- 2025-09-19
Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари
Саида Мирзиёевани қабул қилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев Саида Мирзиёеванинг ушбу ташрифи Астана ва Тошкент ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
“Биз Сизнинг ташрифингизни Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун жуда фойдали деб ҳисоблаймиз. Сиёсий тизимларимизда президентлар администрациялари муҳим рол ўйнайди ва мен администрациялар ўртасида фаол ишчи алоқаларни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайман. Биз бир-биримиз билан қанчалик яқин ҳамкорлик қилсак, Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун шунчалик яхши бўлади, чунки Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам қатор кўрсаткичлар бўйича йирик давлатлардир. Мамлакатларимиз ҳозирда ўз ривожланишининг ҳал қилувчи босқичида турибди. Бизга тинчлик ва хавфсизлик керак. Фақат шундай шароитдагина биз ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошира оламиз” деди Президент.
Давлат раҳбари 2026 йил Қозоғистонда Рақамлаштириш ва сунъий интеллект йили деб эълон қилинганини эслатиб ўтди.
“Мен Бухорога қилган амалий ташрифимни катта мамнуният билан эслайман. Биз Ўзбекистоннинг қатор соҳалардаги, жумладан, сунъий интеллектни ривожлантириш, рақамлаштириш борасидаги ютуқларини кўриш имконига эга бўлдик. Дунё шиддат билан сунъий интеллектни ривожлантириш йўналишида илгарилаб бормоқда ва ҳозирги давр билан ҳамқадам бўлишга тайёр туриш лозим” деб таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев.
Давлат раҳбари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ўз самимий тилакларини йўллади.
Саида Мирзиёева учрашув имконияти учун Қосим-Жўмарт Тўқаевга миннатдорчилик билдирди.
“Ўзбекистон президентининг самимий саломини етказиш мен учун катта шараф. Шавкат Миромонович Қозоғистон билан кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга изчил равишда алоҳида аҳамият қаратади. У олий даражадаги барча келишувлар ва қўшма лойиҳаларнинг ижроси боришини алоҳида назорат қилиб бормоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва изчил ривожланиши йўлида биргаликда меҳнат қилмоқда ва бу ўз самарасини бермоқда. Биз биргаликда минтақамиз овозини ягона ва глобал майдонда эшитиладиган қилмоқдамиз. Биз Ўзбекистонда бугунги кунда биродар Қозоғистонда амалга оширилаётган барча ўзгаришларни чин дилдан олқишлаймиз. Қозоғистон - бизнинг ишончли иттифоқчимиз ва биз буни чарчамай такрорлаймиз” деди Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари.
Учрашув давомида икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги шериклигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Икки давлатда амалга оширилаётган тизимли сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар атрофида фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз: ўтган йилнинг кузида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган эди. Давлат раҳбарлари тор доирада музокаралар ўтказдилар, Қозоғистон ва Ўзбекистон Олий давлатлараро кенгашининг йиғилишида иштирок этдилар, шунингдек, қиймати 1,2 миллиард долларлик еттита қўшма лойиҳага старт бердилар.
Бундан ташқари, Мирзиёев Тоқаевни Ўзбекистоннинг олий давлат мукофоти - “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан тақдирлаган эди.
16 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VII Консультатив учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда сўзга чиққан Қозоғистон президенти нодир ер металларини қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни таклиф қилди.