Икки катта қўрқув дунёни қамраб олди


  • 30 Март, 2026
  • 11

Эрон билан бўлаётган урушнинг минтақавий тўқнашувга айланиш хавфи ҳамда Ҳурмуз инқирозининг озиқ-овқат ва энергия таъминотига таъсири дунёни саросимага солмоқда. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қаратилган ҳужумлари билан бошланган уруш биринчи ойни ортда қолдирар экан, Американинг қуруқликдаги ҳаракатни амалга ошириш эҳтимоли ортаётгани айтилмоқда.

Пентагон Эронда махсус операция бўлинмалари ва пиёда қўшинларини ўз ичига олган, ҳафталар давом этадиган қуруқликдаги операцияларга тайёрланаётгани, АҚШ Президенти Дональд Трамп эса бу режаларни тасдиқлаш-тасдиқламаслиги ҳали номаълумлиги иддао қилинмоқда. Бу вазиятда минтақадаги кескинлик энг юқори нуқтага чиқди.

Ҳарбий юк самолётлари ва кемалари орқали аввалроқ Эрон атрофида 7 мингдан ортиқ аскарини жойлаштирган АҚШ, охирги бўлиб “USS Tripoli” ҳужум кемаси билан яна 3500 нафар денгиз пиёдасини ҳудудга олиб келди. Ушбу кема аскарлардан ташқари, транспорт ва қирувчи самолётларга ҳам мезбонлик қилиши билдирилди.

“Washington Post” (WP) газетасининг исми очиқланмаган, мавзудан хабардор Оқ уй манбаларига таяниб берган хабарига кўра, Президент Трамп розилик берса, режалаштирилган қуруқликдаги ҳаракат бошланади ва бу ҳафталар давомида давом этади. Мутасаддилар янги режа билан АҚШнинг Эронга қарши ҳужумлари биринчи тўрт ҳафтасига қараганда анча хавфли босқичга ўтилишига диққат қаратмоқдалар.

Америка матбуотидаги бошқа хабарларга кўра, қуруқликдаги ҳаракат натижасида юзлаб аскарлар ҳалок бўлиши мумкин, шу сабабли Трамп ҳали бир қарорга кела олмаяпти. Ўз сайловчилари, жумладан, Америка халқининг 80 фоизи қуруқликдаги урушга қарши экани айтилган хабарларда, аскарлар ўлими кўпайган тақдирда Президент Трампни қўллаб-қувватлаш даражаси 10 фоизгача тушиб кетиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Шу билан бирга, АҚШ Денгиз пиёдалари қўшини томонидан 35 минг захирадаги аскарга мактуб йўлланди. Уруш бошлангани билдирилиб, аскарлардан оилалари билан хайрлашиш сўралган мактубда: “Чўл кийимларингиз тайёрми?” – деб сўралган. Мактубда жумладан шундай дейилади:

“Сиздан тўғридан-тўғри сўрайман: ҳақиқатан ҳам жойлашишга, жанг қилишга ва ғалаба қозонишга тайёрмисиз? Малакангиз ўткирми, стандартларингиз юқорими ва анжомларингиз дарҳол ҳаракатга келишга шайми? Чўл MARPAT формасидан осон фойдалана оласизми, экипировкангиз йиғилган ва чиқишга тайёрми ёки уйингизнинг бир бурчагида турибдими? Оилангиз ишлари тартибдами? Чақирув келганда тайёргарлик шубҳа остига олинмайди, балки мавжуд деб ҳисобланади. Тарих биздан бугун, эртага ва ҳар куни тайёр бўлишни талаб қилмоқда. Уруш бошланди!”

Бошқа томондан, истеъфодаги зобитлар ва стратегия мутахассислари Эрон тупроқларини эгаллаш ҳарбий жиҳатдан мумкинлигини, бироқ у ерда оёқ тираб туриш катта хавф туғдиришини ҳисобламоқдалар. Айниқса, Харк ороли каби кичик ҳудудларда АҚШ аскарлари Эроннинг ракета ва дронлари учун очиқ нишонга айланиб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилди. Мутахассислар: “Оролни эгаллаш қийин эмас, асосий қийинчилик у ердаги одамларингизни ҳимоя қилишда”, – дея эҳтимолий “Вьетнам синдроми” хавфига тўхталдилар.

Эрон Парламенти раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф АҚШ тақдим этган 15 моддали ечим режасини “урушда эришиб бўлмаган натижаларни дипломатия столида қидириш” деб баҳолади. Вашингтоннинг самимий эмаслигини таъкидлаб, АҚШ армиясига нисбатан қатъий огоҳлантиришлар берган Қолибоф шундай деди:

“Душман очиқчасига музокара ва мулоқот хабарларини юбораётган бир пайтда, яширинча қуруқликдаги ҳаракат режаларини тузмоқда. Улар шуни билишмайдики, бизнинг одамларимиз Америка аскарларининг қуруқликка қадам босишини кутмоқда. Оёқ босган заҳоти дунёни уларга тор қиламиз ва минтақадаги шерикларини абадий жазолаймиз. Келинг, АҚШ аскарини оловга отиш учун кутяпмиз. АҚШлик қўмондон ва аскарлар Форс кўрфазида акулаларга ем бўлади. Ракеталаримиз жойида турибди, азмимиз ҳар қачонгидан ҳам кучли.”

Ўрта Шарқдаги геосиёсий ўзгаришлар ва Эрон ёпиб қўйган Ҳурмуз бўғози орқали амалга ошириладиган юк ташишдаги узилишлар глобал ўғит етказиб бериш занжирида техник ва логистик ўзгаришларга олиб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳудуддаги танкерлар қатнови 90 фоизга камайгани глобал озиқ-овқат хавфсизлиги учун “систематик шок” эканидан огоҳлантирди.

Энергия таъминотидаги танқислик ва логистик тўсиқлар ўғит ишлаб чиқарувчи заводларни бирин-кетин ишни тўхтатишга мажбур қилаётган бир пайтда, ҳаддан ташқари ошган харажатлар дунё бўйлаб янги ва янада шиддатли озиқ-овқат инфляцияси тўлқинини қўзғатмоқда.

Шу билан бирга, давлатлар нефть нархи ошиши таъсирига қарши курашиш мақсадида энергия истеъмолини камайтириш чораларини кўра бошладилар:

Мисрда тежамкорлик чоралари доирасида дўконлар эрта ёпилди, кўчалар зулматга бурканди. Ресторан ва чакана савдо дўконлари иш кунлари соат 21:00 да, дам олиш кунлари эса 22:00 да ёпиладиган бўлди.

Австралиянинг икки штатида ёнилғи нархи ва таъминот хавфи туфайли жамоат транспорти бепул бўлиши эълон қилинди. Ватандошларга: “Шахсий автомобилингиз ўрнига жамоат транспортидан фойдаланинг”, – дея чақириқ қилинди.

Буюк Британияда ҳайдовчилардан зарурат бўлмаса, узоқ сафарга чиқмаслик сўралди. Тезлик чегарасини камида 10 километрга тушириш тавсия этилди. Баъзи шаҳарларда автомобилларнинг давлат рақамига қараб навбат билан ҳаракатланиш тартиби жорий этилмоқда.

Ҳиндистонда ресторанлар газ баллонлари тақчиллиги сабабли менюларини ўзгартиришга ёки вақтинча ёпилишга мажбур бўлдилар. Ошхоналарда пишириладиган овқатлардан воз кечиш сўралмоқда.


Бошқа мақолалар