Ҳиндистонда ҳайдовчилар учун “сюрпризли” кўприк қурилди


  • 4 Июль, 2025
  • 22

Ҳиндистоннинг Мадҳя-Прадеш штатида автомашиналар учун қурилган янги кўприк катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, бу иншоот халқ орасида “тик бурчакли кўприк” деб ном олди. Сабаби — кўприкдаги 90 даражали кескин бурилишдир.

Видеоёзувларда кўринганидек, бурилиш шунчалик кескинки, у компютер ўйинларидаги аркада жанрини эслатади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳазил тариқасида бу жойга “дрифт қилишга рухсат” белгиси ўрнатилиши керакми, деб баҳслашмоқда. Маҳаллий ҳайдовчилар эса айни пайтда ушбу кўприкдан фойдаланмасдан, уни айланиб ўтишни афзал кўрмоқда.

Штат бош вазири Мохан Ядав ижтимоий тармоқ X’даги баёнотида маълум қилишича, хизмат текшируви натижаларига кўра Жамоат ишлари департаментининг икки бош муҳандисини ўз ичига олган саккиз нафар муҳандис ишдан четлатилган.

«Aishbagh ROB кўприги қурилишида жиддий лоқайдликка йўл қўйилгани тўғрисида хабар олгач, мен текширув ўтказишни буюрдим. Унинг натижаларига кўра, саккиз нафар муҳандисга нисбатан тегишли чоралар кўрилди», — деди Ядав.

Мазкур воқеа билан боғлиқ ҳолда яна қўшимча чоралар кўрилди: баҳсли кўприк лойиҳасини ишлаб чиққан пудратчи ташкилот ва лойиҳа бўйича маслаҳатчи компания “қора рўйхат”га киритилди.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимият мазкур иншоотни қайта ишлаш ва техник нуқсонларни бартараф этиш учун махсус комиссия тузганини маълум қилди.


Бошқа мақолалар