- 2026-04-07
Венесуэла соғлиқни сақлаш вазири Карлос Альварадо мамлакатдаги зилзилаларда ҳаётдан кўз юмганлар
сони 235 нафарга етганини, 4 минг 300 дан ортиқ киши эса жароҳатланганини маълум қилди. Етарли миқдорда дори-дармон ва тиббий буюмлар захираси мавжудлигини билдирган Альварадо “Ватандошларимиздан илтимосимиз, фавқулодда ҳолатлардан ташқари пайтларда касалхоналарни банд қилмасликларидир” деди.
Венесуэла соғлиқни сақлаш вазири Карлос Альварадо мамлакатга зарба берган 2 та йирик зилзиладан кейинги сўнгги вазият билан ўртоқлашди. Зилзилада ҳаётдан кўз юмганлар сони 235 тага етганини етказган Альварадо 4 минг 300 дан зиёд киши жароҳат олганини қайд этди.
Ла-Гуайра вилояти зилзиладан энг кўп жабр кўрган ҳудуд эканини таъкидлаган Альварадо “Ҳозирги вақтда қўлимизда етарли дори-дармон ва тиббий ашёлар захираси бор, бироқ тирбандликни бошқариш мақсадида логистика тармоғимизни тўлиқ Ла-Гуайра ва Каракас атрофига йўналтирмоқдамиз. Ватандошларимиздан илтимосимиз, фавқулодда вазиятлардан ташқари пайтларда касалхоналарни банд қилмасликларидир” деди.
Беморлар оқими кўплиги сабабли саҳро касалхоналарини ташкил этиш бошланганини тилга олган Альварадо қуйидаги фикрларни билдирди:
“Барча тиббиёт ходимларимиз, шифокорларимиз, ҳамшираларимиз ва тиббиёт олийгоҳлари талабаларига мурожаат қиламан; айни пайтда ҳар бирингизнинг кўмагингизга муҳтожмиз. Жароҳатланганларга тезкорлик билан ёрдам кўрсатиш учун ҳар ким энг яқин тиббиёт марказига етиб бориши лозим. Саҳро касалхоналарини қуришни бошладик. Мақсадимиз - шифохона биноларидаги юкламани камайтириш ва аҳволи оғир бўлмаган беморларни шу ерларда даволаб, жарроҳлик хоналари ҳамда жонлантириш бўлимларини аҳволи оғир зилзила қурбонлари учун ажратишдир.”
ВТВ давлат канали берган хабарга кўра, Венесуэла муваққат давлат президенти Делси Родригес, ички ишлар вазири Диосдадо Кабельо ва Миллий мажлис раиси Хорхе Родригес Ла-Гуайрага ташриф буюрди. Макуто ҳудудида баёнот берган Родригес вайрон бўлган бинолар остидан “имкон қадар кўпроқ инсонни қутқариб қолишни” умид қилаётганларини айтди.
Ла-Гуайра офат ҳудуди деб эълон қилинганини эслатган Родригес “Халқаро ёрдам сўраб мурожаат қилдик, Доминикан Республикасидан йўлга чиққан илк қидирув-қутқарув гуруҳлари қўниш арафасида, яқин соатларда эса бошқа давлатлардан ҳам жамоалар етиб келади” деди.
АҚШ Геология хизмати (USGS) Венесуэлада 39 сония фарқ билан 7,2 ва 7,5 магнитудали 2 та зилзила юз берганини маълум қилган эди.
USGS Венесуэланинг Яракуй вилоятига қарашли Юмаре шаҳридан 23 километр жануби-шарқда 7,5 баллик, худди шу вилоятнинг Сан-Фелипе шаҳридан 24 километр шимоли-шарқда эса 7,2 баллик зилзила содир бўлганини билдирган эди.
Зилзила чуқурлиги Юмареда 10 километрни, Сан-Фелипеда эса 21,9 километрни ташкил этгани ҳақидаги маълумот берилган эди.