- 2015-11-12
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) ўзларига тегишли бўлган бир учувчисиз учиш аппарати
(УУА) уриб туширилганидан сўнг, Эроннинг Қешм ороли ва Горук минтақасидаги ракета ҳамда қуролланган УУА қурилмаларига зарба берди. Эрон эса бунга жавобан Қувайтдаги АҚШ базасини нишонга олди. Қувайт армияси томонидан берилган баёнотда, мамлакатга қаратилган ракета ва УУА ҳужумларига қарши ҳаво мудофаа тизимлари ҳаракатга келгани билдирилди.
АҚШга тегишли бир УУАнинг Эрон томонидан уриб туширилишидан кейин Ўрта Шарқда кескинлик кучайди. АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эронга ҳужум қилди, Эрон эса Қувайтга зарба берди.
CENTCOM дам олиш кунлари Эроннинг Горук шаҳрида ва Қешм оролида жойлашган Эронга тегишли УУАларнинг радар ҳамда буйруқ-назорат марказларига қарши ҳужумлар уюштирилганини маълум қилди.
АҚШга тегишли бўлган MQ-1 типидаги УУА “халқаро сувлар устида парвоз қилаётган вақтда” Эрон томонидан уриб туширилгани сабабли ушбу ҳужумлар амалга оширилганига ишора қилинган баёнотда қуйидаги ибораларга ўрин берилди:
“АҚШ ҳарбий самолётлари ҳам тезкорлик билан жавоб қайтариб, Эрон ҳаво мудофаасини, ердаги назорат станциясини ва минтақавий сувлардан ўтаётган кемалар учун очиқ таҳдид солувчи 2 та УУАни зарарсизлантирди.”
Баёнотда Эронга қилинган ҳужумларда АҚШ кучларидан қурбонлар бўлмагани қайд этилди. Эрон томонидан ҳам жавоб қайтариш кечиктирилмади. Инқилоб муҳофизлари армияси ҳужумларга жавобан Қувайтдаги АҚШ базасини нишонга олди.
Қувайт армиясининг Х ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида берилган баёнотда, ҳаво мудофаа тизимлари УУА ва ракета ҳужумларини қайтаришга ҳаракат қилаётгани ҳақидаги маълумот бўлишилди. Мамлакатда эшитилиши мумкин бўлган портлаш овозлари ҳаво мудофаа тизимларининг ҳужумларни бартараф этаётгани сабабли экани билдирилган баёнотда, фуқаролардан хавфсизлик кўрсатмаларига амал қилишлари сўралди.
Баёнотда ҳужумларнинг манбаси ёки хусусиятига доир батафсил маълумот берилмади. Қувайт расмий ахборот агентлиги (KUNA) эса мамлакатда сирена овозлари эшитилганини хабар қилди.
Эроннинг ярим расмий “Фарс” ахборот агентлигининг Инқилоб муҳофизлари армияси баёнотига таяниб тарқатган хабарига кўра, АҚШ Сирик оролида жойлашган алоқа минорасини нишонга олган.
Инқилоб муҳофизлари армиясининг баёнотида мазкур ҳужумга жавобан, ҳужумнинг бошланиш нуқтаси бўлган ҳаво базаси нишонга олингани ва баъзи нишонлар вайрон қилингани таъкидланди. Баёнотда ҳужумлар давом этадиган бўлса, янада кенг кўламли жавоб берилиши ва бунинг учун масъулият АҚШ зиммасида бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.