Тожикистонда мухолифат етакчиси ҳибсга олинди


  • 15 Июнь, 2024
  • 85

Душанбе расмийлари Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раҳбарини ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга тайёргарлик кўрганликда айбламоқда. Бош прокуратура талаби билан парламент қуйи палатаси Усмонзодани депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилди.

Душанбеда 14 июн, жума куни депутат ва мухолифатдаги Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раиси Саиджафар Усмонзода ҳибсга олинди. У ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга тайёргарлик кўрганликда айбланмоқда. Шу мақсадда, терговга кўра, Усмонзода тожик мухолифатининг хориждаги вакиллари билан мулоқот қилган.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси Бош прокуратура талаби билан Усмонзодани депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилди.

Тожикистоннинг “Ховар” миллий ахборот агентлигининг хабар беришича, Бош прокуратура Усмонзодани Тожикистонда фаолияти тақиқланган “Тожикистон Миллий алянси” - хориждаги мухолиф партия ва ҳаракатларни бирлаштирган ташкилот раҳбарлари билан ҳамкорликда, шунингдек, мухолифат билан Тожикистонда давлат ҳокимиятини қўлга киритиш учун олдиндан тил бириктирганликда айбламоқда.

Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмоннинг сўзларига кўра, Усмонзода 2021 йил сентябрида “Миллий алянс” етакчиларидан бири Шарофиддин Гадоев билан музокаралар олиб борган ва у ўз мақсадларини амалга оширишда унга молиявий ёрдам ваъда қилган. Гадоев, прокурорнинг сўзларига кўра, Усмонзодага “мамлакатдаги нуфузли шахсларни жалб қилиш ва митинглар уюштириш учун” 10 миллион доллар ваъда қилган ва “Жамоат Ансоруллоҳ” террорчилик гуруҳининг уч мингдан ортиқ жангариларини хориждан олиб киришни таъминлашини айтган.

Усмонзоданинг ўзи қандай фикрда бўлгани номаълум. Шунингдек, у қандай шароитда ҳибсга олингани, адвокати бор-йўқлиги ҳам ҳозирча аниқлаштирилмаган. Май ойи ўрталарида Демократик партиянинг навбатдан ташқари қурултойида Усмонзода “қониқарсиз ишлагани” учун унинг раислигидан четлаштирилди. Унинг ўрнини партиянинг Душанбедаги бўлимини бошқарган 34 ёшли Шаҳбоз Аброр эгаллади. Усмонзода овоз бериш партия низомига зид бўлганини ва ўзини партия етакчиси деб билишда давом этишини айтди.

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар