- 2016-03-14
Болгарияда 1 ноябрь куни давлат раҳбари сайловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди ва унда мамлакат
президенти вазифасини бажарувчи Илияна Йотова ғалаба қозонди.
Болгария Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайлов бюллетенлари 100 фоиз санаб чиқилгач, Йотова учун сайловчиларнинг 57,5 фоизи, унинг асосий рақиби – собиқ вақтинчалик бош вазир Андрей Гюров учун эса 39,5 фоизи овоз берган.
Ғарбпараст мухолифат томонидан қўллаб-қувватланган Гюров мағлубиятини тан олди ва Болгарияни “оғир дамлар” кутаётганини таъкидлади.
Расман Болгария МСК сайлов натижаларини 4 ноябрдан кечиктирмасдан эълон қилиши керак. Таъкидланган натижалар тасдиқланса, Йотова Болгария тарихида президент этиб сайланган илк аёл бўлади.
62 ёшли Йотованинг номзодини апрель ойидаги парламент сайловларида мутлоқ кўпчилик овозни қўлга киритган бош вазир Румен Радевнинг “Прогрессив Болгария” партияси қўллаб-қувватлади. Таҳлилчиларнинг фикрича, Йотованинг ғалабаси президентлик лавозимини ҳукмрон россияпараст кўпчилик қўлида сақлаб қолиш имконини беради.
Йотова, Радев каби, Россия билан музокаралар олиб бориш ва Украинадаги урушни дипломатик йўл билан ҳал этиш тарафдори. У, шунингдек, Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишни маъқулламайди ва Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш тарафдори сифатида чиқади.
Шу билан бирга, Йотова Болгариянинг Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзолигини сақлаб қолишни маъқуллайди. У мамлакатнинг европапараст курсини сақлаб қолиши кутилмоқда.
Болгария НАТОга 2004 йилда, Европа Иттифоқига эса 2007 йилда аъзо бўлган. Парламентда мамлакатнинг ғарбпараст курси бўйича кенг якдил фикр мавжудлигига қарамай, Россия билан анъанавий тарихий ва маданий алоқаларга асосланган кенг тарқалган россияпараст кайфиятлар, айниқса, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери жамиятда бўлиниш пайдо қилди.
Болгарияда президентлик лавозими асосан церемониал (расмиятчилик) хусусиятга эга. Давлат раҳбари ижро этувчи ҳокимиятга эга бўлмаса-да ва барча асосий сиёсий қарорлар парламент томонидан тасдиқланиши керак бўлса-да, тўғридан-тўғри сайловлар президентга каттароқ сиёсий нуфуз бағишлайди. Президент қуролли кучларга қўмондонлик қилади, қонунларга вето қўйиши мумкин, халқаро шартномаларни имзолайди ва элчиларни тайинлайди.
Болгарияда президентлар тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан беш йиллик муддатга сайланади ва бу лавозимни кетма-кет икки муддатдан ортиқ эгаллай олмайди.