- 2020-03-06
АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг Транс-Тинч океан ҳамкорлиги келишувидан чиқиши ҳақидаги фармонни имзолади.
Трамп аввалги президент Барак Обаманинг “Дунё иқтисодиётининг қоидаларини фақат Хитой каби ўлкалар тарафидан ёзилишига рухсат бера олмаймиз. Биз ҳам бу қоидаларни ёзадиганлардан бўлишимиз керак” деб ёқлаган Транс-Тинч океан ҳамкорлиги келишувининг АҚШ иқтисодига зарар беришини айтганди.
Транс-Тинч океан ҳамкорлигидаги ўлкалар:
Сингапур, Бруней, Янги Зеландия, Чили, АҚШ, Австралия, Перу, Вьетнам, Малайзия, Мексика, Канада, Япония.
Транс-Тинч океан ҳамкорлиги нима?
Транс-Тинч океан ҳамкорлиги (инглизча: Trans-Pacific Partnership (TPP)) ёки Тарнс-Тинч океан ҳамкорлиги келишуви (Trans Pacific Partnership Agreement (TPPA)) Тинч океани соҳилларида жойлашган 12 ўлка орасида тузилган келишувдир. АҚШ бошчилигида етти йил давомида тайёрланган бу келишув ўтган йил 4 февралда Янги Зеландиянинг Окленд шаҳрида имзоланган бўлиб, бироқ АҚШ конгресси ҳужжатни ратификация қилмаган ва у кучга кирмаган.
Келишув 30 моддадан иборат бўлиб, унда иқтисодий ўсишни ташвиқ қилиш, тариф барьерларини пасайтириш, ишлаб чиқариш ва рақобатни ривожлантириш, яшаш стандартларини кўтариш, аъзо ўлкалардаги қашшоқликни камайтириш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш каби шартлар кўрсатилган.
Трамп президентлик лавозимига киришиши биланоқ АҚШнинг бу келишувдан чиқишига эришишига ваъда берганди. Шу билан бирга Трамп келишувга аъзо давлатлар билан якка тартибда савдо бўйича музокараларни бошлашга чоралар кўрмоқда.