- 2013-07-16
Мамлакатнинг етакчи ислоҳотчилари ҳибсга олиниши Эронда янги инқирозга сабаб бўлди.
Вашингтон ва Теҳрон ўртасида музокаралар жараёни давом этаётган бир пайтда, Эрон мухолифат вакилларига нисбатан ҳибслар туфайли яна бир бор алғов-далғов бўлди. Мамлакатнинг таниқли ислоҳотчилари Инқилоб муҳофизлари томонидан ўтказилган бир вақтдаги операциялар натижасида қўлга олинди.
Эронлик тадқиқотчи-фаол Эляр Макуйи: “Ҳозирги операциялардан сўнг мамлакат ичида озод мухолифатчи қолмади. Мамлакатда янги ва янада кенгроқ норозилик намойишлари бошланиши мумкин”, деди.
Бу ва шунга ўхшаш қадамлар Эронга ташқи қамалдан кўра кўпроқ зарар бераётганини таъкидлаган Макуйи шундай баҳо берди: “Инқилобдан кейин Разведка бўлимини қайта тиклаган Иброҳим Асгарзода, ислоҳотчилар етакчиси Озар Мансурий, Ҳусайн Эминзода, Жавод Имом ва қамоқда бўлган Маҳди Каррубийнинг ўғли билан бирга барча мухолифатчилар йиғиб кетилди. Операцияни Инқилоб муҳофизлари амалга оширди. Жамиятда катта обрўга эга бўлган бу шахсларнинг ушланиб, овози ўчирилиши мамлакатга АҚШ-Исроил ракеталаридан кўра кўпроқ зарар етказмоқда. Нозик бўлган мувозанатлар янада заифлашиши мумкин.”
Эронда инқилобнинг 47 йиллиги муносабати билан пойтахт Теҳронда юриш ўтказилди. Мамлакат ижрочи раҳбари, президент Масъуд Пезершкиён: “Биз бўйин эгмаймиз”, — деди.
Панжара ортига ташланганларга қўйилган “ватанига хиёнат” айблови ҳам жуда оғир. Чунки уларнинг баъзилари ўтмишда ҳақиқатан ҳам ўта муҳим лавозимларда ишлаган шахслардир. Ҳозирда давлат тўнтариши ҳақидаги миш-мишлар жиддий равишда айланиб юрибди. Муллалар раҳбарияти мухолифатни бостириш учун ушбу иддаони илгари сураётган бўлса, ислоҳотчилар: “Асосий масала — мамлакат ресурсларининг Яман, Сурия, Ироқ ва Ливанда беҳуда сарфланиши эди”, демоқдалар.
Улар қўшнилар билан муносабатларнинг бу даражада ёмонлашувини “Шиа ҳилоли” орзуси ва қўшни давлатларга режимни экспорт қилиш ҳаваси билан изоҳламоқдалар ва бунда ҳақлидирлар. Режим ҳали ҳам айбни ташқаридан қидиряпти. “Биз қаерда хато қилдик?” деган ўзини-ўзи танқид қилиш билан шуғулланмаяпти. Бу эса инқирозни янада тезлаштирувчи омилдир.
Эрон бўйича мутахассис Хуршид Дингил эса минтақадаги ҳарбий тайёргарлик фавқулодда тус олганига эътибор қаратди: “АҚШ энг кам харажат билан энг самарали натижага эришиш стратегиясини юритмоқда. Бироқ бу инқироз аниқ музокара билан якунланмайди. Томонлар шунчаки вақтдан ютишмоқда. Буни ҳарбий ташишлар ҳақидаги очиқ маълумотларга қараганда ҳам аниқ кўриш мумкин. Ҳозир Европа-Ўрта ер денгизи ва Яқин Шарқ учбурчагида мисли кўрилмаган ҳаво ҳаракатчанлиги мавжуд.”
Теҳрон ва АҚШ-Исроил иттифоқининг ҳарбий режаларини аниқ билмасликларини айтган Хуршид Дингил: “Аммо америкаликлар кўпроқ энергия манбаларига асосланган йўл харитаси бўйича кетмоқдалар. Бу борада Эроннинг жануби – асосий диққат маркази, яъни энергия ресурслари. Харг ва Қешм ўқи бу маънода энг муҳим ҳудудлардир. Эрон баллистик ракеталар масаласида чекинмайди. Ядровий масалада эса ён бериши мумкинлигини кўрсатди. Бироқ Теҳрон режимининг ҳозирги пайтдаги ҳар бир қадами режимнинг емирилишини тезлаштиради. Бу, албатта, бугун-эрта тугайдиган масала эмас. Америкаликларнинг ҳарбий куч тўплаши узоқ муддатли инқирозга мўлжалланган. Дастлаб аниқ нишонли ҳужумлар билан психологик тўсиқни йўқ қиладилар. Кейинчалик кучли қамал даврига ўтилишини ўйлайман. Ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий, ҳам савдо қамали билан Эрон бошқариб бўлмайдиган ҳолатга келтирилади. Сўнгги зарба учун шароит етилишини кутадилар”, деган фикрларни билдирди.