- 2020-04-22
Эрон дастаклаётган шиа Хусий тўдаси аъзолари Яманда тартибсизликларни юзага келтирди. Шу туфайли Араб иттифоқи ишга киришди. Кеча эрталабдан Саудия Арабистон бошчилигидаги 10 ўлка Ходийнинг қонуний ҳукуматини ҳимоя қилиш учун ҳаво операцияларини бошлашди. Ҳаракатнинг бошида эса Саудия Арабистони мудофаа вазири шаҳзода Муҳаммад бин Салмон турибди.
Шиа Хусий тўдаси билан президент Абдурабби Мансур Ходийнинг ҳукумати орасидаги тўқнашувлар сабабли бўлиниш арафасида турган Яманга кутилган ёрдам келди. Январь ойида пойтахт Санани қўлга киритган Хусийлар аввалги кун Ходий “янги пойтахт” деб эълон қилган Аден шаҳрига яқинлашганди. БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳарбий кўмак сўраган Ходийга араб ўлкалари жавоб берди. Саудия Арабистони бошчилигидаги 10 ўлка кеча Яманга ҳаво операциясини амалга оширди. “Қарорли бўрон” номи берилган операцияни шахсан Саудия Арабистони мудофаа вазири шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошқармоқда.
Саудия Арабистони операцияга 100 та қирувчи самолёти билан иштирок этди. Учувчиларнинг 84 нафари АҚШлик эканлиги маълум бўлди. Бирлашган араб амирликлари 30, Баҳрайн 15, Қувайт 15, Қатар 10, Иордания 6, Марокко 6, Судан эса 3 та самолёти билан операцияга қўшилди. Хусийлар ҳам ўз навбатида зенит қуроллари билан жавоб берди. Мисрга оид 4 та ҳарбий кема ҳам Сувайш канали томон йўл олди. Бомбардимонда тинч аҳолидан 25 киши ҳалок бўлди, 40 киши яраланди. Саудия Арабистоннинг АҚШ элчиси Адал ал Жубайр “Ходийнинг қонуний ҳукуматини ҳимоя қилишни мақсад қилиб қўйганмиз” деди. Бунга Эрондан илк жавоб келди. Эрон ташқи ишлари вазири Жавод Зариф “Яманнинг суверенитетига қарши Саудия Арабистони бошчилигидаги операцияни дарҳол тўхтатиш керак” деди. Оқ сарой матбуот котиби Бернадет Михан АҚШ президенти Барак Обаманинг Ямандаги операцияга логистик ва разведка ёрдами беришга ваколат берганини билдирди. “Los Angeles Times” газетасидаги хабарда эса Хусий тўдаси аъзолари Ямандаги АҚШ операциялари билан боғлиқ махфий разведка ҳужжатларини қўлга киритгани айтилди. Хабарга биноан ҳужжатлар эронлик жосусларга топширилган. Хусийлар аввалги кун АҚШ бироз вақт олдин ҳарбий база сифатида қўлланган Адендаги базани босиб олишганди.
Бу операцияни Туркия ва АҚШ давлатлари ҳам қўллаб-қувватлади.
Араб баҳори вақтида Али Абдуллоҳ Солиҳий ҳукумати ағдарилган Яманда ҳам Ал Қоида, ҳам ИШИД таҳликаси бор эди. Лекин Эрон дастак бераётган Хусий тўдасининг пойтахт Санани босиб олиши Яманни алғов-далғов қилиб юборди. Саудия Арабистонининг бунга аралашуви эса “Теҳрон-Риёд жанги”ни кун тартибига келтирди. Чунки Саудия Арабистон ҳалигача Эроннинг Ироқ ва Сурияда қўли борлигига қарши чиқмоқда. Саудия Арабистон билан Эроннинг Ямандаги тўқнашувига асл сабаб эса, Боб-ул-Мандоб бўғози. Риёд Қизил денгизнинг Ҳинд океанига чиқадиган Боб-ул-Мандоб бўғозининг Хусийлар қўлига ўтишининг олдини олмоқчи. Чунки Хусийлар бўғозни қўлга олишса, Эрон араб яриморолининг ғарб тарафидаги денгиз йўлини назоратга олади.
Хусийларнинг ўлкада катта қисмини қўлга киритиши ортидан президент Мансур Ходий Саудия Арабистоннинг пойтахти Риёдга учди. Ходийни Саудия Арабистон мудофаа вазири Амир Муҳаммад ва разведка директори Холид бин Али кутиб олди.
Кўрфаз ўлкаларидан ташкил топган коалиция пойтахт Санани босиб олган Хусийларни бомбалади. Ҳаво операцияси давом этаётганда Саудия Арабистоннинг 150 минг аскари Яман чегарасида келиб тургани маълум бўлди. Покистон ва Мисрнинг ҳам бу ҳаракатга дастак бергани билдирилди.