- 2019-04-04
Буюк Британиянинг Глостершир ҳудудида 10 ёшли Эви Гор тиббиёт оламини ҳайратга соларли тарзда ҳаётга қайтарилди. У икки марта юрак хуружини бошидан кечириб, жами 31 дақиқа давомида юраги тўхтаган. Аммо шифокорлар NASAнинг Марс тадқиқотлари учун ишлаб чиқилган махсус технологияси ёрдамида унинг юрагини қайта ишга туширишга муваффақ бўлишди.
Эви Гор 5 ёшида уйида тўсатдан йиқилиб тушган. Биринчи юрак хуружи пайтида унинг юраги 14 дақиқа ишламай қолган. Иккинчи ҳодиса эса шифохонада содир бўлиб, бу сафар юраги 17 дақиқа давомида тўхтаб қолган. Ҳар икки ҳолатда ҳам шифокорлар уни ҳаётга қайтаришга эришишган.
Онаси Сара Горнинг айтишича:
"Жуда даҳшатли эди. Нима бўлаётганини билмасдик. Хайриятки, биз шифохонада эдик."
Кейинчалик Эвига бир вақтнинг ўзида рестриктив ва гипертрофик кардиомиопатия ташхиси қўйилган. Юракнинг юқоридаги икки камераси орасида қон айланишини енгиллаштириш учун тешик очилган. 2022 йили эса бу тешик NASA томонидан Марс юзасини тадқиқ қилиш учун ишлаб чиқилган нитинол қотишмали махсус қурилма билан ёпиб қўйилган.
Бу қурилма одатда сон қисми орқали катетер билан жойлаштирилади ва вақт ўтиши билан юрак тўқималари унинг устига ўсиб чиқиб, тешикни доимий тарзда ёпиб қўяди. Янги усул классик жарроҳлик операцияларига нисбатан тезроқ ва самарали натижа беради.
Эвининг юраги кўчириб ўтказилмаса, энг кўпи билан беш йил умри қолиши айтилган. Узоқ кутилгандан сўнг, 2022 йил апрелида мос донор топилган ва юрак кўчириб ўтказиш операцияси муваффақиятли ўтган. Операциядан кейин Эви тез орада соғайишни бошлаган.
Сара Гор шундай деди:
"Эви ушбу буюк неъмат туфайли ҳаётини давом эттира олди ва биз буни абадий қадрлаймиз."
Кичкина қизалоқ фақат ҳаётга қайтибгина қолмади, балки мактабида ўтказилган спорт кунида қатнашди, Оксфордда ўтган Британия Трансплантация ўйинларида мусобақалашди. Шунингдек, от минишни ўрганди ва Котсуолдсда саҳна қўйилмасига қатнашди.
Онаси Сара:
"Ҳозир унга қараб, у шунчалик кўп синовларни бошдан кечирганига ишониш қийин. У ажойиб даражада яхши ҳолатда," — дея ҳиссиётлари билан ўртоқлашди.
Эвининг касаллиги шунчалик ноёб эдики, Бристол шифохонасидаги шифокорлар бунга ўхшаш ҳолатга аввал учрамаган. Шу боис АҚШдаги клиникалар билан боғланиб, даволаш жараёни биргаликда шакллантирилган.
Оила аъзолари шундай деди:
"Бу қурилма ва фан туфайли Эви ҳали ҳам биз билан. Донор оиласига минг карра миннатдормиз."