- 2021-10-28
АҚШ, Россия ва Хитой президентлари иштирок этадиган халқаро саммит олдидан бутун дунё бўйлаб вирус урушлари кузатилди.
Россия–Украина уруши, Эроннинг ядро қуроли ишлаб чиқариши, Исроилнинг минтақадаги тажовузкор позицияси ва энг муҳими, Форс кўрфазидаги фаоллик учрашувнинг асосий мавзуларидан бири бўлиши кутилмоқда. Сурия ва Фаластиндаги сўнгги воқеалар эса Исроил раҳбариятининг тинчини бузишга етарли бўлди. Тахминларга кўра, учта йирик давлат етакчиси ўтказаётган саммит Яқин Шарқ учун ҳаётий аҳамиятга эга эканини англаган Исроил киберҳужумлар орқали билвосита таҳдид қилмоқда. У танк, милтиқ ва ракеталарни четга суриб, давлатлараро кўзга кўринмас, аммо яширин туннелларда, оптик кабелларда, янада чуқурроқ қаралса, хавфсизлик деворларини ёриб ўтувчи квант технологияси билан жиҳозланган вируслар орқали гўёки очиқдан-очиқ қаршилик кўрсатмоқда.
Исроилнинг таҳдидлари бу билан чекланиб қолмаяпти. “Яқин Шарқни қайта шакллантиришда мени унутсангиз, мамлакатларингизни тартибсизликка гирифтор қиламан”, – деган оҳангда таҳдид солаётган Исроилнинг бу хатти-ҳаракатлари ортида минтақанинг дахлсиз кучига айланиш истаги ётибди. Сўнгги юз йилликнинг “Киберуруш машинаси” деб аталаётган ушбу технология ҳамда АҚШда юз берган авиация инқирозидан тортиб банк тизимининг издан чиқишигача, Испанияда содир бўлган поезд ҳалокатидан тортиб АҚШнинг энг машҳур разведка тузилмаси – Миллий хавфсизлик агентлигининг (NSA) махфий маълумотлари сизиб чиқишигача бўлган кўплаб воқеаларнинг парда ортидаги тафсилотларини сизларга баён қилишга ҳаракат қиламан.
Мавзуни янада чуқурроқ англашингиз учун сизларни 16 йил аввалги Эроннинг Натанз ядровий объектига етакламоқчиман. Ушбу иншоотда ядро қуроли дастури учун уранни бойитиш билан шуғулланган Эрон юқори даражада қўриқланадиган объектда юз берган тўсатдан портлаш оқибатида бу режасидан воз кечишга мажбур бўлган эди. МОССАД агентлари компьютер тармоғига киритишга муваффақ бўлган Stuxnet вируси туфайли содир бўлган портлаш махфий тарзда олиб борилган амалиётнинг фош бўлишига олиб келди. Шундан сўнг Ҳизбуллоҳ раҳбарларига тегишли пейжерларнинг вирус дастурлари орқали масофадан портлатилиши ва энг сўнггида TEI бош директори Маҳмут Фарук Акшиднинг “Хорижий электромобилларни стратегик ҳудудларга киритмаяпмиз. Улардан кузатув ва ҳужум мақсадида фойдаланилиши мумкин”, – деган баёноти эътиборни яна киберҳужумларга қаратди. Батарея ўзакларини ҳаддан ташқари тез ишлатиш орқали портлашга сабаб бўлган Stuxnet вируси орадан 16 йил ўтгач ўзини янгилаб, киберурушларнинг ажралмас воситаларидан бирига айланди.
АҚШда авиация ва банк соҳаси билан бошланган издан чиқишларнинг зарари миллиардлаб долларни ташкил этгани айтилмоқда. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида авиация, қуруқлик, денгиз, коинот ва кибер соҳалардаги лойиҳалари билан танилган, ҳарбий ва тижорий ечимларни таклиф этувчи “L3 Harris” номли технология компанияси ушбу воқеаларга алоқадор экани илгари сурилмоқда. Исроилга яқинлиги ва киберҳужумларга алоқадорлиги гумони билан федерал тергов бошланган мазкур компаниянинг бутун дунё бўйлаб 50 минг нафар ходими бор. Бундан ташқари, Мудофаа вазирлигига қарашли Миллий хавфсизлик агентлигининг (NSA) махфий маълумотлари ошкор бўлиши разведка оламида шок ҳолатини юзага келтирди. Киберурушлар шароитида вирус ниқоби остидаги жосуслик дастурларидан ҳимояланишга уринаётган разведкачилар худди илгаригидек яна қоғоз ва қаламдан иборат анъанавий воситаларга қайтгани айтилмоқда. Юқори хавфсизликка эга компьютер тармоқлари чанг босган архивларга айланиб, электрон почта ўрнини эндиликда ўқилгач йўқ қилинадиган қисқа хатлар ва разведка қайдлари эгаллаётгани таъкидланмоқда. Технологияларнинг шиддат билан ривожланиши, сунъий интеллектнинг қисқа вақт ичида ўз таъсирини кўрсатиши рақамли дунёни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Испанияда содир бўлган ва кўплаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган тезюрар поезд фожиасини ҳам ушбу ҳужумлардан айри ҳолда баҳоламаслик лозим. Мутахассисларнинг фикрича, сигнализация тизимида носозлик келтириб чиқарган ва ҳалокатга сабаб бўлган уланиш киберҳужум вируси оқибатида юзага келгани тахмин қилинмоқда.
Дунёда мисли кўрилмаган тартибсизликка сабаб бўлган киберҳужумлар Туркиянинг ҳам кун тартибида бўлди. Президент Эрдўғон июнь ойида ўтказган йиғилишда киберҳужумларга эътибор қаратиб, зарур чораларни кечиктирмасдан кўриш лозимлигини таъкидлаган эди. Шундан сўнг Олий таълим кенгаши университетлардаги киберхавфсизлик ва сунъий интеллект дастурлари сони ҳамда қабул квоталарини рекорд даражага оширди. Сўнгги уч йил ичида ушбу йўналишларда 81 та янги бўлим шакллантирилиб, киберхавфсизлик ва сунъий интеллект бўйича таълим имкониятлари қарийб етти баробарга кенгайтирилди.