Дунёдан ажралиб яшаган қабила илк бор кўриниш берди


  • 19 Ноябрь, 2026
  • 13

Бразилиядаги Амазонка тропик ўрмонларида ташқи дунё билан алоқадан қочиб яшайдиган ава халқининг 20 га яқин вакили йиллар ўтиб қишлоқлардан бирида тасвирга олинди. Егулик сўраган маҳаллий аҳоли вакиллари ўрмонга қайтиб кетгани маълум қилинган бўлса-да, айрим болалар ва кексаларнинг саломатлиги хавотир уйғотди.

Бразилиянинг Амазонка тропик ўрмонларида ташқи оламдан узилган ҳолда яшовчи ава қабиласи вакиллари Мараньян штатидаги қишлоқлардан бирининг яқинида пайдо бўлди.

Тахминан 20 кишидан иборат гуруҳ Арарибойя маҳаллий халқлар ҳудуди чегарасидаги гуажажара халқи яшайдиган қишлоққа етиб келган.

Қишлоқ аҳолиси томонидан олинган тасвирларда орасида аёллар ва болалар ҳам бўлган ава вакиллари ўрмон четида кутиб тургани акс этган. Гуруҳдаги эркаклар камон ва узун ўқ-ёйлар кўтариб олгани, айримлари эса маржон тақиб олгани кўринган.

Survival International ташкилоти баёнотига кўра, қабила аъзолари қишлоқ аҳолисидан илдизмевали ўсимлик тури бўлган ямс сўраган. Улар берилган егуликларни олиб, яна ўрмон ичкарисига қайтиб кетган.

Мараньяндаги маҳаллий жамоалар манфаатларини ифода этувчи Coapima ташкилоти гуруҳдаги айрим болалар ва кексалар ҳаддан ташқари озғин кўринганини маълум қилди. Ташкилот ташқи дунё билан алоқаси чекланган жамоалар илгари дуч келмаган юқумли касалликларга нисбатан ҳимоясиз бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бразилиянинг маҳаллий халқлар масалалари бўйича масъул идораси (Funai) гуруҳнинг соғлиғига оид маълумотлар ўрганилаётгани ва вазият яқиндан кузатиб борилаётганини билдирди.

Ава халқи яшайдиган ўрмон ҳудудлари ноқонуний дарахт кесиш, овчилик ва чорвачилик фаолияти туфайли тобора қисқариб бораётган эди. Ҳудуддаги ўрмонларни асраб қолиш учун курашаётган гуажажара жамоаси аъзолари ҳам иқлим ўзгариши, ёнғинлар, ўрмонларнинг кесилиши ва ерларнинг эгаллаб олиниши ава халқининг анъанавий турмуш тарзига таҳдид солаётганини таъкидлади.

Survival International маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 10 та мамлакатда ташқи дунё билан доимий алоқа ўрнатмаган 196 та маҳаллий этник гуруҳ қайд этилган. Ушбу жамоаларнинг аксарияти Амазонка минтақасида истиқомат қилади. Бразилия эса 124 та шундай гуруҳ билан дунёдан ажралиб яшовчи маҳаллий жамоалар энг кўп жойлашган мамлакат сифатида ажралиб туради.


Бошқа мақолалар