- 2013-03-02
Гаити пойтахти Порт-о-Пренснинг шарқида тўда томонидан уюштирилган ҳужумларда 43 киши
ҳаётдан кўз юмди.
Миллий матбуотда тарқалган хабарга кўра, Порт-о-Пренсга қарашли Кенскофф посёлкасида “Viv Ansanm” номли тўда томонидан якшанба куни кечаси қуролли ҳужум уюштирилган.
“Gazette Haiti” ахборот портали мухбири ҳужумчилар посёлка марказини ўз назорати олишга урингани, уйларга ўт қўйгани ва кўплаб одамларни олиб қочганидан кейин Кенскофф кўчаларида 43 та жасадни кўрганини хабар қилди.
Хавфсизлик кучлари тўда ҳужумини қайтарганидан сўнг ҳудуддаги амалиёт давом этаётган бир пайтда, кўча ва хиёбонларда ўққа тутилган жасадлар топилгани билдирилди.
Кенскофф шаҳри мэри Жан Массильон содир бўлган воқеаларни айнан “қирғин” деб атаб, “AlterPresse” агентлигига берган баёнотида маҳаллий органлар жасадларни олиб чиқиб кетиш мақсадида суд-ҳуқуқ органлари билан биргаликда расмий аниқлаш ва текширув ишларини олиб бораётганини таъкидлади.
БМТнинг Гаитидаги интеграциялашган офиси (BINUH) маълумотларига кўра, мамлакатдаги зўравонлик ҳолатлари 2026 йилнинг биринчи чорагида (январ-март) камида 1642 кишининг ўлимига, 745 кишининг эса жароҳатланишига олиб келди.
Ушбу ҳисоботга 29-31 март кунлари Қуйи Артибонит ҳудудидаги 16 та аҳоли пунктида 72 соат ичида 83 киши ўлдирилгани билан боғлиқ оммавий қирғинлар ҳам киритилгани қайд этилмоқда.