1 январдан Қирғизистонда полиэтилен пакетлар тақиқланади


  • 16 Ноябрь, 2026
  • 20

2027 йил 1 январдан бошлаб бутун Қирғизистон бўйлаб полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш, сотиш ва бепул тарқатишга чеклов жорий этилади. Бу ҳақда президент Садир Жапаров Иссиқкўл вилоятида аҳоли билан учрашувда эслатиб ўтди.

Маҳаллий тадбиркор Жапаровга 2023 йилда Иссиқкўл вилоятида полиэтилен пакетлар савдоси тақиқланганидан сўнг йўлга қўйган крафт пакетлар ишлаб чиқариш фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Бироқ тадбиркорнинг бу бизнеси юришмаган.

“Биз ишлаб чиқаришни яқинда, тахминан икки ой олдин бошладик. Қоғоз пакетлар тайёрлаймиз. Фаолиятимиз Иссиқкўл вилоятига йўналтирилган эди. Тушунтириш ишларини олиб бордик, барча дўконларни айланиб чиқяпмиз. Аммо давлат томонидан қатъий назорат бўлмаса... Биринчи ва иккинчи йили ҳамма чекловларга риоя қилди, лекин кейин – билмадим, одамлар Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига чалғиб кетдими ёки бошқа сабаб борми – ҳамма яна целлофан пакетларга ўтиб олди”, деди тадбиркор.

Садир Жапаров Иссиқкўл вилоятидаги чеклов тажриба тариқасида жорий этилганини, икки ойдан сўнг – 2027 йил январидан эса бундай тақиқ бутун Қирғизистон бўйлаб амал қилишини эслатди.

Президент тадбиркорнинг ушбу соҳада тажрибаси бор-йўқлиги билан қизиқди. У икки йил давомида мазкур йўналишни ўрганганини ва Қирғизистонга Хитойдан технология олиб келганини айтди. Жапаров уни шахсан қабул қилишга ва муаммони муҳокама қилишга тайёрлигини, давлат эса бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини билдирди.


Бошқа мақолалар