- 2012-01-22
Жунайд Бағдодий ҳазратларининг кўзларида қаттиқ оғриқ пайдо бўлди. Барчага яхшилик қиладиган, сахийлиги билан машҳур бўлган бир табибни чақиришди. Бу табиб насроний эди. Кўздан кечиргандан кейин “Кўзларингизга асло сув текказманг, сув тегса кўр бўлиб қоласиз” деди. Жунайд Бағдодий ҳазратлари “Кўзларимга сув текказмай, қандай таҳорат оламан?” деганида “Агар кўзларингиз сизга керак бўлса, сув текказмайсиз” деди. Жунайд Бағдодий ҳазратлари таҳорат олиб, намоз ўқиди ва намоздан кейин бироз ухлади. Тушида “Кўзларини Аллоҳ учун, Аллоҳнинг амри бўлган намоз учун фидо этган банданинг кўзларига шифо берамиз” дейилди. Уйғонганида кўзларидаги оғриқ қолмаганди.
Эртасига назорат учун келган табиб кўзларининг бутунлай соғайиб кетганини кўриб, ажабланди. Ҳайратомуз оҳангда “Бундай иллатнинг бир кунда бутунлай йўқолиши тиббиёт тарихида кузатилмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Қандай соғайиб кетди?” деб сўради.
Жунайд Бағдодий ҳазратлари тушини айтиб берди. Табиб дарров эгилиб қўлини ўпиб, имон келтирди: “Аслида хаста сиз эмас, мен эканман. Сизнинг кўзларингиз оғриган бўлса, меники кўр экан. Ҳақиқатни кўролмаган мен эканман” деди.
Ҳикмати илоҳийга қаранг, сахий ва яхшилик қилувчи бир насронийнинг ҳидоятга қовушиши учун Аллоҳу таоло Жунайд Бағдодий ҳазратларининг кўзларига оғриқ беради. Шу тариқа табибнинг ҳидоятига сабаб қилади.