Туркистон вилоятида иккита сув омбори фойдаланишга топширилади


  • 15 Январь, 2026
  • 49

Янги сув омборлари суғориш суви тақчиллигини камайтириш имконини беради.

Туркистон вилояти ҳокимлигида суғориш суви билан боғлиқ вазият ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Вилоят ҳокими суғориш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича топшириқ берди: сув омборларида сувни тўлиқ йиғишни таъминлаш, ариқ ва каналларни тозалашни ўз вақтида якунлаш ҳамда дренаж тизимларини таъмирлаш вазифалари белгиланди. Бундан ташқари, ҳокимликларга деҳқонлар билан суғориш сувини етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш ва сув тежовчи технологияларни татбиқ этиш тавсия қилинди.

Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Файзулла Байдуллаевнинг маълумотларига кўра, Туркистон вилоятида 575 минг гектар суғориладиган ер мавжуд. Ўтган йили суғориш сувининг тасдиқланган лимити 4,6 миллион кубометрни ташкил этган эди. Бироқ, сув камлиги сабабли лимит 3,8 кубометргача қисқартирилди. Таъкидланишича, йиллик сув лимитининг 63 фоизи қўшни давлатлардан оқиб келадиган трансчегаравий дарёлар ҳиссасига тўғри келади. Ҳокимлик хабарига кўра, глобал исиш туфайли ушбу дарёлардаги сув ҳажми йил сайин камайиб бормоқда. Ўтган йили тасдиқланган 3,2 миллиард кубометр лимитдан ҳудуд амалда фақат 2,8 миллиард кубометр сув олган.

Ҳозирги вақтда Туркистон вилоятида 42 та сув омбори мавжуд. Уларнинг умумий сиғими 8,8 миллиард кубометрни ташкил этади. Айни дамда улар 47 фоизга тўлган, бу эса 4 миллиард кубометр демакдир. Масалан, Шардара сув омборида 3,3 миллиард кубометр, Кўксарой сув омборида 567 миллион, Бўген сув омборида эса 169 миллион кубометр сув йиғилган.

Янги сув омборлари сув танқислигини камайтиришга хизмат қилади. Байдибек туманида “Байдибек ота” сув омбори қурилиши 75 фоизга якунланди. Бу 9,7 минг гектар янги суғориладиган ерларни муомалага киритиш имконини беради. Шунингдек, жорий йилда Тўлеби туманидаги “Қорақуис” сув омбори қурилишини якунлаш режалаштирилган. Унинг шарофати билан яна 350 гектар ер суғориш билан қамраб олинади.

Бундан ташқари, яқин йилларда Ўрдабаси туманида “Бўралдай” ва Сауран туманида “Икан-су” сув омборлари қурилиши бошланади. Ушбу лойиҳалар Туркистон шаҳри атрофидаги сув муаммосини ҳал қилишга имкон беради.

Жорий йилда жами 136 миллиард тенгелик 25 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.


Бошқа мақолалар