- 2020-12-22
Швейцария ватандошлари референдумда ўнг қанот Швейцария халқ партияси (SVP) томонидан
таклиф этилган, мамлакат аҳолиси сонини 10 миллион кишилик даражада чеклаш ташаббусига қарши овоз бердилар.
Бу ҳақда якшанба куни, 14 июнь куни тушдан кейин овоз бериш участкалари ёпилганидан сўнг, мамлакат Федерал статистика бошқармаси томонидан ўтказилган овозларни ҳисоб-китоб қилиш натижалари дарак бермоқда. Дастлабки маълумотлар Швейцария ҳукуматининг расмий веб-сайтида эълон қилинди.
Аҳоли сонини чеклаш таклифини ёки SVP томонидан номланганидек “барқарор ривожланиш ташаббуси”ни швейцарияликларнинг қарийб 45 фоизи қўллаб-қувватлади. Халқнинг тахминан 55 фоизи эса бунга қарши чиқди.
“10 миллионлик Швейцарияга йўқ!” деб номланган ташаббус 2050 йилга қадар мамлакат аҳолиси сонини 10 миллион кишидан паст даражада чеклашга қаратилган эди.
Мамлакатнинг энг йирик парламент партияси томонидан таклиф этилган ушбу чора, партия зарур бўлган 100 минг имзони тўплаганидан кейин овоз беришга қўйилган эди.
SVP вакилларининг таъкидлашича, назорат қилиб бўлмайдиган иммиграция уй-жой, давлат хизматлари, таълим ва атроф-муҳитга ортиқча ва оғир юк (босим) келтириб чиқармоқда.
Швейцария аҳолисининг сони сўнгги йилларда кучли меҳнат бозори туфайли сезиларли даражада ошди. 2025 йилнинг охирида мамлакатда тахминан 9,1 миллион киши истиқомат қилган бўлиб, уларнинг қарийб 27 фоизи Швейцария фуқаролигига эга эмас.
Агар аҳоли сони 9,5 миллион кишидан ошиб кетса, ушбу ташаббус парламентга бошпана бериш ва оилаларни бирлаштиришни чеклаш мажбуриятини юклар эди, аҳоли сони 10 миллионлик чегарага етганида эса Европа Иттифоқи билан эркин ҳаракатланиш тўғрисидаги шартномаларни бекор қилиш талаб этиларди.
Парламентнинг қуйи палатасида энг кўп ўринга (200 тадан 62 тасига) эга бўлган SVP-дан ташқари, референдум ғоясини унинг фракциясига кирувчи ва палатада жами бешта ўринга эга бўлган учта партия ҳам қўллаб-қувватлади. Швейцария парламентидаги қолган барча олтита йирик партия аҳоли сонини чеклашга қарши чиқди.
Швейцария ҳукумати ва йирик бизнес доиралари ушбу ташаббус иқтисодиётга зарар етказиши, миллий фаровонликка путур етказиши ва хавфсизлик соҳасидаги ҳаётий муҳим Европа пактларини (келишувларини) хавф остида қолдириши ҳақида огоҳлантирган эдилар.
Уларнинг сўзларига кўра, бу ташаббус Швейцариянинг гуллаб-яшнашини хавф остига қўйиши мумкин, чунки мамлакат иқтисодиётининг салмоқли қисми - тиббий тадқиқотлар ва қурилишдан тортиб соғлиқни сақлашгача - сезиларли даражада хорижликлар, биринчи навбатда, қўшни Европа Иттифоқи давлатларидан келганларнинг меҳнатига боғлиқдир.