Туркистон ислом дунёсининг маданий пойтахтига айланади


  • 2 Ноябрь, 2026
  • 14

Туркистон шаҳри 2027 йилда ислом дунёсининг маданий пойтахти мақомини олади. Тегишли қарор Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Фахрий мақомнинг берилиши Қозоғистон учун муҳим воқеа бўлиб, Туркистоннинг бой тарихий ва маданий меросини халқаро майдонда оммалаштириш учун янги имкониятлар очади.

Туркистон туркий ва ислом дунёси тарихида алоҳида ўрин тутади. Шаҳар Марказий Осиёнинг энг йирик маънавий марказларидан бири ва Буюк ипак йўлининг муҳим пункти сифатида машҳур.

Маданий пойтахт йили доирасида маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, маънавий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда тарихий меросни оммалаштиришга қаратилган кенг кўламли халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Хусусан, Туркистонда адабиёт ва тил масалаларига бағишланган Хожа Аҳмад Яссавий номидаги халқаро форум бўлиб ўтади. шунингдек, туркий ва ислом дунёси музейшунос мутахассисларининг учрашуви ҳам кўзда тутилган.

Кутилаётган тадбирлар маданий туризмни ривожлантиришга, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга ҳамда Туркистоннинг минтақадаги маънавий ва маданий марказ сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.

2027 йилда Туркистонга ислом дунёсининг маданий пойтахти мақоми берилиши Қозоғистон тарихий меросининг халқаро миқёсда эътироф этилиши томон яна бир қадам бўлади.


Бошқа мақолалар