Дунё ҳамжамияти учун ўгай Фаластин


  • 25 Май, 2023
  • 240

1947 йил ноябрда БМТ Фаластин ҳудудида араб ва яҳудий давлатларини ташкил этиш ҳақида резолюция қабул қилади. Орадан 5 ой ўтгач Исроил номи билан яҳудийлар давлати тузилади. Бироқ резолюцияни на Фаластиндаги араблар ва на атрофдаги араб давлатлари тан олишмайди. Ўртада уруш бошланади ва араблар енгилади. Ўшандан буён икки ўртадаги можаро давом этмоқда ва Исроил Фаластин ерларини аста-секинлик билан эгаллаб келмоқда.

Яқин тарихда Фаластин халқидай қийналган ва хўрланган халқ бўлмаса керак. 1947 йилда БМТ резолюцияси билан тасдиқланган ва орадан 41 йил ўтиб ташкил этилган бу давлат аҳолиси 76 йилдан буён қўшни Исроил томонидан эзиб келинади.

Ўтган йиллар мобайнида Исроил Фаластиннинг жуда кўп жойларини куч билан тортиб олди. Исроилнинг бу босқинчилик сиёсати бугун ҳам тўхтагани йўқ. Улар ҳозир ҳам Фаластинга тегишли бўлган қайсидир ҳудуддан арабларни қувиб юбориб, у ерда исроилликлар учун турар жойлар қурмоқда.

Гарчи БМТ бир пайтлар қабул қилган резолюциясида Фаластин давлатининг чегараларини аниқ кўрсатиб берган бўлса-да, ҳанузгача бу давлат ўз ерларига эгалик қила олмаяпти.

Бундан ташқари, қанчалик ғалати эшитилмасин, БМТнинг ўзи ҳам бу давлатни ташкилот сафига тўлақонли аъзо қилгани йўқ. Фаластин ҳозирда БМТда фақат кузатувчи мақомига эга.

Ана шу ўринда Исроилнинг фаластинликларга қилаётган зўравонлиги сабаблари бирмунча аён бўлади. Ахир БМТдай ташкилот кўксидан итарган Фаластинни Исроил нега эзғилаб ташламасин?!

Ҳозирги Фаластин ва Исроил давлатлари жойлашган ҳудуд азалдан Фаластин деб аталган. Бир неча аср давомида Усмонийлар империяси таркибида бўлган Фаластин Биринчи жаҳон уруши тугагандан сўнг Британия мустамлакасига айланади. Айрим яҳудийларнинг тарихий ватанига қайтиши ана шунда бошланган.

Кейинчалик, Иккинчи жаҳон уруши пайтида Ҳитлер Германияси томонидан ўтказилган қирғинлардан қочган яҳудийларнинг бир қисми ҳам Фаластинга кўчиб келади. Ўша кезларда бу ерда яшовчи араблар «тарихий ватани»га кўчиб келаётган яҳудийларга умуман қаршилик қилмайди.

Уруш тугагандан кейин ҳам яҳудийлар Фаластинга кўчиб келишда давом этади. Шундан сўнг 1947 йилда БМТ ҳудудда араблар ва яҳудийларнинг давлатини тузиш ҳақида ўз режасини эълон қилади.

Ўшанда БМТга Фаластинда битта давлат тузиш таклифи ҳам берилади. Бироқ ташкилот ягона давлат тузилса яҳудийлар ва араблар ўртасида қирғинбарот бошланиб кетади деган хулосага келади ва таклиф рад этилади.

Яҳудийлар БМТнинг режасига рози бўлишади. Араблар эса Фаластиннинг бўлинишига қарши чиқишади. БМТда 1947 йил 29 ноябрда Фаластинни иккига бўлиш ҳақидаги резолюция қабул қилинди.

Шундан сўнг аҳолининг жойлашувига қараб яҳудийларга 14,1 минг километр квадрат, арабларга эса 11,1 минг километр квадрат ҳудудни бериш ва Фаластин ўрнида иккита давлат тузиш ҳақида қарор қабул қилинади.

БМТ резолюцияси қабул қилингандан салкам олти ой ўтиб, 1948 йил 14 май куни Давид Бен-Гурион томонидан Исроил давлати тузилгани эълон қилинади. Бунга рози бўлмаган Миср, Сурия, Трансиордания (Иорданиянинг ўша пайтдаги номи), Ливан, Ироқ каби араб давлатлари Исроилга бостириб киришади.

Улар Фаластин арабларники бўлиши шарт, яҳудийлар истаган ерларига кетишлари мумкин деган талаб қўйишади. Шу билан бирга Фаластинга чегарадош бўлган юқоридаги давлатлар Фаластин ерлари ўзларига тегишли эканини ҳам даъво қилишади.

Ўша пайтда Исроилнинг ортида Ғарб давлатлари турган эди. Қисқа муддатда улар Исроилни тиш-тирноғигача қуроллантиришади.

Исроил барча ҳужумларни қайтаради ва 1949 йил июлга келиб ўз ҳудудига бостириб кирган араб қўшинларини енгади. Оқибатда урушда ғолиб чиққан Исроил Фаластиннинг 1 300 квадрат километр ҳудудини босиб олади.

Фаластиннинг қолган ҳудудини Миср (Ғазо секторини) ва Иордания (Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Шарқий Қудусни) ўз назоратига олади.

1947-1949 йилларда бўлиб ўтган бу урушни Исроил мустақиллик учун бўлиб ўтган уруш деб атайди. Араблар уни Нақба – Фалокат деб аташади. Айнан мана шу урушдан сўнг Фаластин халқининг фожиаси бошланади.

Аксарият тарихчилар 1947 йилда араб давлатларининг Исроилга бостириб кириши хатолик бўлганини айтади. Уларнинг фикрича, араб давлатлари Исроилга бостириб кирмасдан Фаластин давлатининг шаклланишида, БМТ белгилаб берган чегараларини ўрнатишда ва бошқа ишларда ёрдам берганда ҳолат бошқачароқ кечиши ҳам мумкин эди.

Шошмашошарлик билан Исроилга ҳужум қилиниши ва мағлубиятдан кейин ҳам қўшни араб давлатларининг Фаластинга ёрдам бериш ўрнига унинг ҳудудини ўз назоратига олиши масалани чигаллаштириб юборади.

Биринчи урушдан сўнг Исроил дунёнинг турли бурчакларидан келаётган яҳудийларни қабул қилишда давом этади ва давлатчилигини мустаҳкамлайди.

Араб давлатларининг аксариятида ҳокимият алмашади Британия ёки Франция билан яхши алоқаларда бўлган эски ҳукмдорлар ўрнига ёшлари келади.

Шундан сўнг араб давлатларининг айримларини капиталистик дунёдан кўра социализм «устуни» бўлган СССР билан яхши алоқа ўрнатишга уринган раҳбарлар бошқара бошлайди.

Жумладан, ҳарбий таълимни СССРда олган Миср президенти Жамол Абдул Носир (1918-1970) ва Сурия раҳбари Ҳафиз Асад (1930-2000) советлар билан дўстона алоқада эди.

Жамол Носир Миср раҳбари бўлар экан, Исроилнинг босқинчилик сиёсатини кескин танқид қила бошлайди. Ўшанда у «Империализм қўрғони бўлган Исроил денгизга чўктирилади», деб чиқади.

1967 йил баҳорда Миср ва Сурия Исроил билан чегараларига кўп сонли ҳарбийларини тўплай бошлайди. Исроил буни ҳужумга тайёргарлик деб ҳисоблайди ва ўша йили 5 июн куни огоҳлантирувчи зарба беради. Шу тариқа биринчи урушдан роса йигирма йил ўтиб яна Араб-Исроил уруши бошланади.

Биринчи урушдан фарқли равишда бу уруш узоқ давом этмайди. Исроил олти кун ичида араб коалициясининг ҳарбий-ҳаво кучларини яксон қилиб ташлайди. Шу сабабли бу уруш тарихга «Олти кунлик уруш» номи билан киради.

Шундан сўнг Исроил 1949 йилдан буён Иорданияга тегишли бўлган Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи, Миср назоратида бўлган Ғазо сектори ва Синай яримороли, Суриянинг Жўлан тепаликлари ҳамда Шарқий Қудусни ҳам эгаллайди.

1967 йилги Олти кунлик урушни араблар Нақса — Такрор деб аташади. Бу сафарги мағлубият олдингисидан ҳам аламлироқ бўлади. Яна юз минглаб фаластинлик араблар уй-жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлади.

Бу урушда Исроил бор-йўғи 800 нафарга яқин ҳарбийларини йўқотади. Араб давлатлари эса 15 мингга яқин аскаридан айрилади. Бундан ташқари, Исроил босиб олинган Фаластин ерлари ҳисобидан ўз ҳудудини урушгача бўлган даврга нисбатан уч бараварга кенгайтириб олади.

Фаластин иккига бўлингандан бошлаб Исроилга теккан ҳудудда яшовчи араблар унинг ҳудудини тарк эта бошлайди ва қочоқларга айланади. Шунингдек, иккита урушдан сўнг Исроил томонидан босиб олинган ҳудудлардаги араблар ҳам қочоқларга айланишади.

1967 йилда бўлиб ўтган урушдан сўнг Исроил ҳатто Мисрга тегишли бўлган Синай яриморолини ҳам босиб олади.

Кейинчалик қабул қилинган БМТ резолюциясига мувофиқ, ўшанда Исроил ўзига теккан ҳудудда яшовчи араб қочоқларига уйларига қайтишларига рухсат бериши ёки уларга товон тўлаши керак эди.

Бироқ яҳудийлар давлати бундан бош тортади ва ҳанузгача шу масала ҳам мавҳумлигича қолиб келяпти.

Бугун миллионлаб араблар Исроилдан ўз ерларини даъво қилишади. Бироқ ўзини яҳудий халқининг миллий ўчоғи деб ҳисоблайдиган Исроил бу даъволарни рад этади ва араб қочоқларни ўз ҳудудига киритмоқчи эмас.

БМТнинг 1947 йилдаги резолюциясида тарихий жиҳатдан мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар учун муҳим бўлган Қудус халқаро мандат назоратидаги ҳудуд деб эълон қилинади. Ўшанда амалда шаҳарнинг шарқий қисми араблар назоратида қолади.

Бироқ Исроил БМТ резолюциясини тан олмайди ва Олти кунлик урушда ғалаба қозонгач шаҳарни тўлиқ эгаллайди. 1980 йилда эса Қудусни ўзининг ягона ва бўлинмас пойтахти деб эълон қилади.

Сўнгги йилларда бир қатор давлатлар ўз элчихонасини Тел-Авив шаҳридан Қудусга кўчириши можароларни баттар кучайтиряпти.

Жумладан, 2017 йилда АҚШ президенти Доналд Трампнинг АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қудусга кўчиришга қарор қилгани оммавий намойишлар ва ўнлаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлганди.

Шунингдек, АҚШнинг яқин иттифоқчилари бўлган аксарият Ғарб давлатлари ҳам бирин-кетин ўз пойтахтини Тел-Авивдан Қудусга кўчирган. Бу жараён ҳануз давом этмоқда.

Исроил билан ўтказиладиган музокараларда Фаластин 1967 йилгача бўлган чегараларга қайтиш, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Ғазо секторини Фаластин давлати ҳудуди деб тан олишни талаб қилиб келади.

Бироқ Исроил бунга кўнмайди. 1967 йилгача Қудуснинг шарқий қисми араблар назоратида бўлган. Шу сабабли Исроил 1967 йилгача бўлган чегараларга қайтиб, Қудуснинг бир қисмини арабларга бермоқчи эмас.

Юқорида 1948 йилда бир нечта араб давлатларининг Фаластин давлатини шакллантириш ўрнига унинг ерларига даъвогар сифатида Исроилга бостириб кириши нотўғри бўлгани ҳақида ёзилди.

Араб давлатлари кейин ҳам Фаластинга панд беришда давом этишди. Жумладан 1967 йилда бўлиб ўтган Олти кунлик урушни ҳам араблар бошлашди, охир-оқибат Фаластин жабр кўриб яна бир қисм еридан айрилди.

Тарихчиларнинг фикрига кўра, бир нечта араб давлатлари азалдан ҳанузгача ўзини Фаластин ҳимоячиси қилиб кўрсатса-да, аслида улар ўз манфаатлари учун ҳаракат қилган.

Айниқса антиисроил фронти қатнашчилари бўлган Миср, Иордания ва Сурия шу йўлдан кетишган.

Тарихчилар юқоридаги давлатлар ўз манфаатларини «араб бирлиги» ва «фаластинликларни қўллаб-қувватлаш» каби баландпарвоз баёнотлар билан ниқоблашмоқда деб ҳисоблашади.

1964 йилда Фаластин озодлик ташкилоти (ФОТ) тузилгани эълон қилинади. Бу ташкилот Фаластиннинг ўзида ва унга қўшни Иордания, Ливан, Сурия ва Миср каби давлатлардан туриб Исроилга қарши партизанлик ҳужумлари уюштира бошлайди.

Оқибатда Исроил ФОТ ҳужумларига жавоб қайтариш асносида юқоридаги давлатлар ҳудудларига ҳам зарба беради. Бу уларда Исроил билан жиддий ҳарбий тўқнашув хавотирини уйғотади.

Шу сабабли аввалига фаластинликларни қўллаб-қувватлашини билдирган қўшнилар бироз ўтиб улардан «воз кеча бошлашади». Жумладан, 1970 йилда ФОТ ва Иордания ўртасида келишмовчилик юзага келади.

Шундан сўнг Иордания ўз ҳудудидаги ФОТга бўйсунадиган фаластинлик қуролли гуруҳларнинг барчасини қувиб чиқаради. Шу аснода икки ўртада қуролли можаро ҳам келиб чиқади ва Иордания ҳарбийлари бир неча минг нафар фаланстинликни ўлдиришади. Шундан сўнг фаластинликлар Ливанга кўчиб ўтишга мажбур бўлишади.

Ўша пайтларда араб давлатларининг биронтаси Исроил билан дипломатик алоқаларга эга эмасди. Бу бирдамликни биринчи бўлиб Миср бузади. 1970 йилда Жамол Абдул Носир вафот этади ва Анвар Садат Мисрга раҳбар бўлади.

1973 йилда навбатдаги Араб-Исроил урушида араб коалицияси яна мағлубиятга учрайди. Шундан сўнг Анвар Садат Исроил билан тинчлик бўйича музокаралар ўтказа бошлайди.

Шу тариқа Анвар Садат араб давлатларининг Исроилни тан олмаслик бўйича бирлигини бузади. Унинг бу иши араб дунёсининг кескин норозилигига сабаб бўлади. Охир-оқибат Анвар Садат 1981 йилда ўлдирилади.

1979 йилда АҚШ президенти Жимми Картер воситачилигида Миср ҳамда Исроил ўртасида тинчлик сулҳи имзоланади ва дипломатик муносабатлар ўрнатилади.

Кейинчалик, Исроил билан жуда катта ҳудудда чегарадош бўлган Иордания ҳам шу йўлни тутади. Аввалига Исроил билан тинчлик сулҳини имзолайди. Сўнг дипломатик алоқалар ўрнатади.

Шундан сўнг ФОТ олдида Исроил билан келишувларга боришдан ўзга чора қолмайди. 1988 йилда ФОТ раҳбари Ёсир Арофат БМТда сўзлаган нутқида терроризмни қоралашини ва ташкилот бундан буён Исроилни тан олишини маълум қилади.

Шундан сўнг Фаластин ва Исроил ўртасида АҚШ воситачилигида бир неча марта музокаралар ўтказилади. Бироқ бу музокаралардан Фаластин миллий маъмурият мақомини олганини айтмаганда айтарли ҳеч қандай наф бўлмайди.

1990-йиллар бошларида Исроилнинг ўша пайтдаги раҳбари Исҳоқ Рабин ва Ёсир Арофат ўртасида бир неча марта музокаралар ўтказилади ва бир нечта келишувларга эришилади.

Жумладан илк бор Фаластин миллий маъмурияти ва ҳукумати ташкил этилади. Ғазо сектори ва ғарбий соҳилнинг кичик қисми Фаластиннинг маъмурий назоратига ўтади. Шу билан бирга, ташқи чегаралар назорати Исроил назоратида қолади.

Исҳоқ Рабин ва Ёсир Арофат ўртасида ўтказилган музокараларда мустақиллик ҳақида гап йўқ эди. Бу мавзу кейинги музокараларда муҳокама қилиниши керак эди.

Бироқ 1995 йилда Иордания билан тинчлик келишуви имзолаган ва фаластинликлар билан сулҳ тузишга йўл очган Ицхак Рабин исроиллик қотил томонидан отиб ўлдирилади. Шундан сўнг Фаластин ва Исроил ўртасидаги сулҳга эришиш ҳақидаги битим иккинчи даражага тушиб қолади.

Исҳоқ Рабиннинг ўлимидан сўнг ҳам ярашув жараёни давом эттирилади. Бироқ улар ҳам натижасиз тугайди. Жумладан, 2000 йилда Ёсир Арофат ва Исроилнинг янги бош вазири Эҳуд Барак АҚШ президенти Билл Клинтон воситачилигида АҚШдаги Кемп-Дэвидда музокаралар ўтказишади.

Бу музокараларда тўлақонли Фаластин давлати ташкил этиш ҳақидаги шартнома ҳам имзоланиши кутилганди. Бироқ бундай бўлмайди. Музокараларда Ёсир Арофат талаб қилган аксарият бандлар, жумладан Шарқий Қудусни Фаластинга бериш, фаластинлик қочоқларни уйларига қайтариш, Фаластин ҳудудидан Исроил қўшинларини олиб чиқиш кабилар рад этилади. Оқибатда музокаралар натижасиз тугайди.

Ўшанда Эҳуд Барак тинчлик келишуви имзоланмагани учун Ёсир Арофатни айблайди. Арофат ўзини музокара ўтказиш учун келишга Барак ва Клинтон мажбурлаганини таъкидлайди.

2000 йилдан сўнг Исроил ва Фаластин ўртасида тинчликка эришиш истиқболи тобора узоқлаша бошлади. Орада Исҳоқ Рабиндан сўнг Исроил бош вазири бўлган Ариэл Шарон 2005 йилда Фаластин ва Исроил ўртасида «бир томонлама ажралиш» режасини эълон қилади.

У режа доирасида Ғазо секторига ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш имконини беради. Сектордан Исроил ҳарбийларини олиб чиқади. Яҳудийлар томонидан ноқонуний қурилган яшаш масканларини буздиради.

Бироқ барчаси Ғазода ҲАМАС ҳаракати ФОТ вакилларини сиқиб чиқариб ҳукумат тепасига келгач барбод бўлади. Ўшанда ҲАМАС томонидан Исроилга ракета зарбалари берилади. Шундан сўнг Шарон ўз режасини амалга оширишни тўхтатади ва Ғазо секторига иқтисодий қамал жорий этилди.

Фаластин озодлик ташкилоти ва Фаластин миллий маъмуриятининг биринчи раиси, узоқ йиллар давомида Фаластин мустақиллиги учун курашган Ёсир Арофат 2004 йилда 75 ёшида вафот этди.

Шундан сўнг Маҳмуд Аббос маъмурият раиси бўлади. Бироқ Фаластин бошқаруви Маҳмуд Аббосга ўтгач Ёсир Арофат давридаги бирлик кучсизланади.

Жумладан, Ғазо секторида ҲАМАС ташкилоти ҳукмронга айланади ва бу Фаластиннинг кучсизланишига олиб келади.

Ўшандан буён ҲАМАС жангарилари тез-тез Ғазо секторидан Исроилга ракета зарбалари беради. Ўз навбатида Исроил бундай ҳужумларга жавобан Ғазо секторини авиация ёрдамида бомбардимон қилади.

Айрим ҳолларда ҲАМАС раҳбарлари Маҳмуд Аббос ва унинг маъмурияти билан ҳам турли келишмовчиликларга борган пайтлари бўлган.

Исроил Ғазо секторидаги ҲАМАС ҳаракатига зарба бериш учун 2008, 2012 ва 2014 йилларда у марта ҳарбий операция ўтказади. Бу ҳам Фаластин ва Исроил ўртасидаги кескинликни баттар кучайтиради.

Сўнги йилларда фаластинликлар орасида муросага рози бўлмайдиган ҲАМАС ҳаракати оммалашмоқда. Бундан фойдаланган ҲАМАС Ғазо секторида ҳукмрон бўлгач ўз ҳукуматини жорий этади. Шу тариқа Фаластин иккига ажралади: Ғазони ҲАМАС, ғарбий қирғоқдаги ҳудудни ФОТ бошқармоқда.

Сўнгги йилларда Исроил Фаластиннинг ғарбий қирғоқдаги ҳудудларида фаластинликларни қувиб чиқариб, яҳудий аҳоли учун уй-жойлар қуришда давом этмоқда.

Ғазо секторида эса ҲАМАС ҳукмрон ва улар вақти-вақти билан Исроилга ракета зарбалари бермоқда. Исроил ҳам жавоб чораларини кўрмоқда.

Охирги энг жиддий тўқнашув 2018 йил кузида содир бўлди. Ўша йили 11 ноябр куни Ғазодан Исроил ҳудудига қарийб 400 та ракета учирилган.

Бунга жавобан 12 ноябр куни Исроил самолётлари Ғазодаги юзлаб объектларга ҳужум уюштиради. Ўшанда низолар оқибатида икки томондан камида бир неча киши ҳалок бўлади. Ғазодаги кўплаб биноларга зиён етади.

Ғарбий қирғоқ ҳудудидаги сўнгги тўқнашувлар 2023 йил апрелда содир бўлди. Мусулмонлар учун муқаддас ойлардан бири бўлган Рамазон ойида Исроил ҳарбийлари Қудусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб киришди.

Шундан сўнг фаластинликлар Ливан жанубидан Исроил ҳудудига ракета йўллашди. Бунга жавобан Исроил Ғазо сектори ва Ливан жанубига ҳарбий самолётлар ёрдамида ҳужум қилди.

Айни дамда вазият таранг ҳолда қолмоқда. Исроил ҳозирча Фаластиндан тортиб олган ерларини қайтариб бермоқчи эмас. Шу сабабли ўша ҳудудларга яҳудийлар учун уй-жой қурилмоқда.

Бугун Ғарб давлатлари Фаластинга нисбатан икки хил стандартларни қўлламоқда. Улар бир тарафдан Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишини хоҳлашларини айтишса, иккинчи томондан ҳанузгача Фаластиннинг мустақиллигини тан олмай келишмоқда. Бунинг устига уларнинг ўз элчихоналарини Тел-Авивдан Қудусга кўчиришлари муаммони баттар чигаллаштирмоқда.

Фаластин мустақиллигини дунёнинг 138 та давлати тан олган. Жумладан, Осиё ва Африканинг қарийб барча давлатлари, шунингдек собиқ иттифоқ республикалари (Латвия, Литва ва Эстониядан ташқари) ва Шарқий Европа давлатлари.

АҚШ, Канада, Мексика, Австралия, Британия, Франция, Испания, Португалия, Италия ва Ғарбий Европадаги бошқа давлатлар тан олмаган. Ана шу жойда АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Фаластинга нисбатан икки хил сиёсат олиб бораётгани ойдинлашади.

Яъни бир томондан Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишини хоҳлашларини айтишади. Иккинчи томондан Фаластиннинг мустақиллигини тан олишмайди. Араб давлатининг ўз чегараларига эга бўлишини, БМТга тўлақонли аъзо бўлишини умуман хоҳлашмайди.

Бугун Фаластин БМТда фақат кузатувчи мақомига эга. Фаластин мустақиллигини тан олган давлатлар агар у БМТга тўлақонли аъзо бўлса ва ўз ҳудудларига эгалик қилса, Яқин Шарқда узоқ кутилган тинчлик ўрнатилади, деган фикрда.

Унинг мустақиллигини тан олмаган давлатлар эса аксинча, агар Фаластин БМТга тўлақонли аъзо бўлса, минтақада нотинчлик баттар кескинлашади деб ҳисоблашади.

Агар тарихга қаралса 1947 йилда БМТ резолюцияси билан Фаластин ҳудудида иккита араблар ва яҳудийлар давлатини ташкил этиш ҳақидаги резолюция қабул қилингандан бошлаб АҚШ Исроилга ҳар томонлама иқтисодий ва ҳарбий ёрдам бериб келмоқда.

АҚШ энг аввал Исроил давлати маъмуриятини тузишда, сўнг армия шакллантиришда ва бошқа масалаларда ёрдам кўрсатади. Кейинчалик Араб-Исроил урушларида ҳарбий ёрдам беради.

Жумладан, 1947-1949 йилларда, 1967 йилда ва бошқа Араб-Исроил урушларида АҚШ Исроилга кенг миқёсда ҳарбий ёрдам кўрсатади.

АҚШ Исроилга кенг кўламда ёрдам бериш билан бир қаторда шу пайтгача Фаластин мустақиллигини тан олмай келмоқда. Фаластин мустақиллигини нафақат АҚШнинг ўзи балки унинг яқин иттифоқчилари бўлган Ғарбий Европа давлатлари, Канада, Австралия ва Мексика ҳам тан олмаган.

АҚШ Фаластинга нисбатан қўллаб келаётган нохолис сиёсатини XXI асрда ҳам давом эттирмоқда. Бир неча йил аввал ЮНЕСКО Фаластинни ўз сафига тенг ҳуқуқли аъзо қилганда АҚШ бу ташкилотдан чиқиб кетди.

2012 йилда БМТ Фаластинга кузатувчи мақомини берганда ҳам АҚШ бунга қарши чиққан давлатлардан бири бўлганди.

Фаластиннинг БМТ таркибидаги ташкилотлар ишида қатнаша бошлаши тарихи 1970-йилларда бошланган. 1974 йилда БМТ махсус резолюцияси қабул қилинади ва унга кўра Фаластин озодлик ташкилоти БМТ Бош ассамблеясида кузатувчи мақомини олади.

1986 йил 2 апрел ФОТ БМТ Бош ассамблеясида Осиё давлатлари гуруҳининг аъзоси бўлади. Бироқ бу статуслар Фаластиннинг БМТда тўлақонли аъзо бўлганини англатмасди.

1989 йилда Жазоир, Мавритания, Нигерия ва Сенегал ЮНЕСКОга мурожаат қилиб, Фаластинни мустақил давлат сифатида ўз сафига қабул қилишини сўрашади. Бироқ ўша пайтда ЮНЕСКО АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатларнинг босими остида бу сўровни рад этади.

1998 йилда БМТ Бош ассамблеяси Фаластин масаласида янги резолюция қабул қилади. Унда Фаластинга Бош ассамблеядаги аъзолик бўйича қўшимча ваколатлар бериш назарда тутилганди.

Жумладан, Фаластин вакиллари Бош ассамблея йиғинларида тўлақонли қатнашиши, қабул қилинадиган резолюцияларда ҳаммуаллиф бўлиши, Яқин Шарқдаги муаммолар муҳокама қилинганда чиқишлар қилиши ва бошқа ваколатлар кўзда тутилганди.

Ўшанда бу резолюцияни дунёнинг 124 та давлати қўллаб овоз беради. Тўртта давлат – Исроил, АҚШ, Маршалл ороллари ва Микронезия қарши чиқади.

АҚШ бир томондан Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзо бўлиши мумкинлигини гапирса, иккинчи томондан буни умуман хоҳламайди.

Жумладан, 2010 йилда АҚШ президенти Барак Обама БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқида агар Араб-Исроил можаросида келишувларга эришилса, бир йилдан сўнг Фаластин БМТга тўлақонли аъзо бўлиши мумкинлиги ҳақида гапиради.

Бироқ орадан бир йил ўтгач, АҚШ Фаластин масаласида умуман тескари иш қилади.

Яъни 2011 йил сентябрда Фаластин БМТга тўлақонли аъзо бўлиш учун навбатдаги аризани топширади. Бироқ АҚШ бу масала Бош ассамблеяда кўриб чиқиладиган бўлса вето қўйишини маълум қилади.

Ўша йили Фаластин ЮНЕСКОнинг тўлақонли аъзоси бўлади. Орадан бир йил ўтиб, 2012 йил 29 ноябр куни БМТ Бош ассамблеясида Фаластинни ушбу ташкилотга кузатувчи сифатида қабул қилиш масаласи овозга қўйилади.

Шунда 138 та давлат Фаластинни қўллаб, 9 та давлат қарши овоз беради.Улар орасида АҚШ ҳам бор эди.  41 та давлат бетараф қолади. Шу тариқа 1988 йилда ўз мустақиллигини эълон қилган Фаластин орадан 24 йил ўтиб, мутлақ кўпчилик овоз билан БМТда кузатувчи мақомига эга бўлади.

Фаластин БМТда кузатувчи мақомини қўлга киритгач, орадан бир неча ой ўтиб, 2013 йил 5 январда Маҳмуд Аббос Фаластин маъмурияти номини Фаластин давлати деб ўзгартириш ҳақидаги фармонга имзо чекади.

2011 йил 31 октябрда БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўлими бўлган ЮНЕСКО умумий овоз бериш йўли билан Фаластинни ўз аъзолигига қабул қилади.

Бунга 107 давлат рози, 52 давлат бетараф, 14 давлат қарши бўлади. АҚШ, Исроил, Канада, Германия, Австралия, Швеция каби давлатлар қарши чиққанлар томонида эди.

Сал аввал бу масала кун тартибига чиққанда, АҚШ агар Фаластин ташкилот сафига қабул қилинса, ЮНЕСКОга аъзолик бадали тўламаслигини билдиради. Исроил Американинг бу ишини қўллаб-қувватлайди.

Ўша пайтларда АҚШ ташкилот учун йилига 70 миллион доллар атрофида маблағ ажратар ва бу ташкилот харажатларининг тахминан 20 фоизи дегани эди.

Шу ўринда савол туғилади: Фаластин ЮНЕСКОга тўлақонли аъзо қилиб олинса, бундан АҚШ манфаатларига қандай зарар етади?

Гап шундаки, ЮНЕСКО Исроилни Фаластиннинг бир қисмини босиб олган босқинчи давлат деб ҳисоблайди ва ҳозирги кунда Исроил назоратида бўлган Қудус шаҳрининг бир қисмини ҳам Фаластин ҳудуди деб билади.

АҚШга ЮНЕСКОнинг мана шу позицияси ёқмайди ва ўзининг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчиси бўлган Исроилнинг тарафини олиб, ЮНЕСКО билан келишмовчиликка борди.

Ўшанда, кўпчилик АҚШ ЮНЕСКОга пул беришни тўхтатса бу ташкилотда молиявий қийинчилик юз бериши ва ташкилот АҚШга ён беришини кутганди.

Аммо ЮНЕСКО ён беришни истамайди ва агар АҚШ аъзолик бадалини тўламаса, уни ташкилот ишларида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишини эълон қилади.

АҚШ 2011 йилдан ЮНЕСКОга аъзолик бадалини тўлашни тўхтатди. Ташкилот ҳам ўз сўзида туриб АҚШни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Кейинчалик, келишмовчилик шу даражага етдики, ЮНЕСКОнинг ўзига ён беришидан батамом умидини узган АҚШ 2017 йилда бу ташкилот сафидан чиқиш ҳақида қарор қабул қилди.

2018 йил 31 декабрдан бошлаб АҚШ ЮНЕСКО аъзолигидан расман чиқиб кетди ва шунчаки кузатувчи мақомида қолди.

Маълумот ўрнида: АҚШ 1984 йилда Рейган бошқаруви даврида ҳам ЮНЕСКОни «АҚШга қарши хатти-ҳаракатлар қилганлик»да айблаб, ташкилот сафидан чиққан ва 2003 йилда қайта аъзо бўлган эди.

Воқеалар ривожига кўра, ЮНЕСКО Фаластинни ўз сафига қўшиб олиши, бундан норози бўлган АҚШнинг бу ташкилотни молиялаштиришни тўхтатиши Барак Обама президентлик қилган йилларга тўғри келади. АҚШнинг ЮНЕСКО аъзолигидан чиқиб кетиши Дональд Трамп президентликка сайланганидан сўнг содир бўлган.

Бу шуни англатадики, АҚШда ким ва қайси партия вакили президент бўлишидан қатъи назар Американинг Фаластинга нисбатан юритган нохолис сиёсати давом этаверган. Бу ҳолат ҳанузгача давом этиб келяпти.

2011 йилда ЮНЕСКО аъзолиги, 2012 йилда БМТда кузатувчи мақоми олиш Фаластин халқаро майдонда янада кенгроқ тан олинишига сабаб бўлади. Бунинг устига, ЮНЕСКОнинг Фаластинни деб АҚШ билан зиддиятга боргани ва ўз қарорида қатъий тургани ҳам Фаластиннинг фойдасига ишлади.

Бу воқеалар яқин йилларда Фаластин БМТнинг доимий аъзоси бўлиш жараёнини ҳам тезлатиб юбориши мумкин. Буни вақт кўрсатади.

АҚШда Доналд Трамп президент бўлган 2016-2020 йилларда бу давлат Фаластин билан боғлиқ воқеаларда нохолис сиёсат юритишда давом этди.

Жумладан, ЮНЕСКОдан чиқиб кетди. Сўнг Фаластиннинг яқин йилларда БМТга тўлақонли аъзо бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, бунга қарши «Аср келишуви» режасини илгари сурди.

Режага кўра, Исроил, Фаластинни озод қилиш ташкилоти ва ҲАМАС ҳаракати «Янги Фаластин» деб номланадиган Фаластин давлати ташкил этилиши ҳақидаги келишувни имзолайди.

Бу давлат ҳудуди бугун Исроил томонидан эгаллаб олиниб, яҳудийлар учун турар жой қурилган ерлардан ташқари, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Ғазо секторини ўз ичига олади.

Шунингдек, режага кўра, Қудус бўлинмайди ва «Янги Фаластин» ҳамда Исроилнинг умумий пойтахти мақомини олади. Шаҳарнинг араб аҳолиси Фаластин давлати фуқаролари бўлади. Уларга яҳудийларнинг уйларини, яҳудийларга эса араб уйларини сотиб олиш тақиқланади.

«Янги Фаластин» Мисрдан Ғазо сектори яқинидаги ерларни ижарага олади. Бу ҳудудда аэропорт, фабрикалар, қишлоқ хўжалиги ишлари ва савдо учун ҳудудлар ажратилади.

Ижарага олинадиган ҳудудларнинг ўлчами ва нархини келишувни қўллаб-қувватловчи томонлар – АҚШ, Европа Иттифоқи ва Форс кўрфази давлатлари белгилайди. Бу давлатлар «Янги Фаластин»га миллий лойиҳалар учун 5 йил давомида 30 млрд доллар беради.

«Аср келишуви»га кўра, Фаластин давлатида армия бўлмайди, фақат полиция ходимларида енгил қуроллар бўлади. Келишув имзоланганидан сўнг, ҲАМАС ўз қуролларини топширади. Бир йил ичида Фаластинда сайловлар ўтказилади. Иордан дарёси водийси Исроилга тегишли бўлади.

ҲАМАС ва Фаластинни озод қилиш ташкилоти таклифлардан воз кечгудек бўлса, АҚШ фаластинликларга молиявий ёрдамни блоклаб қўяди. Агар Фаластинни озод қилиш ташкилоти келишувга рози бўлса-ю, ҲАМАС рози бўлмаса, ҳаракат етакчилари жавобгарликка тортилади. Мабодо Исроил ва ҲАМАС ўртасида ихтилофлар авж олса, АҚШ Исроилни қўллаб-қувватлашга ваъда берган.

Дональд Трамп ва унинг маъмурияти томонидан Фаластинга таклиф этилаётган «Аср келишуви»нинг тафсилотлари оммага ошкор бўлгач, дунёдаги кўплаб давлатлар раҳбарлари бу келишувда таклиф этилган режаларга қарши чиқди.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний яна бошқалар ва Европа Иттифоқи вакиллари унда илгари сурилаётган режаларни танқид қилиб чиқишди.

Лойиҳани танқид қилганларнинг барчаси «Аср келишуви»да Исроил манфаатлари биринчи ўринга қўйилиб, Фаластин манфаатлари мутлақо инобатга олинмаганини билдиришади.

Жумладан, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел шундай деб баёнот беради:

«Биз АҚШнинг Иордан водийси ва ғарбий соҳилдаги бошқа ҳудудларнинг аннексияси эҳтимоли тўғрисидаги баёнотларидан хавотирдамиз. Халқаро меъёрлар ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига мувофиқ, Европа Иттифоқи Исроилнинг 1967 йилдан кейин босиб олинган ҳудудлар устидан суверенитетини тан олмайди».

1947-1949 йилларда бўлиб ўтган Араб-Исроил урушида ғалаба қозонган Исроил Фаластин ерларини ўзлаштиришни Қудусдан бошлайди. Аввалига уруш пайтида БМТ резолюциясига зид равишда бу шаҳарни босиб олади.

Сўнг 1950 йил 23 январ куни Исроил парламенти Қудусни мамлакат пойтахти бўлиши учун овоз беради.

1967 йилда бўлиб ўтган Араб-Исроил урушидан сўнг Исроил Қудусни тўлиқ ўз назоратига олади. 1980 йилда Исроил парламенти бутун шаҳарни мамлакат пойтахти қилиш учун овоз беради.

Исроил Қудусни ўз пойтахти деб эълон қилганидан сўнг 1995 йилда АҚШ Конгресси мамлакатнинг Исроилдаги элчихонасини Тел-Авив шаҳридан Қудусга кўчириш ҳақида қарор қабул қилади.

Бу иш БМТ резолюциясига зид бўлгани учун халқаро миқёсда танқид қилинади. Шу сабабли ўша пайтда АҚШ президенти бўлиб турган Билл Клинтон пойтахтни кўчиришга шошилмайди.

Ундан кейин АҚШ президенти бўлган Кичик Жорж Буш (2001-2008 йилларда) ва Барак Обама (2008-2016 йилларда) Яқин Шарқда нотинчлик кучайишини эътиборга олиб, элчихонани Қудусга кўчиришмайди. Бироқ ҳокимият тепасига Доналд Трамп келгач вазият ўзгаради.

Ўзининг чиқишларида Исроил томонида эканини бот-бот таъкидлаган, мустақил Фаластин давлатини йўқ қилиш мақсадида «Аср келишуви» лойиҳасини таклиф этган Трамп 2017 йил 6 декабр куни Қудусни Исроил пойтахти деб тан олишини эълон қилади.

АҚШнинг иккиюзламачилиги шу билан тугамайди. 2017 йил 18 декабр куни БМТ хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 14 таси Қудуснинг статуси ўзгаришига ва унинг Исроил пойтахти бўлишига қарши резолюция қабул қилиниши учун овоз беради. Бироқ АҚШ бу резолюцияга вето қўяди.

Кейин эса элчихонани Тел-Авивдан Қудусга кўчиради ва 2018 йил 14 май куни унинг очилиш маросимини ўтказади.

Ўшандан буён бир қанча давлатлар ўзининг Исроилдаги элчихонасини Тел-Авивдан Қудусга кўчирди. Агар рўйхатга эътибор берилса, уларнинг аксарияти Фаластин мустақиллигини тан олмаган ғарб давлатлари эканини кўриш мумкин.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.


Бошқа мақолалар