Covid-19 вакцинаси ҳақида баъзи мишмишлар


  • 7 Декабрь, 2020
  • 395

Коронавирус вакцинаси баъзи ўлкаларда аҳоли истеъмолига чиқарила бошланди. Лекин вакцинага қарши бўлганлар куракда турмайдиган иддаолари билан эпидемиянинг олдини олишдан кўра унинг тарқалишига сабаб бўлишмоқда.

Пандемия бутун ишларни аксига айлантирди. Ижтимоий тармоқларда турлича фитна теориялари айтилмоқда. Олим-мутахассислар бунга қандай жавоб беришмоқда? “BBC” бу борада суриштирув ўтказди. Қуйида ушбу иддаолар ва ҳақиқатларни келтириб ўтамиз:

ДНКмизни ўзгартиришадими?

Ижтимоий тармоқда тарқалган “Вакцина ДНКмизни ўзгартиради” иддаолари уч нафар мустақил эксперт олимдан сўралди. Улар бунга: “Йўқ, ўзгартирмайди” деб жавоб беришди. Британияда ишлаб чиқарилган ва кўпгина давлатлар буртма берган “Pfizer/BioNTech” вакцинаси каби ишлаб чиқарилган вакциналар вируснинг “генетик кўрсатмаларини” ташувчи ахборотли РНКдан фойдаланади.

Ахборотли РНК нима?

Ахборотли РНК ҳужайраларга вирусдагига ўхшаш протеин ишлаб чиқаришни ўргатади. Бу эса иммун тизимининг таъсирини кучайтиради. Ижтимоий тармоқларда май ойида тарқалган видеода ахҳборотли РНК технологияси “ҳали синовдан ўтказилмаганлиги ва тасдиқланмаганлиги” айтилиб, генетик кодларни ўзгартириши иддао этилганди. Ҳеч бир ахборотли РНК тасдиқланмади, лекин ўн минглаб кишиларда синалган вакцина барча синовлардан ўтди. Барча янги вакциналар каби ахборотли РНК ҳам жиддий хавфсизлик синовларидан ўтказилмасдан фойдаланишга чиқарилмайди.

Вакциналарда “эмбрион тўқимасидан” фойдаланилдими?

“Она қорнидаги 3-6 ойлик эмбрионлар аборт қилиниб, баданлари вакцина ишлаб чиқаришда ишлатилганлиги” иддаоси ҳам узоқ вақт шов-шув бўлди. Ушбу мишмиш лабораторияларда ишлаб чиқарилган баъзи ҳужайраларнинг вакцинада фойдаланишига асосланган. Бу ҳужайралар эмбрионик ҳужайларни клонлаш орқали етиштирилади. Лекин 1960 йилда ишлаб чиқилган ушбу технологияда эмбрионлардан фойдаланиш каби ҳолатлар бўлмаган.

Нотўғри ҳисоб

Вакцинага қаршилар “Модомики ўлимлар кам экан, вакцинага ҳожат йўқ” деган фикрда. Исбот тарзида соғайиш даражаси 99,97% эканлиги айтилиб, “Вирус юқтириш, вакцинадан анча хавфсиз” каби аҳмоқона далил келтирилмоқда. Уларнинг янглишаётган жойлари соғайиб кетганларнинг кўрсаткичи нотўғри эканлигидир. Оксфорд университетидан статистика мутахассиси Джейсон Оке: “Инфекция юқтирганларнинг 99%и қутулмоқда. Хавф ёшга кўра турлича бўлмоқда ва узоқ муддат касал ётганларнинг ўлими ҳисобга қўшилмаяпти” деди. Ўлганлардан ташқари интенсив терапиядагилар билан касалликнинг бошланғич симптомларига эга хасталар ҳам унутилмоқда.

“Гейтс ва микрочип” васвасаси

“Билл Гейтс коронавирус билан кураш учун микрочипдан фойдаланади” деган мишмиш эпидемиянинг “миллионлаб одамнинг баданига таъқиб этиладиган микрочип ўрнатилиши учун чиқарилган” каби глобал фитна теориясини келтириб чиқарди. Бунга кўра, одамларнинг вакцина маълумотлари махсус инъекция ёрдамида тери устида сақланади. Иддао “Microsoft” асосчисининг март ойидаги бир интервьюсига боғланмоқда. Манба сифатида эса “Bill-Melinda Gates” фондидаги тадқиқотлар кўрсатилмоқда. Ҳолбуки Гейтс интервьюсида “рақамли сертификатлар” ҳақида сўз юритди. Микрочиплар ҳақида оғиз очмади.


Бошқа мақолалар