Жазойирнинг алданиши


  • 11 Июль, 2023
  • 415

1939 йили бошланган иккинчи жаҳон урушида Франция сафида туриб жанг қилган жазойирлик ва сенегаллик ватандошлар ўзларига ваъда қилинган озодликка эришиш учун жуда оғир бадал тўлади. Ҳатто Жазойир бугун Африка қитъасидаги мустамлака тарихининг энг қонли намунаси ҳисобланади. Хўш, Франция қора қитъада қандай хунрезликлар қилди? Озодлик курашида нималар бўлди?

Франция бир неча юз йиллардан бери Усмоний империяси қарамоғида бўлган Жазойирни 1830 йили ишғол қилди. Шимолий Африкадаги бошқа мустамлакачилардан фарқли равишда Жазойирни ўз тупроқларига қўшган Париж бу ўлкага бир миллионга яқин француз жўнатиб, у ерда доимий қолишини таъминлади.

1939 йили Германия тарафидан ишғол этилган Франциянинг кўплаб аскарга эҳтиёжи бор эди. Мустақилликни ваъда қилиб иккинчи жаҳон уруши ва бошқа ҳарбий операцияларда Жазойир халқини ҳам ўзлари томонда жанг қилишга кўндирди. Лекин уруш тугагандан кейин Франция ваъдасини бажармади.

1954 йили 1 ноябрда Жазойирнинг мустақиллик учун ташкил қилган миллий озодлик фронти мустақиллик баёнотини эълон қилди ва мустамлакачиларга қарши чиқишга чақирди. Бундан ваҳимага тушган Франция эса Жазойирга кўп сонли аскарларини тўплади.

Миллий озодлик фронти чақириғига кўра, Франциянинг мустамлакачи аскарларига қарши тўрт минг жазойирлик намойишга чиқди. “Йўқолсин мустамлака!” ва “Тенглик талаб қиламиз!” шиорлари билан Францияга норозилик билдирилди. Лекин Франция мустамлака бошқарувининг ушбу намойишга жавоби шиддатли бўлди. Намойиш қонли шаклда бостирилди.

Француз аскарлари томонидан қуролсиз намойишчиларга пулемёт ва замбараклардан ўт очилиб, кўплаб одам ўлдирилди.

Ўлкада ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Баъзи қишлоқларга ҳаво ҳужумлари уюштирилди. Минглаб одам ҳибсга олинди ва судсиз йўқ этилди.

Жазойирда бир неча йиллар давом этган ғайриинсоний урушда тахминан бир ярим миллион жазойирлик ҳаётдан кўз юмди, миллионлаб киши ватанидан кўчиб кетди.

Франция Жазойирга қилганидек иккинчи жаҳон урушида ўз сафида жанг қилган сенегаллик аскарларни ҳам қатл этди.

Ғарбий Африка фронтида жанг қилган сенегаллик аскарлар Франция ҳимояси учун урушга кирдилар. Франция эса исён баҳонаси билан сенегаллик аскарлар жойлашган лагерда қатлиом уюштирди.

Франция узоқ йиллар ўлдирилган аскарлар сонининг 35 нафар эканлигини таъкидлаб келди. 2014 йили ўша вақтдаги президент Франсуа Олланд 70 нафар аскар қатл этилганлигини айтди. Қатл этилган аскарларнинг яқинлари эса камида 400 нафар аскар ўлдирилганини айтишмоқда. Сенегалликлар француз архивларининг очилишини талаб қилсалар ҳам Франция бу борада сукут сақламоқда.


Бошқа мақолалар