирлик маълумотига кўра, 5 ой ичида аэропорт орқали йўловчилар оқими 119,8 минг кишини ташкил этди (шундан халқаро — 25,3 минг, ички — 94,5 минг). Вилоят ҳаво ҳудудидан ҳар куни 200 дан ортиқ ҳаво кемаси учиб ўтади. Аэропорт ҳудудида "Очиқ осмон" режими жорий этилган.


Бошқа мақолалар