- 2013-07-16
Сунъий интеллект меъмордан муҳандисгача, чақирув маркази ходимидан ҳисобчигача,
сценарий муаллифидан сериал актёри ва ҳатто хонандагача ўнлаб касб эгалари учун даҳшатли тушдир. У енга олмаётган ягона соҳа — қўл меҳнати ва усталик талаб қиладиган касблардир.
Сунъий интеллект энди нафақат ишлаб чиқариш, молия ёки медиада, балки ҳаётнинг ҳар бир соҳасида юзлаб касбларга хавф солмоқда. Шундайки, маълум бир мавзуда қўшиқ тузиши сўралган сунъий интеллект ҳам матнни, ҳам мусиқани тайёрлайди, қўшиқни ижро этади ва бу сунъий хонанда миллионлаб марта тингланади.
Айтингчи, сиз бино лойиҳасини тузмоқчисиз; бир неча дақиқада ҳозир бўлади. Хусусий уйингизга ландшафт дизайни керак дейлик. Ландшафт меъмори 300 минг тенге сўрайди. Сунъий интеллект эса ҳеч нарса талаб қилмасдан бир неча сонияда тайёрлаб беради. Чизиқлари билан, қайси ўсимликлар бир-бирига мос, қайси бири қандай иқлим шароитига тўғри келишигача... Ҳатто тош, ўғит, майса харажатлари рўйхати ҳам қўлингизда бўлади.
Вазият шундай экан, бир неча йил олдин фақат технология компанияларининг кун тартибида бўлган сунъий интеллект ҳозирда маркетдан банкка, чақирув марказидан ҳисоб-китоб ишларигача ҳар соҳада ўз ўрнини эгалламоқда. Бу ўзгаришнинг бугун, эртага ва яқин келажакда йўқ қилиши мумкин бўлган касблари ёшларнинг ўқиш танловига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Чақирув марказлари ўз мижозларини сунъий интеллектга топширмоқда, мижозларнинг қониқиши у берадиган жавобга боғлиқ. Маркетларда кассирлар сони камайиб, ўзига-ўзи хизмат кўрсатувчи кассалар кўпаймоқда, ҳужжатлар кириш-чиқиши, захиралар ва эҳтиёжлар сунъий интеллект томонидан қайд этилмоқда.
Суд-ахборот технологиялари мутахассиси профессор доктор Али Мурат Қириқ сунъий интеллектнинг айниқса такрорланадиган, маҳорат талаб қилмайдиган ишларни жуда тез ўз зиммасига олаётганини айтади. Қириқнинг фикрича, ёзиш-чизиш ишлари, оддий лойиҳа тузиш, таржима, дастлабки ҳисоб-китоб каби вазифалар "энг тез ўзгарувчи касблар" орасида. Бироқ, бу манзара тўлиқ салбий эмас.
Қириқ: "Сунъий интеллект хавф эмас, агар тўғри фойдаланилса, инсонни кучайтирувчи воситадир", дея келажак касблари сунъий интеллектдан фойдаланувчилар томонидан шаклланишини таъкидлайди. Туркиядаги сўнгги йиллардаги иш билан таъминлаш маълумотлари ҳам буни тасдиқлайди. Иш эълонлари платформаларида чақирув маркази ва маъмурий ёрдам позицияларида пасайиш кузатилаётган бўлса, рақамли контентни бошқариш, маълумотлар таҳлили, ижтимоий медиа мутахассислиги, электрон тижорат операцияси каби соҳалардаги эълонлар тез кўпаймоқда. Фирмалар "йўқ бўлаётган касблар" ўрнига "ўзгараётган роллар" учун янада малакали ходимларни қидирмоқда.
Дунёда ҳам шунга ўхшаш манзара мавжуд. АҚШ ва Европада кассирлик, оддий ҳисоб-китоб ишлари, котиблик, телефон орқали сотув каби позициялар сўнгги беш йилда энг кўп камайган касблар орасида кўрсатилмоқда. Оғир ва такрорланадиган ишлар сунъий интеллектга ўтказилаётган бир пайтда, инсон меҳнатига ҳали ҳам эҳтиёж бўлган соҳалар — соғлиқни сақлаш, таълим, парвариш хизматлари, таъмирлаш ва тузатиш ишлари алоҳида ажралиб турмоқда. Шу билан бирга, ҳунармандчилик, қўл маҳорати каби юқори қадрланадиган ишларда камайиш эмас, аксинча ўсиш кутилмоқда.
Сунъий интеллектнинг энг кўп таъсир қилиши кутилаётган соҳаларнинг бошида чақирув марказлари келади. Мижозлар тажрибасини бошқариш ва технологиялари уюшмаси (МДЙД) бошқаруви раиси Бану Ҳизли сунъий интеллект деганда биринчи навбатда чақирув марказлари ёдга келишини таъкидлаб: "Сунъий интеллект чақирув марказларини тугатадими? Ҳозирда соҳада сунъий интеллект ҳукмронлиги 6-7 фоиз даражасида. Сунъий интеллект ҳукмронлиги учун ҳали вақт бор", деди.
Ҳизли сунъий интеллектнинг жавоблари истеъмолчини қониқтирмаслигига эътибор қаратиб: "Ҳар 10 та истеъмолчидан 4 таси салбий мижозларга хизмат кўрсатиш тажрибасидаги энг танқидий муаммо сифатида жонли вакил билан боғлана олмасликни кўрсатади, бу эса тўлиқ автоматик тизимлар инсон ўзаро алоқасини ҳали ҳам ўрнини боса олмаслигини кўрсатади. Чақирув марказларида сунъий интеллект ишлатилади, аммо инсонга бўлган эҳтиёж тугамайди", деди.
Сунъий интеллект инсон ўрнини эгаллашга киришган касблар
Чақирув маркази мижозлар вакили;
Кассир;
Маълумот киритиш ходими;
Дастлабки ҳисобчи;
Котиблик / маъмурий ёрдамчи;
Телефон орқали сотув ходими;
Оддий таржима хизматлари;
Мунтазам контент ёзиш;
Техник ёрдам операторлари;
Мунтазам график-дизайн ишлари.
Ўрта муддатда ўрни эгалланадиган касблар:
Ҳисобот ва таҳлил мутахассиси (мунтазам бўлганлари);
Асосий ҳисоб-китоб ва аудит ишлари;
Транспорт назорати ва логистика режаси;
Стандарт ҳуқуқий матнлар тузиш ишлари;
Банк кассаси ва мижозлар билан ишлаш;
Инсон ресурсларида дастлабки танлов ва номзодларни саралаш;
Ўрта даражадаги дастурий таъминотни синаш мутахассислиги;
Медиа ва янгилик матнини тайёрлаш (мунтазам контентлар);
Маркетинг ва реклама оптимализацияси;
Электрон тижорат операцияларининг катта қисми.
Келажакда ўрни эгалланадиган касблар:
Ўрта даражадаги дастурий таъминот ҳосил қилиш (мунтазам кодлаш);
Суғурта экспертлиги ва зарарни баҳолаш;
Молиявий маслаҳатнинг стандарт таҳлил бўлими;
Логистика жўнатиш режаси ва маршрутни оптималлаштириш;
Асосий радиология тасвирларини талқин қилиш;
Транспортни бошқариш ва ташиш режаси;
Ҳуқуқий тадқиқот ва шартнома лойиҳаларини тузиш;
Солиқ аудитларининг автоматлаштирилиши мумкин бўлган қисми;
Банк ишида кредит баҳолаш ва рискни баҳолаш;
Техник сервиснинг дастлабки ташхис жараёнлари;
Лойиҳа бошқарувида дастурий таъминотга асосланган кузатув ва режалаш вазифалари;
Кўчмас мулкни баҳолаш ва бозор таҳлиллари;
Стандарт ўқув материалларини ҳосил қилиш (дарс контентини чиқариш).