Непалда ижтимоий тармоқ тақиқлари қонли якун топди


  • 9 Сентябрь, 2025
  • 45

Непалда ижтимоий тармоқларга қўйилган тақиқ бутун мамлакатни тинчсизлантирди. Катмандуда ҳукуматнинг 26 та ижтимоий медиа платформасига киришни тақиқлашига қарши ўтказилган намойишларда қон тўкилди. Полиция ва намойишчилар ўртасидаги шиддатли тўқнашувларда камида 16 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ одам яраланди.

Полиция маълумотларига кўра, намойишчилар ҳукуматдан ижтимоий тармоқ тақиқини бекор қилиш ва коррупцияга қарши курашишни талаб қилиб кўчаларга чиққан. Бунга жавобан хавфсизлик кучлари уларга пластик ўқ, кўз ёшартирувчи газ ва сув оқими билан қарши чиқди.

Катманду водийси полицияси расмий вакили Шекхар Ханалнинг айтишича:

«Афсуски, 16 киши ҳалок бўлди. Полиция ходимларини ҳам қўшган ҳолда тахминан 100 киши даволанмоқда», — деди у.

Маълумки, 5 сентябрда Непал ҳукумати TikTok ва Reddit ҳам киритилган 26 та ижтимоий тармоқ платформасига киришни тақиқлаган эди.

Душанба куни Катмандуда тўпланган катта гуруҳлар хавфсизлик кучлари қўйган тўсиқларни бузиб, тақиқланган майдонларга кириб боришди.

Норозилик билдирувчилар ижтимоий тармоқларда сиёсатчилар фарзандларига нисбатан «#NepoKids», «#NepoBaby» ва «#PoliticiansNepoBabyNepal» каби ҳештеглар орқали ўз эътирозларини билдиришди. Постларда сиёсий элита фарзандларининг ҳашаматли турмуш тарзи билан халқнинг оғир иқтисодий аҳволи ўртасидаги фарқ кўрсатилди.

Намойишларда кўтарилган плакатларда шундай иборалар ёзилган эди:

«Раҳбарларнинг болалари Gucci сумкалар билан қайтишади, халқнинг болалари эса тобутларда.»

Непал иқтисодиётида катта ўрин тутувчи муҳожир ишчилар юборган валюта мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тахминан 33 фоизини ташкил этади.

Ҳукумат хавфсизлик чоралари доирасида Непал армиясини Катмандунинг турли нуқталарига жойлаштирди. Шаҳар бўйлаб комендантлик соати эълон қилинди.

Норозилар эса яқин кунларда янада йирик намойишлар ўтказишларини билдирди. Улар танқид йўналтирган сиёсий элита орасида амалдаги бош вазир КП Шарма Оли оиласи, шунингдек, собиқ бош вазирлар Шер Баҳодур Деуба ва Пушпа Камал Дахал атрофидагилар ҳам бор.


Бошқа мақолалар