- 2023-11-06
Ўзбекали Жанибеков номидаги Жанубий Қозоғистон педагогика университети археология маркази
экспедицияси Култўбе шаҳарчаси ва Қиличжар мозорлигидаги тадқиқотларнинг навбатдаги босқичини якунлади. Ушбу дала мавсуми олимларга қадимги ёзувнинг янги намуналаридан тортиб, дафн этиш маросимининг нодир буюмларигача бўлган бир қатор ноёб топилмаларни тақдим этди.
Қайд этилишича, ушбу артефактлар нафақат Қанг давлати (Кангюй) ҳақидаги тасаввурларни кенгайтиради, балки Қозоғистон жанубида мавжуд бўлган цивилизациянинг юқори ривожланиш даражасини ҳам тасдиқлайди.
Култўбе шаҳарчасида сопол ва пишган ғишт бўлакларидан иборат йирик платформали иншоот топилди. Тўртбурчак ва трапетсия шаклидаги ғиштлар алоҳида қизиқиш уйғотмоқда, уларнинг баъзиларида қадимги ёзувлар сақланиб қолган. Матнларнинг бир қисми аллақачон шифрдан чиқарилган. Масалан, улардан бири кўчманчилар ерларида шаҳар барпо этилиши билан боғлиқ муҳим геополитик воқеа ҳақида ҳикоя қилади.
Тадқиқотчилар илк бор “чодир одамлари” деган этник номни ҳам учратдилар, улар мутахассисларнинг фикрига кўра, Қанг давлати таркибига кирган кўчманчи қабилаларга тегишлидир.
“Бир йўла 14 та фрагментни топишга муваффақ бўлинди, улар орасида битта деярли тўлиқ матн ва жуда жиддий маълумотга эга бўлган иккита матн бор. Бу, эҳтимол, лингвистик хусусиятга эга бўлган ҳажм жиҳатидан энг жиддий маълумотлардан биридир. Яъни, агар шу йилгача бизда тахминан 80 сатрга расмийлаштирилган 1640-1650 та атрофида белги бўлган бўлса, ҳозир улар қатори аниқ 300-400 та белги ва 15 га яқин сатр билан бойиди” деди университет профессори Александр Подушкин.
Матнларни кўпайтириш учун ўзига хос матрицадан фойдаланилганлик излари ҳам кам бўлмаган муҳим топилма бўлди. Тадқиқотчилар аллақачон терилган ёзувга эга тўртбурчак шакл ёрдамида бажарилган муҳр изини топдилар.
“Бунинг жуда қадимги ўхшашликлари бор, улар Ассурия давлати билан боғлиқ бўлиб, у ерда шоҳлардан бири Ашшурбанапал ўз вассаллари учун ёзма ҳужжатларнинг нусхаларини кўпайтиришни амалиётда қўллаган ва уларни турли томонларга жўнатган” деб тушунтирди Подушкин.
Қиличжар мозорлигида ҳам тадқиқотлар давом этмоқда. Бу ерда археологлар талабалар билан биргаликда тўртта дафн иншоотини очиб ўргандилар. Улардан иккитаси ҳали қадим замонлардаёқ бутунлай талаб кетилган бўлиб чиқди. Бироқ қолган қабрларда муҳим этник ва хронологик хулосалар чиқаришга имкон берувчи артефактлар сақланиб қолган.
“Ўша даврдаги 18-20 ёшли аёл, ёнидан сопол буюмлар, пичоқ ва қурбонлик гўшти топилди. Шунингдек, тилла суви юритилган гагатдан (қора тошдан) ясалган мунчоқ бўлган деб тахмин қиляпмиз” деди университет талабаси Муҳаммадали Алкен.
Топилган мунчоқ доналари қабр камерасининг турли қисмларида жойлашган эди. Бу уларнинг дафн кафанини безаш учун ишлатилганини тахмин қилишга имкон беради. Анъанага кўра, марҳумларни дафн қилишдан олдин матога ўрашган. Бундан ташқари, қабрдан кичик пичоқ ва иккита сопол идиш ҳам топилган.
“Биз Қанг давлати жуда юқори даражадаги моддий ва маънавий маданиятга эга бўлганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Ва бу артефактлар турли этнослар томонидан қолдирилган. Агар ёзув ҳақида гапирадиган бўлсак, мана у қаршингизда турибди, бу шубҳасиз инсониятнинг улкан цивилизацион ютуғидир” деб таъкидлади Подушкин.
Бу каби археологик кашфиётлар Буюк ипак йўлидаги дастлабки йирик сиёсий бирлашмалардан бири Қанг давлати бўлганининг яна бир тасдиғига айланмоқда. У шаҳар маданияти, ҳунармандчилик ва маънавий ҳаётнинг юқори ривожланиш даражаси билан ажралиб турган. Бугунги кунда топилган артефактлар Қозоғистон тарихини чуқурроқ англашга ёрдам беради ва замонавий қозоқ халқи аждодларининг бой меросидан дарак беради.