- 2012-04-08
Собиқ Иттифоқ даврида Марказий Осиёдаги жуда кўплаб тарихий аҳамиятга эга қимматбаҳо буюмлар марказга, яъни Москвага олиб кетилган. Айни пайтда ҳам уларнинг аксарияти Россия музейларида сақланмоқда.
Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий мақбарасида асрлар давомида сақланган улкан дошқозон ҳам 1935 йилда Эрмитажга олиб кетилганди.
Оғирлиги 2 тонна, эни 2,5 метрдан иборат бу дошқозон Аҳмад Яссавий мақбарасига туҳфа қилиш мақсадида шахсан Амир Темурнинг буйруғи билан ясалган. 7 хил металл қотишмасидан тайёрланган дошқозонни қуйиш учун Эрондан уста Абдулазиз Табризий чақирилган. Эронлик уста қозонни 1393-1399 йиллари 6 йил мобайнида Туркистоннинг Қарноқ қишлоғида қуйган.
Кейинчалик мазкур қишлоқда муқим яшаб қолган эронлик устанинг авлодлари бугунги кунда боболари билан фахрланади.
Қарноқлик 42 ёшли рассом Шукуржон Разанов ҳам эронлик устанинг авлодларидан.
“Онам шажара бўйича шу эронлик устанинг авлодларидан. Биз дунёга машҳур қозонни боболаримиз қуйганидан фахрланамиз”, - дейди рассом.
Тарихий манбаларга кўра, узоқ йиллар давомида дошқозонда новвот аралаштирилган ширин сув сақланиб, у жума намозларидан кейин муридларга шифобахш сув сифатида тарқатилган.
1935 йилда Совет Иттифоқида Эрон санъати кунлари ўтказилиши муносабати билан дошқозон Эрмитаж музейига олиб кетилади ва шу бўйи қайтарилмайди.
1985 йилда Эркин Жўрабеков Туркистон шаҳри ижроия қўмитаси раислигига сайланади. У дошқозонни қайтариш учун 5 йил мобайнида ҳаракат қилган. Ўзининг айтишича, бу ҳаракатлари учун уни “Дон Кихот” деб мазах қилганлар ҳам бўлган. Дошқозонни қайтариш масаласида СССР маданият ишлари вазири В.Захаровнинг олдига кирганида вазир уни хонасидан ҳайдаб чиқарган.
“Вазир билан айтишиб қолдик. У дошқозон Эрмитажда тургани учун фахрланишим кераклигини айтди. Мен унда Қизил майдондаги сариқ пушкани менга беринг, уни Туркистонга олиб кетай, дедим. Пушканинг ўрнига бу ерда пушка бор эди, ҳозир Туркистонда, деб ёзиб қўйинглар, чунки Аҳмад Яссавий мақбарасидаги қозоннинг ўрнига шундай мазмундаги ёзув бор, деб айтдим. Шу гапларимдан кейин у мени хонасидан ҳайдаб чиқарди. Қозонни қайтариш учун қандай йўл бўлса, қилиб кўрдик. 5 йил давомида ёзмаган жойимиз, мурожаат қилмаган одамимиз қолмади”, - деб эслайди Э.Жўрабеков.
Тинимсиз мурожаатлар, тўхтовсиз ҳаракатлар ниҳоят кутилган самарани берди. 1989 йил 4 июлда СССР маданият ишлари вазирининг дошқозонни Туркистонга қайтариш ҳақидаги 283-буйруғи эълон қилинади. Дошқозонни олиб келиш учун Эркин Жўрабеков бошчилигидаги бир гуруҳ туркистонликлар Эрмитажга йўл олди. Эркин ака россияликларга совға қилиш учун битта юк машинасида Туркистон тарвузидан олиб кетди.
“Бир машина тарвузни тарқатиб бердик. Лекин 5 кун давомида қозонни Эрмитаждан чиқара олмадик. Эшикларга сиғмади. Ўша пайтлари Александр Невзоровнинг “60 секунд” деган кўрсатуви бўларди. Биз қозонни чиқара олмай қийналиб юрганимизни яширинча тасвирга олиб кетибди. Туркистон шаҳри ҳокими қозонини олиб кета олмаяпти, деб мени телевизорда кўрсатишди. 5 кун деганда финлар қозонни деразадан кран билан чиқариб берди. Туркистонга олиб келсак, Яссавий мақбараси олдига халқ тўпланиб турган экан. Одамлар милицияга ҳам қарамай, қозонни бориб кўзларига суртиб, тавоф қилди. Эртасига бир амаллаб қозонни ўз жойига қўйдик”, - дейди Э.Жўрабеков.
Хуллас, 54 йил деганда қозон жойига қайтарилди. Бироқ дошқозон билан бирга олиб кетилган иккита чироғдон ҳали ҳам Эрмитажда сақланади. Э.Жўрабеков кейинги 15 йил мобайнида чироғдонларни қайтаришга кўп уринган. Бироқ ҳозиргача ҳеч қандай натижага эришилгани йўқ.
“Бир умидим президентимиз Нурсултон Назарбоевдан. Агар унинг ёрдамида чироқни олиб келсак, катта худойи қилиб, халққа ош берамиз ва Яссавий бобомизнинг чироғини қайта ёқамиз”, - дейди Эркин ака.