Қозоғистон мактабларида янги фанлар пайдо бўлади


  • 6 Август, 2026
  • 14

Қозоғистон мактабларида сунъий интеллект ривожланишини ҳисобга олган ҳолда янги фанлар пайдо бўлади. Бу ҳақда Маориф вазирлигида маълум қилинди.

Ўзгаришлар доирасида давлат умуммажбурий таълим стандарти, намунавий ўқув режалари ва ўқув дастурлари янгиланди. Шундай қилиб, 1-4-синфлардаги “Рақамли саводхонлик” фани “Рақамли саводхонлик ва сунъий интеллект”, 5-11-синфлардаги “Информатика” эса “Информатика ва сунъий интеллект” деб қайта номланди.

Шу билан бирга, ўзгаришлар фақат янги номлар билан чекланмайди. Фанлар мазмунига сунъий интеллект бўйича бўлимлар ва 43 та янги таълим мақсади киритилган.

“Бугунги кунда ўқувчилар кундалик ҳаётда сунъий интеллект воситаларидан фойдаланмоқдалар. Эндиги вазифа уларни ушбу технологиядан шунчаки фойдаланишга эмас, балки ундан онгли, самарали ва масъулият билан фойдаланишга ўргатишдан иборат” - дея қайд этишди идорада.

1-4-синф ўқувчилари учун “Медиасаводхонлик ва СИ” бўлимида 17 та таълим мақсади кўзда тутилган. Болалар оддий ҳаётий мисоллар ёрдамида сунъий интеллектнинг ишлаш тамойиллари билан таништирилади, шунингдек, рақамли хавфсизлик, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва интернетда масъулиятли хулқ-атворга ўргатилади.

5-9-синфларда 14 та таълим мақсадини ўз ичига олган “Компьютерли фикрлаш ва дастурлаш” ҳамда “Саломатлик, хавфсизлик ва СИ” бўлимлари пайдо бўлади. Ўқувчиларга ўқишда сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш, сўровларни тўғри шакллантириш, нейротармоқлар жавобларини танқидий баҳолаш, шунингдек, киберхавфсизлик ва академик ҳалоллик талабларига риоя қилиш ўргатилади.

10-11-синфлар учун 12 та таълим мақсадини қамраб олган “Маълумотларни бошқариш ва сунъий интеллект” бўлими ишлаб чиқилган. Дастур машинавий ўрганиш, нейрон тармоқлари, маълумотларни таҳлил қилиш ва амалий криптография асосларини ўз ичига олади, шунингдек, ўқувчиларни замонавий СИ тизимларининг ишлаш тамойиллари билан таништиради.

Маориф вазирлигида қайд этилишича, Қозоғистонда мактаб фанларининг мазмуни технологияларнинг жадал ривожланиши, меҳнат бозори талабларининг ўзгариши ва сунъий интеллектнинг ҳаётнинг турли соҳаларига фаол жорий этилиши муносабати билан янгиланмоқда.

Аввалроқ Қосим-Жўмарт Тўқаев “Ўрта таълим тизимига сунъий интеллектни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди. Фармоннинг асосий мақсади - сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши шароитида Қозоғистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш, шунингдек, инсон капиталининг асосий элементи сифатида замонавий, инновацион таълим тизимини шакллантириш учун шарт-шароитлар ҳозирлашдан иборатдир.


Бошқа мақолалар