Навбатни осон ўтказиш учун 10 нафар беморни ўлдирган


  • 6 Ноябрь, 2025
  • 23

Германияда 2024 йилда бир эркак ҳамширанинг тунги навбатини осон ўтказиш мақсадида 10 кишини ўлдиргани аниқланди. Суд беморларини кучли дорилар билан ўлдирган шахсни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Германиянинг яқин тарихидаги ҳамширалар томонидан содир этилган қатор қотилликлардан бирида яна қарор чиқди. Аахен ҳудудий суди Шимолий Рейн-Вестфалия штатига қарашли Вюрзелендаги шифохонада 2023 йил декабридан 2024 йил майигача бўлган даврда тунги навбатда ўзини қулай ҳис қилиш учун беморларни ўлдирган ҳамшира устидан чиқарилган қарорни эълон қилди.

Суд ҳайъати 44 ёшли эркак ҳамширани 10 та қотиллик ва 27 та қотилликка уриниш айблари билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суднинг маълумотига кўра, ҳамшира паллиатив (юмшатувчи) бўлимда даволанаётган беморларига уларнинг розилигисиз ва тунги сменада имкон қадар кам иш билан машғул бўлиш мақсадида кучли оғриқ қолдирувчи воситалар билан бирга тинчлантирувчи дорилар берган.

Сўнгги сўз сўралганда, 44 ёшли ҳамшира айбловларни рад этди. Бироқ, Аахен прокуратураси гумонланувчининг ўтган йилларда ҳам шунга ўхшаш жиноятларни содир этган бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, алоҳида тергов иши олиб бораётгани қайд этилди. Суднинг умрбод қамоқ жазоси гумонланувчининг 15 йилдан сўнг муддатидан олдин шартли равишда озод қилинишига тўсқинлик қилди.

Германиянинг яқин тарихида ҳамширалар гумонланувчи сифатида қатнашган энг муҳим қотилликлар серияси Қуйи Саксония штатида содир бўлган. Собиқ ҳамшира Нильс Хёгел 2002–2005 йиллар оралиғида 100 нафар беморни ўлдиришда айбланган ишда 2019 йилда 85 та қотиллик учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Суд жараёнида 43 та ҳодисада айбига иқрор бўлган Хёгел беморларнинг яқинларидан узр сўраган.

Хёгелнинг оғир аҳволдаги беморларга дори юбориб, сўнгра уларни қутқаришга уриниш орқали ҳамкасблари кўзига қаҳрамондек кўринишга ҳаракат қилгани айтилган эди. Шу пайтда беморларнинг аксарияти ҳаётдан кўз юмгани қайд этилган. Хёгел 2015 йилда бошқа бир ишда 2 нафар беморни ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.


Бошқа мақолалар