Россияда мактабга қуролли ҳужум


  • 11 Май, 2021
  • 318

Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги мактабга қуролли ҳужум уюштирилди. Ҳужумда 1 нафар ўқитувчи ва 7 нафар ўқувчи ҳалок бўлди.

Жавдат Файзи кўчасидаги 175-мактабга ҳужум эрталабки соатларда юз берди. Мактабнинг 3-қаватидаги бир синфга кириб, ўқувчиларни ўққа тутган 19 ёшли террорист ёлғиз бўлиб, полиция томонидан қўлга олинди.

Татаристон президенти Рустам Минниханов теракт рўй берган мактаб олдида интервью берди. Минниханов “7 нафар ўқувчи ҳалок бўлди. Мактабнинг 3-қаватидаги 8-синфдан 4 та ўғил бола ва 3 қиз бола ўқувчи террорист ўқидан кўз юмди. Энди 12 ўқувчи ва 4 ўқитувчи касалхонада қолмоқда. 19 ёшли террорист қўлга олинди. Бошқа айбдорлар аниқланмади. Тергов давом этмоқда, бу учун бутун кучлар сафарбар қилинган” деди.

Мактабда юз берган теракт сабабли Татаристонда 12 май куни мотам куни деб эълон қилинди. Татаристон бўйича президент қарори билан 12 майда барча мактабларга дам олиш берилди.

Маҳаллий нашрларнга кўра, террорист 19 ёшли Ильназ Галявиев бўлиб, тўрт йил муқаддам ушбу гимназияни тамомлаган, апрель ойида коллеждан ҳайдалган. Бир неча кун муқаддам у телеграм-канал очгани, у ерда ўзини «худо» деб атагани, бугун тонгда «кўп миқдордаги биочиқиндиларни йўқ қилмоқчилиги», кейин ўзини ҳам ўлдириши ҳақида ёзган. Ҳужум уюштирган қурол унинг номига расмийлаштирилган.


Бошқа мақолалар