Россия Туркий давлатлар ташкилотига қўшилмоқдами?


  • 3 Ноябрь, 2026
  • 24

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Россияни Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо қилиш бўйича берган таклифига Кремлдан илк баёнот берилди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Москвага ҳали расмий таклифнома етиб келмаганини, аммо Россиянинг ташкилотга аъзо бўлиши “табиий” ҳол эканини айтди.

Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) раислик Туркияга ўтган Анқарадаги 13-саммитда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан Россияга оид кутилмаган таклиф илгари сурилган эди.

Тўқаев Россияни “ТДТ+” форматига киритишни ёки ташкилотда кузатувчи мақомида иштирок этишини таклиф қилган эди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса журналистларнинг саволларига жавоб бериб, Қозоғистоннинг таклифи бўйича мулоҳаза билдирди.

Россиянинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиши борасида тўхталган Песков ҳали расмий таклиф олишмаганини маълум қилди.

Песков: “Тўғри тушунган бўлсам, ҳеч қандай расмий таклиф ҳақида гап кетмаяпти. Аммо бу масала Астанадаги дўстларимиз билан ўтказиладиган мулоқотларда албатта муҳокама қилинади”, деди.

Песков Россиянинг Туркий давлатлар ташкилотига эҳтимолий аъзолиги ҳақида гапирганда мамлакатда яшовчи туркий халқларга эътибор қаратди:

“Россиянинг тарихий илдизлари жиҳатидан халқлари туркий бўлган бир қатор ҳудудлари мавжуд. Шундай экан, бу, албатта, жуда тушунарли, муносиб ва табиий бўлади”.

Туркий давлатлар ташкилотининг тўлаҳуқуқли аъзолари Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан иборат.

Венгрия, Туркманистон ва Шимолий Кипр Турк Республикаси эса кузатувчи мақомига эга.


Бошқа мақолалар