Эрдўғон БМТ Хавфсизлик кенгашида вето қўйиш ҳуқуқини бекор қилишга чақирди


  • 25 Сентябрь, 2026
  • 16

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон БМТнинг ҳозирги тузилмаси жаҳон ҳамжамияти олдидаги ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаришга қодир эмаслигини таъкидлаб, Хавфсизлик кенгашида вето қўйиш ҳуқуқини бекор қилишга яна бир бор чақирди.

“Бугун биз 190 дан ортиқ мамлакатнинг иродаси бешта давлатнинг вето ҳуқуқи билан чекланадиган БМТ ҳақида гапиряпмиз. Ушбу адолатсиз тузилма глобал барқарорлик ва тинчликни таъминлашга, ўзи томонидан қўйилган асосий тамойилларга риоя қилишга ва инсоният олдидаги ваъдаларини бажаришга қодир эмас. Гап фақат Туркиянинг кўпроқ овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишида эмас, балки Африка, Осиё, Лотин Америкаси, ислом олами, Европа ва қолган барча минтақалар ушбу глобал тизимда ўз тажрибаси ва иродасини ҳисобга олган ҳолда адолатли тарзда тақдим этилишидадир”, деди турк етакчиси Нью-Йоркда.

“Айнан шунинг учун ҳам биз: вето механизмини бекор қилиш керак, демоқдамиз. Келинг, фақат бешта аъзони ҳимоя қиладиган БМТ моделидан барча аъзоларни қамраб олувчи механизмга ўтайлик. Бош Ассамблеяни кучли, таъсирли ва самарали қилайлик. Янги тузилмада сайланган аъзолар ўз вазифаларини муайян муддат давомида бажарадиган, қайта сайланишни хоҳловчилар эса халқаро ҳамжамиятнинг ишончини қайтадан қозониши лозим бўлган янада адолатли тизим бўлиши керак. Жаҳон муаммоларини ҳал қилишни бешта аъзо эмас, балки барча аъзолар таклиф қилиши ва қабул қилиши керак. Чунки энди дунёга янги деворлар эмас, балки янги кўприклар керак...”, деди Эрдўғон.

Унинг таъкидлашича, ҳатто Фаластин президенти Маҳмуд Аббос кетма-кет икки йилдан бери БМТга ташриф буюра олмаётганининг ўзи ҳам халқаро тизимдаги адолатсизлик нақадар чуқурлашганидан далолат беради.

“Бизнинг вазифамиз — адолатсизликка қарши чиқишдир. Ўз номимиздан шуни айта оламизки, ўша вақтдан то шу кунга қадар тарихнинг тўғри томонида турганимиздан ва халқимизнинг шаънига доғ тушириши мумкин бўлган биронта ҳам қадам ташламаганимиздан хурсандмиз. Бугун дунё биз энг бошида айтган нарсага мойил бўлмоқда”, деди Туркия президенти.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Хавфсизлик кенгашида вето қўйиш ҳуқуқига ушбу органнинг бешта доимий аъзоси — Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция эга. Бу давлатлар БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳар қандай мазмунли қарор қабул қилинишини бир томонлама равишда блоклаши мумкин.


Бошқа мақолалар

  • 2018-12-04
OPEC нима?