- 2016-06-10
Германиядаги Дуйсбург-Хамборн қамоқхонасида сақланаётган 35 ёшли Сербия ватандоши камерасининг
дераза панжараларидан бирини кесиб, 3-қаватдан қочиб кетди.
Германиянинг Дуйсбург шаҳридаги Хамборн қамоқхонасида ақл бовар қилмайдиган қочиш ҳодисаси юз берди.
Германия ахборот агентлигининг (DPA) Шимолий Рейн-Вестфалия Адлия вазирлиги матбуот котибига таяниб хабар беришича, маҳбуснинг қочиши соат 03:20 атрофида содир бўлган.
Қамоқхонанинг 3-қаватидаги камерасида сақланаётган 35 ёшли Сербия ватандоши бўлган маҳбус ички ҳовлига қараган дераза панжараларидан бирини кесиб, деразани куч ишлатиб очган. Ўзи ҳосил қилган тор тирқишдан ташқарига чиққан қочоқ сўнгра томга чиққан.
У ердан қамоқхонанинг ташқи девори орқали пастга тушган маҳбус тун қоронғилигидан фойдаланиб изсиз ғойиб бўлган.
Қочиш ҳодисасидан сўнг камерада ўтказилган текширув чоғида эътиборни тортадиган бир тафсилот юзага чиқди. Маҳбус камера полида яширин бўлинма ҳосил қилгани аниқланди.
Деворга яқин жойлашган бу бўлинма олдинги текширувлар вақтида сезилмагани маълум қилинди. Бўлинма қочоқ томонидан асбобларни яшириш мақсадида фойдаланилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бироқ ўтказилган қидирув пайтида яширин бўлинма ичидан ҳеч қандай асбоб топилмади.
Германия расмийларининг қочоқни қўлга олиш учун бошлаган қидирув ишлари давом этмоқда.
Масъуллар қочоқнинг бўйи тахминан 1,75 метр ва озғин эканини билдиришди. Шунингдек, қочоқнинг ўнг елкасида аёл боши шаклидаги яққол кўриниб турадиган татуировкаси борлиги ҳақидаги маълумот ҳам улашилди.