130 ёшли Хувайдо момо ёши расман тасдиқланди


  • 15 Сентябрь, 2025
  • 18

Ўзбекистон Адлия вазирлиги мамлакатнинг ва эҳтимол бутун дунёдаги энг кексаси ҳисобланган — 130 ёшли Хувайдо Умарова (Тошматова) ёши расман тасдиқланганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Фарғона вилояти Бувайда тумани “Қорақум” маҳалласида яшовчи Умарова 1895 йил 1 январда туғилган. Бу ҳолат суднинг унинг уйида ўтказилган сайёр мажлисида аниқланган.

«Эндиликда Хувайдо момо Умарова расман Ўзбекистондаги энг кекса аёл сифатида тан олинди», — дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ туман адлия бўлими Умарованинг туғилиши ҳеч қаерда расман қайд этилмаганини аниқлаб, судга мурожаат қилган эди. Кўқон шаҳарлараро фуқаролик ишлари бўйича суди мазкур даъвони қаноатлантирди.

Хабарда айтилишича, Умарованинг қариндошлари уни дунёнинг энг кекса аёли сифатида Гиннес рекордлар китобига киритиш учун ариза беришни режалаштирган. Бироқ унга 1999 йилда берилган паспортида туғилган санаси кўрсатилмаган эди.

Ёш расман тасдиқланганидан сўнг, Адлия вазирлиги энди бундай тан олиш имконияти мавжудлигини таъкидлади.

«Ҳодисалар ривожини кузатиб боряпмиз», — деб қўшимча қилди вазирлик.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил август ойида Гиннес рекордлар китоби Британия аёли Этел Катерхэмни дунёдаги энг кекса инсон сифатида эълон қилган эди. Ҳозирда унинг ёши 116 да.

Британиялик аёл серқирра ҳаёт кечирган: 1927 йилда, 18 ёшида у уч ҳафталик саёҳат учун кемага ўзи чиққан ва бу уни янги ҳаётга — Ҳиндистонга олиб борган. Бир неча кундан кейин турмуш қурган, икки қизи бўлган. 1976 йилда эри ва кейинчалик фарзандлари вафот этган.


Бошқа мақолалар