- 2023-04-14
Шуҳратпарастлик инсоний ҳавасларнинг энг беъмани ва номаъқули эканлиги, машҳурлик ва «эл оғзида достон бўлиш» салгина эсган шамолда тарқаб кетадиган тумандан бошқа нарса эмаслиги ҳақида қадим замонлардан бери кўп асарлар ёзилган.
Тарихда обрў-эътибор ва шон-шуҳратнинг пойдевори ҳисобланмиш мол-мулкдан, катта лавозимлардан воз кечиб фақирона кун кечирган файласуф ва уламолар оз эмас. Антисфен, Кратет, Диоген ва буюк Суқрот каби деярли таркидунё қилиб камтарона яшаган файласуфларнинг номларини орадан салкам йигирма беш аср ўтганлигига қарамасдан кўпчилик билади. Ваҳоланки, улардан на мол-мулк, на бир иморат ва на забт қилинган қалъа ёки мамлакат қолган, айримларининг ҳатто уйлари ҳам бўлмаган. Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд уйда ҳеч қандай мол-дунё ва бойлик сақламаганлар. Улар қишда қамишлар устида, ёзда эса бўйра устида ётиб кун кечирганлар.
Қизиқ, ҳеч кимнинг олдига таъзим қилиб бормаган ва биров таъзим қилиб келишини кутмаганларда шуҳратпарастликдан асар ҳам бўлмаган. Лекин, айнан шуларнинг шон-шуҳрати асрлар оша бутун дунёга таралган. Уларнинг кўпчилик замондошлари эса ким мол-дунё, ким тожу тахт қули бўлиб, охири йўқ пойганинг иштирокчилари сифатида дунёдан ўтганлар. Айрим уддабуронлар орасида шуҳратпарастликни қоралаб ёки масхара қилиб ёзган асарлари билан ўз номларини абадийлаштиришга тиришганлари ҳам бўлган. Тан бериш керак, инсон ақлининг найранглари беқиёс, у ўзининг қонида бор бўлган эҳтиросларини қондириш учун минг хил йўл топа олади.
Инсоннинг энг тубан хусусиятларидан бири бўлган ва шу билан бирга унинг инсонлигидан далолат берадиган шуҳратпарастлик қанчалик қораланмасин у охирги икки минг йил давомида одамлар қалбида эгаллаб келган ўрнидан силжиш у ёқда турсин, ҳатто тобора мустаҳкамлашиб бораётганлиги сир эмас.
Римнинг буюк императори Гай Юлий Цезарь эрамиздан эллик йил олдин ўз номини абадийлаштириш учун йилнинг еттинчи ойини «Юлий» (кейинчалик июль деб айтилган) деб номлаганидан кейин унинг жияни Октавиан Август ҳам императорлик ўрнини эгаллагач, саккизинчи ойни ўз номи билан атаган. Цезардан ҳеч бир жиҳатдан кам бўлмаслик учун эса февраль ойидан яна бир кунни камайтириб август ойига қўшиб қўйган. Шу билан йилнинг кетма-кет келадиган икки ойи ҳам 31 кундан иборат бўлиб қолган.
Цезарь ва Октавиан шуҳратпарастликда ўзларидан анча кейин ҳукмронлик қилган император Нероннинг тўпиғига ҳам чиқолмаганлар. Нерон ўта қонхўр, очкўз, иккиюзламачи, маишатга берилган, ўзига бино қўйган императорлардан бири бўлиб, мамлакатда ўзига уч юздан ортиқ ҳайкал қўйдирган. Тепакал, оёқлари ингичка, қорни кажавадай келадиган Нероннинг ҳайкаллари Геракл ва Апполонга ўхшатиб ясалган. У шаҳар аҳолисини бир жойга тўплаб ўзи ёзган бемаза шеърларини ўқиб берганида гулдурос қарсаклар ва олқишларга қўшилмаганларни жазолашга буюрган.
Француз ёзувчиси Виктор Гюго оз эмас, кўп эмас Париж шаҳрининг ўз номи билан аталишига даъвогарлик қилган.
Бугунги кунда ҳар бир фуқаро ўз уйининг тўрида ўзининг катта портретини осиб қўйишга ёки умри давомида қилган «меҳнатлари» тўғрисида китоб ёзиб юртга тарқатишига ҳеч ким тўсқинлик қилмайди. Бошқача қилиб айтганда, бугун ўз иззат нафсини қондириш учун оламшумул иш қилган бўлиш шарт эмас. Руслар айтганидай, «Ҳар ким ўзича ақлдан озишга» ҳақли.
Милоддан аввалги 356-йилда Кичик Осиёдаги Эфес шаҳрининг фуқароси Герострат ўз номини тарихда абадий қолдириш учун дунёнинг етти хариқасидан бири бўлган Артемида ибодатхонасига ўт қўйишдан бошқа йўл тополмаган бўлса, бугунги кунда «қаҳрамонлик» кўрсатмоқчи бўлган ҳар бир одам бир ўтиришда 65 дона хом тухумни ютиб ёки 42 соат давомида тинимсиз рақсга тушиб Гиннеснинг рекордлар китобига ёзилиш ва ўз исмини абадийлаштириш имконига эга. Оммавий ахборот воситаларининг имкониятларини инобатга олганда эса бизнинг замонамизда машҳур бўлиб кетишдан осон иш йўқ. Бир вақтлари Россия телевидениеси орқали мазмундор программаларни олиб борувчи, кўпчиликка таниш бўлган сиёсий шарҳловчи Владимир Позднернинг гапи билан айтганда: «Агар бир ой давомида телевизорда отнинг сағрисини ҳар куни бир дақиқа кўрсатиб туришса, одамлар уни кўчада кўрганларида салом берадиган бўлишади». Тўғри, зангори экранда онда-сонда кўриниб туриш ёки матбуотда чиқиш учун маълум даражада меҳнат сарфлаш лозим. Бунинг ҳам уддасидан чиқолмайдиганлар учун эса оммавий ахборот воситалари орқали ўзи билан бир хонадонда яшаб турган ота-онасини, фарзандини, акасини, укасини аммасини туғилган куни билан табриклаб қувониш ва уларни ҳам «элга танитиб» бениҳоят қувонтириш имконияти мавжуд.
Шуҳратпарастлик илдизлари вужудимизга шу қадар сингиб кетганки, кимдир ундан тўла-тўкис қутулган деб айтиб бўлмайди.
«Шуҳратпарастларда ақл етишмайди...»
Гап келганида отангни аяма деганларидек, гап келди: Уч тоифадаги одамлар бўлади: димоғдорлар, мағрурлар ва бошқалар. Лекин шахсан мен «бошқалар» тоифасига кирадиган одамларни шу вақтгача учратмаганман.
Инсон энг катта бойликка ҳатто дунёдаги барча неъматларга эга бўлса ҳам, лекин бошқаларнинг ҳурматига сазовор бўла олмаса, ўзидан қаноатлана олмайди. У ақл-заковатни ҳамма нарсадан устун қўяди ва агарда бошқалар унинг ақллилигини тан олишмаса, энг катта мансаб ҳам уни қувонтиролмайди. Одамларни лол қолдириш эса осон иш эмас.
Бажарилган ҳар қандай хайрли иш қийинчилик ва машаққатлар орқали келмаса ҳамда ноёблиги билан ажралиб турмаса, унинг довруғи маҳалладан нарига чиқмаслиги, қилган ишингнинг баҳоси шу ишга ўзинг сарфлаган меҳнатнинг нархидан бир тийин ҳам юқори баҳоланмаслиги тўғрисида фикр сохта обрў-эътибор кетидан қувадиганларнинг хаёлига ҳам келмайди.
Одамлар ҳаётига холисона назар ташлашга ҳаракат қилиб кўрсак, инсон онгидаги шуҳратпарастлик каби янглишувнинг жамият олдидаги хизматлари оз эмаслигини тан олишимизга тўғри келади. Айнан шу туйғу одамларнинг ўз бурчига содиқ қолишига туртки беради, халқда жасорат уйғотади, ҳақиқий буюк ишлар инсоният хотирасида жой олиб, разиллик тимсоллари қораланишига замин ясаб беради. Олдинги авлодларнинг шон-шуҳрати, буюк ишлари ёшларни табиат берган истеъдодларини намоён қилишга, муносиб фаолият билан шуғулланишга, яқинларига, эл-юртга фойда келтиришга, баркамол инсон бўлиб ўсишга ундайди, меҳнат ва ижодда илҳом бағишлайди. Фақат ҳамма гап бу туйғу киши қалбини эгаллаб олиб, унинг феъл-атворини, турмуш тарзини белгилашига йўл қўймасликда! Ўта камтаринлик манманликнинг бир тури бўлгани каби меъёридан ошган шуҳратпарастлик ҳам инсоний фазилатларни йўққа чиқаради.
«Ўзини ҳурмат қилмаган одам - бахтсиз: ўзидан ҳаддан ташқари мамнун бўлган аҳмоқдир». (Ги де Мопассан, француз ёзувчиси).
Киши ўз фаолиятининг маълум натижасини эмас, балки қандай бўлмасин шу фаолият орқали «фалончи» деб ном чиқаришни ўзига мақсад қилиб белгилайдиган бўлса, охир-оқибатда унга ҳавас қиладиганлар топилиши гумон бўлиши мумкин.
«Кишилардаги сифатлар унчалик кулгили эмас, кулгилиси - улар даъво қиладиган сифатларда». (Франсуа де Ларошфуко, француз ёзувчиси).
Оврупаликларнинг таъбирича, «Маймун тепага кўтарилгани сайин оломонга унинг номақбул жойлари кўринади, холос».
Алқисса, одамларнинг биз тўғримиздаги гап-сўзларида биз учун ҳеч қандай янгилик бўлмайди. Ўз муваффақиятларингизни оломоннинг танқиди ёки мақтовлари билан ўлчаш Сизга ортиқча хавотир ва безовталикдан бошқа ҳеч нарса бермайди.
«Биз тўғримизда гапираётган йигирма одамдан ўн тўққизтаси ёмон гап гапиради, йигирманчиси яхши гап гапиради, лекин буни яхшилаб айта олмайди», деган эди француз ёзувчиси Антуан де Ревароль.
Одам ҳеч нарсада ўзига етарлиси билан қониқолмайди. Бизнинг кўзларимиз ошқозонимиз ҳазм қилиши мумкин бўлганидан кўра кўпроқ нарсага таъмагир бўлади, кўнглимиз эса тубсиз қудуққа ўхшаб, ҳеч нарсага тўймайди.
Ҳақиқий шон-шуҳрат, обрў-эътибор, иззат-ҳурмат ва яхши ном эса азалдан то бизнинг замонамизгача кўзини тўқ тутиб, ўз нафси ва ҳавоси хизматида бўлмаган, бошқаларга қўлидан ёки тилидан нафи текканлар кетидангина эргашиб юрибди...
Шавкат Раззоқов