- 2015-05-29
Туркияда бир вақтнинг ўзида уч шаҳар — Анталия, Адана ва Адияман ҳокимлари қўлга олинди.
5 июль куни эрталаб Адана шаҳар ҳокими Зейдан Каралар ва Адияман шаҳар ҳокими Абдурахмон Тутдере ҳибсга олинди. Кўп ўтмай, Туркия Республика халқ партияси (РХП) раис ўринбосари Бурҳонеттин Булут Анталия шаҳар ҳокими Мухиттин Бўжек ҳам ушланганини маълум қилди.
Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, қўлга олинган шахсларнинг барчаси мухолифатдаги Республика халқ партияси аъзолари ҳисобланади. Уларга нисбатан коррупцияда иштирок этганлик айблови қўйилган.
Маълумот учун: шу йил март ойида Истанбул шаҳар ҳокими Экрем Имомўғлу ҳам ҳибсга олинган эди. У президентлик сайловларида қатнашиш ниятида бўлган. Имомўғлу ва унинг яқин тарафдорлари коррупция, пора олиш ва мансаб ваколатларини суистеъмол қилишда айбланган эди.
Истанбулда йирик норозилик чиқишларининг олдини олиш мақсадида ҳукумат томонидан намойишларга тақиқ жорий этилди, шаҳарнинг айрим йўлларида ҳаракат чекланди, метро йўналишларининг баъзилари вақтинча ёпилди. Ортидан мамлакат бўйлаб оммавий норозилик акциялари бошланди.
Бундан ташқари, Туркия Бош прокуратураси Имомўғлунинг “бизнес бошқаруви” мутахассислиги бўйича олган дипломининг ҳақиқийлиги ва ҳуқуқий кучини текшириш учун Истанбул университетига расмий сўров юборди. Сабаби, у аввал Қибриснинг шимолида жойлашган олий таълим муассасасида ўқиган, ўша вақтда бу муассаса Туркия томонидан расман тан олинмаган эди. Бу ҳолат унинг дипломига нисбатан қонуний шубҳаларни келтириб чиқарди.
Имомўғлу бу бўйича сўроқ қилинди. 17 март куни Истанбул университети унинг дипломини ҳақиқий эмас, деб топди. Бу қарор унинг президентлик сайловларида иштирок этиш имкониятини жиддий равишда чеклади.
Апрель ойида ОАВда тарқалган хабарларга кўра, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан суд жараёнлари ёз мавсумига қолдирилган.