Марҳумларнинг олтин тишлари ва тақинчоқларини ўғирлашди


  • 6 Февраль, 2026
  • 18

Германияда қабристон ходими ва унинг рафиқаси 2013–2024 йиллар оралиғида марҳумларнинг тишларидан 8 килограмм олтин ҳамда жасадлар билан бирга кўмилган 360 граммдан ортиқ тилла буюмларни ўғирлаб сотишган. 250 минг евро (тахминан 145 миллион тенге) даромад кўрган бу шахслар заргарлик буюмларининг бир қисмини ўзлариникидек тақиб юришгани маълум бўлди.

Германиянинг Фрайбург шаҳридаги шаҳар қабристонлари бошқармаси ходими ва унинг рафиқаси 2019–2024 йиллар давомида жасадлар ёқилишидан олдин марҳумларнинг олтин тишларини ҳамда яқинлари томонидан бирга кўмилиши исталган қимматбаҳо буюмларни ўғирлашда, шунингдек, ўликларни суратга олишда айбланди.

Фрайбург прокуратураси воқеа ошкор бўлганидан кейин ишдан четлатилган ходим иш соатларида ҳам, ишдан ташқари вақтда ҳам ёқиш учун навбат кутаётган жасадларнинг тишларидан олдин қопламаларни, олтин кўприклар ва олтин протезларни суғуриб олганини билдирди. Шунингдек, у марҳумларнинг яқинлари жаноза билан бирга кўмилишини истаган тақинчоқлар, соатлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни ҳам ўғирлаган.

Баёнотда айтилишича, ходим ёқиш учун ўзига топширилган жасадларни суратга олган, уларнинг аврат жойларини тасвирга туширган ва марҳум бўлса-да, шахсий ҳуқуқларни поймол қилган.

Фрайбург прокуратураси томонидан 27 январь куни берилган баёнотда, ходим ва унинг рафиқасига нисбатан “марҳумларга ҳурматсизлик, ўғрилик ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш” айбловлари билан даъво қўзғатилгани билдирилди. Терговга кўра, эр-хотин 5 йил ичида 250 та ҳолатда, жумладан, 50 та ўғрилик ва 21 та пул ювиш ҳолатларида марҳумларнинг тинчини бузганликда айбланмоқда.

Прокуратура жиноят содир этилган саналар 2013 йилдан 2024 йилгача бўлган даврни ўз ичига олишини, бироқ даъво муддати ўтгани сабабли фақат 2019–2024 йиллардаги қилмишлар бўйича айблов эълон қилинганини маълум қилди. Иддаога кўра, гумонланувчи жуфтлик 2013–2024 йиллар оралиғида тишлардан олинган 8 килограммдан ортиқ олтин ва 360 граммдан ортиқ тилла тақинчоқларни сотиш орқали тахминан 250 минг евро даромад топган. Бироқ бунинг 180 минг евроси даъво муддати ўтган 2013–2019 йилларга тўғри келади.

Шунингдек, ходимнинг рафиқаси жиноятларга кўмаклашиш ва 17 та ҳолатда пул ювишда айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, аёл марҳумларнинг олтин тишларини суғуриб олишда эрига ёрдам берган ва ўғрилик пайтида бегоналар халақит бермаслиги учун атрофни кузатиб турган. Ўғирланган буюмларни сотишда ҳам иштирок этган аёл эри ўликлардан ўғирлаган тақинчоқларни ўз буюмидек тақиб юрган.

Фрайбург прокуратурасининг баёнотига кўра, эр-хотин ўғирланган олтин ва тақинчоқларни заргарлик дўконига сотиб, нақд пулга айлантиришган. Вальдкирх шаҳридаги заргарга нисбатан ҳам жиноятга шериклик қилиш ва ноқонуний йўл билан қўлга киритилган буюмларни қабул қилиб, гумонланувчиларнинг ҳашаматли ҳаёт кечиришини молиялаштириш айбловлари қўйилди. Иш Фрайбург вилоят судига юборилган бўлиб, юқори суд даъво очиш-очмаслик бўйича якуний қарорни қабул қилади.


Бошқа мақолалар