Энг кучли паспорт кимники


  • 21 Январь, 2017
  • 1172

АҚШнинг Arton Capital компанияси томонидан тайёрланган янги тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон ватандоши паспортининг бугунги кучи дунёнинг 54та мамлакатига визасиз чиқиш имкониятини беришга етади. У рейтингда 70-ўринни эгаллади.

Бу рейтингда энг кучли деб Германия паспорти тан олинди. У билан жаҳоннинг 158 мамлакатига бемалол саёҳат қилиш мумкин. Бутун дунёнинг энг кучли 2та паспортидан бири деб Швеция ва Сингапур паспортлари эътироф этилди. Бу мамлакатлар гражданлари 157 давлатга ҳеч қандай чекловларсиз боришади.

Паспортнинг кучи бўйича янги рейтингда кучли учликни тўлдирган Дания, Финляндия, Франция, Испания, Швейцария, Норвегия, Буюк Британия ва АҚШ ватандошлари ўзлари истаган пайтда дунёнинг 156 давлатига ҳеч бир қийинчиликсиз ташриф буюришлари мумкин.

Жаҳоннинг 148 мамлакатига боришга изн бериш билан МДҲ давлатлари орасида Эстония паспорти энг кучлиси бўлиб чиқди. Россия ўз паспортининг бугунги қудрати бўйича янги рейтингда жаҳоннинг 200га яқин давлати орасида 43-ўринни эгаллаган. Янги тадқиқот натижаларида россияликлар жаҳоннинг 103 давлатига ҳеч бир бош оғриқларсиз сафар қилишлари маълум бўлди.

Марказий Осиё давлатлари орасида эса куч-қудрат борасида Қозоғистоннинг паспортига етадигани топилмади. Қозоғистонликлар виза машмашаларисиз саёҳат қилишлари мумкин бўлган дунё давлатларининг сони бугун 69тага етган.

Ўзбекистон эса бу борада Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин минтақада учинчи энг яхши кўрсаткични қайд этди. Қирғизистон ахолиси ўз паспортлари билан ўзбекистонликлардан кўра 4тага кўп давлатларга сафар қила олишлари маълум бўлди.

Қўшни Тожикистон янги рейтингда 70-ўринни бўлишиб, паспортнинг бугунги кучи бўйича Ўзбекистон, Кот-д’Ивуар ва Гвинея билан бир хил натижа қайд этди.

Ўзбекистон каби чиқиш визаси амалда бўлган дунёнинг бор-йўғи иккита давлатидан биттаси саналувчи Шимолий Корея эса бу рўйхатда 88-ўринни эгаллаган. Шимолий кореяликлар бугун жаҳоннинг атиги 39 давлатига чиқа олишлари маълум бўлди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, биронта МДҲ давлати паспортининг қудратлилик бобида юқори ўнталикка кира олмаслик баробарида, қуйи ўнликка ҳам тушмаган.

Мутахассислар Ўзбекистонда чиқиш визаси бекор қилинса, бунинг ҳам давлат, ҳам инсонларга фойдаси бўлишини таъкидлашди.

Ватандошларга дунёнинг 23тагина давлатига чиқишга изн бериш билан эса қўшни Афғонистон паспорти жаҳондаги энг кучсиз бўлиб чиқди.

Паспорт кучи рейтинги Халқаро ҳаво транспорти агентлиги (IATA) ва бошқа манбалар маълумотлари асосида тайёрланди. Паспорт кучи деганда паспорт эгасининг дунёнинг қанча мамлакатига визасиз кира олиши назарда тутилади.

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар