Украина ва Россия зиддиятининг парда орқаси


  • 28 Февраль, 2022
  • 536

Украинлар, руслар ва беларуслар бир-бирига қардошдир. Лекин тили, маданияти, тарихи, антропологияси, ҳатто миллий шуъури билан алоҳида-алоҳида миллатдир. Улар шимоли-шарқий славянларидир.

Славян сўзининг маъноси “қул” деганни билдиради. Она ватани Украинанинг шимоли-шарқидаги Днепрь ботқоқликлари бўлган бу ирқлар вақтида хунларга асир бўлишганди. Лекин шу сабабли ботқоқликдан чиқиб, отга минишни ва қурол ишлатишни ўрганишди. Лотин, герман ва асосан турк ҳамда мўғил ирқлари билан аралашиб кетишди.

Рус исмли бир денгизчи герман/гот қабиласи давлати номидан Швециядан келиб, ушбу қавмларни ўз ҳокимиятига олди. Қулаган хазар турк императорлиги тупроқларида яшаган славян қавмларини давлат бошқарувига ўргатди. Киев, Новгород ва Москва номли уч князлик қурилди.

988 йили Киев князи Владимир ва ортидан халқи ҳам христианликни қабул этди. Бу бугунги кунгача руслар билан Киев орасида тарихий ва диний боғлиқликни кўрсатади. Славянлар кейинчалик Олтин ўрда давлатига тобе бўлишди. Бунга қарамай Европанинг энг ибтидоий халқи славянлигини йўқотмади, аксинча кучайтирди.

Мўғил истилоси билан русларнинг Киев билан сиёсий алоқаси узилди. XIII асрда бугунги Украинанинг шимолий ғарбида Волинда украин номли бир қавм ва украинча деб аталадиган бир тил ҳосил бўлди. Бу ерлар мўғил истилосидан кейин Литва-Польша ҳокимиятига киргач, украинлар шимоли-шарққа Киевга чекиниб, атрофига ёйилди. Бу ерлардаги рус ва мўғил қолдиқларига ўз маданиятларини сингдирди.

Украина XV асрдан эътиборан қадам бақадам Усмонийларнинг қўлига ўтди. Рутения деб аталадиган бир қисми эса Польшага тегишли эди. Галиция деб аталадиган минтақада яшайдиган украинлар вақт ўтиши билан Австрия-Венгрияга тобе бўлди.

Украинадаги гетманлар, яъни маҳаллий ҳукмдорлар автономиясини муҳофаза қилишди. Кейинчалик Россия шимолдан ҳужумни бошлади. XVIII асрда Украинани қўлга киритиб, гетманликни олиб ташлади.

Украиналикларнинг дунёнинг энг чиройли аёл ва эркаклари эканлиги айтилади. Шу ерда яшайдиган ва казак деб аталдиган жамоат мардлик, жасорат ва қайсарлиги билан машҳур эди. Руслар улардан ҳарбий бўлинмалар тузди. Толстойнинг, Гоголнинг асарларида кўп тилга олинган.

Шимолий муз денгизи ишга ярамаганлиги учун Балтика ва Қораденгизга тушиш керак эди. Бунинг учун унга тўсиқ бўлган Швеция ва Усмоний давлатини, бир тарафдан эса Европа йўлини тўсган Польшани янчиб ўтиш лозим эди. Иссиқ денгизларга тушиш Россиянинг асл сиёсатини ташкил этади. Усмонийларнинг Хўжапошо дейилган жойида Одесса номли бир порт шаҳри қуриб, орзуларига етишди. Қораденгизга тушдилар.

Украинада XIX асрда миллий уйғониш юз берди. Украин тили, маданияти ва тарихи зиёлилар томонидан олдинги планга олиб чиқилди. Советлар замонида марказий идорада сон жиҳатдан энг кўп ирқ бўлишига қарамай хоҳ Украинада, хоҳ советлардан ташқарида Украина миллатчилиги жуда кучли ва ташкилийдир. Украина ҳар доим Россиядан ажралишга уринган.

1917 йил большевик революциясидан кейин қурилган мустақил Украина жумҳуриятини иттифоқдошлар тан олди. Сўнгра гетман Скоропадский раисижумҳур бўлди. У монархист эди. Подшо тарафдорлари Оқ армия қуриб, бу ерда йиллар мобайнида қизил армия билан курашди. Большевикларни Киев ва Харьковдан қувиб чиқарди.

Миллатчилар совет иттифоқига қўшилмай, Польша ва Австрия ҳокимиятидаги Ғарбий Украина билан бирлашиб мустақил Украина қуришни истадилар. Лекин иттифоқдошлар қўллаб-қувватламай қўйгач, оқ армия тарқалиб кетди. Украина 1923 йили совет иттифоқига қўшилишга мажбур бўлди. Шу тарихдан эътиборан елкаси офтоб кўрмади.

1924 йили ҳокимият тепасига келган Сталин сиёсий мухолифларини тозалагандан кейин Украина масаласига киришди. Иқтисодий ва ижтимоий ҳаётни қаттиқ назорат остига олиб, марказлаштирди. Украинча гаплашиш тақиқланди. 1929 йили экин майдонларни давлатлаштирди. Деҳқонлар эски полизларида давлатнинг ишчисига айланди.

Минглаб коммунистлар бу ишни назорат қилишлари учун марказдан қишлоқларга юборилди. Қадимдан кучли мулкчилик ҳиссига эга украин халқи бу сиёсатга қарши чиқди. Айниқса Дон дарёси атрофида бу қаршилик кучли эди.

Дунёнинг дон омбори бўлган Украина Москвани таъминлайдиган биринчи манба эди. 1932 йил ҳосили яхши бўлмагач ҳукумат деҳқонларни айблади ва етмаган қисмини зўрлик билан улардан тортиб олди. Халқ ҳайвонларини сўйиб еб, жонларини сақлашга уринишди. Лекин ҳайвонлари қолмагач, янги экин экишнинг иложи бўлмади. Украина даҳшатли очликка учради. Ҳар куни минглаб одамлар очлик ва бунга боғлиқ касалликлардан ўлди.

Украинада егулик сотиши тақиқланди. Ейишга нарса топиш илинжида қочишга уринганлар тўхтатилди ёки отиб ташланди. Саёҳатлар расмий рухсат орқали бўлди. Бутун бу ишлар дунё ҳамжамиятидан усталик билан яширилди.

1932-1933 йилларида Украинада 8 миллион киши очликдан ўлиш ҳодисаси украинчада очликдан ўлдириш маъносига келувчи “холодомор” атамаси билан ёдда қолди. Сталин бу очлик ва қатлиомни ҳам украиналик миллатчилар ва хорижий давлатларни айблаб, сиёсий манфаатга айлантирди. У туфайли Украинада ўлган ва ўлдирилганлар сони 15 билан 20 миллион орасида деб баҳоланмоқда.

Шу сабабли нацистлар Украинани ишғол этганларида маҳаллий халқнинг дастагини кўришди. Лекин нацистлар ҳам деҳқонларнинг коллективлиги давом этишини истади. Шунда Россия оч қолади ва енгиларди. Украиналиклар бу сафар ҳам нацистларга қарши партизанлар отряди тузиб қарши чиқди.

1939 йили Польша нацистлар ва советлар орасида бўлишилганида Украинага 88 минг километр квадрат майдон қўшилиб, у ҳозирда 6 вилоятни ташкил этади. Кейинги йили Руминиядан Хатин ва Басарабия билан Буковина қўшилиб, ҳозирги Чернович вилоятидир (8 минг километр квадрат). 1945 йили Венгриядан 7 минг километр квадратлик Рутения олиниб, ҳозирда Ужгород деб номланади. Зотан совет республикаларининг барчасининг чегаралари кейиндан чизилган сунъий чегаралардир.

II жаҳон уруши вақтида Сталин ҳам Украинадаги татарларни, ҳам чегара минтақасидаги поляк, латиш, литвалик, эстон ва украинларни режим душмани сифатида вагонлар билан Сибирга сургун қилди. Уларнинг ярмига яқини йўлда ўлди. Қолганлар 1956 йилдан кейин мамлакатларига қатишга имкон топишди.

1954 йили ўзи ҳам украиналик бўлган совет лидери Хрушчёв Қримни Украинага берди. Бунинг тагида уруш вақтида очликдан кўп зарар кўрган Украинани қўллаб-қувватлаш ётарди. 1991 йили Украина мустақилликни қўлга киритгач, совет флоти Россия ва Украина орасида бўлинди. Россия Қримдаги Севастополь портини ижарага олди.

Совет иттифоқи парчаланиши ортидан мустақилликка эришган 15 республикасининг статус масаласи ўртага чиқди. 1945 йили Рузвельт, Черчил ва Сталин келишиб, Европани иккига бўлганидек ва Шарқ блоки дейилган ўлкаларни советларга ҳадя қилганидек, 1990 йилдан кейин ҳам гўёки Россия билан Ғарб блоки орасида яширин келишув борга ўхшайди.

Советлардан бўлинган республикаларнинг баъзилари Россияга, баъзилари Ғарб блоки улушига тушди. Вақт ўтиши билан Россия ҳам сиёсий, иқтисодий, ижтимоий шартлар ёрдамида, ҳам ғарбнинг сўнгги йиллардаги қарзини ўтай олмаслигидан фойдаланиб бошқалари устидан ҳам назорат ўрнатишга муваффақ бўлди. Россиянинг эзувчи кучи қаршисида тарихий украин қаҳрамонлигини ниманиям англатарди?

Украинада қурилган рус тарафдори ҳукумат 2014 йили халқ кўтарилиши натижасида қулади. Президент Янукович Россияга қочди. Бунинг ортидан Украина ҳукуматининг Қримда рус флоти ижарага олган портни қайтариб олишга уриниши Россиянинг Қримни тортиб олишига йўл очди.

Ғарб блоки ва НАТОнинг Украинани қўллаб-қувватлагандек кўриниши Россияни хавотирга солди ва жазавага туширди. Украина эса уни гижгижлаганларнинг сўзига кирди. Россиянинг НАТОни бурнининг тагича келишига йўл қўймаслиги аниқ эди. Украинанинг эса асрлар бўйи чеккан алам билан, лекин тарихдан ибрат олмай Россияга қарши чиқишга уриниши соддалик бўлди. Ким билади, балки Россия ва ғарб блоки ўзаро манфаатли яширин ва ифлос келишувга келишди. Ўртада Украина ем бўлди.

Украина кенг ва серҳосил тупроқлари, маъданлари ва ғарб чегарасидаги стратегик позицияси билан ўзгача ўлка. Ҳудуди кейиндан олинган ерлар билан кенгайган. Ўлкада анчагина рус миллатли аҳоли яшайди. Шу сабабли Украинанинг шарқидаги асосан руслар яшайдиган Донбассдаги Донецк ва Луганск ўзларининг мустақиллигини эълон қилди.

Россия асосан рус аҳолиси яшайдиган минтақаларда Украина ҳукуматининг халққа шовинистик босим ўтказаётганини иддао қилмоқда. Асли яҳудий бўлган келишган ва севимли юмористнинг раҳбарлигини танқид қилмоқда. Ўзига қарамай Украинани коррупциялар ўлкаси деб атамоқда.

Ўзининг гапларидан жасорат олган ва ғарбнинг пўписадан нарига ўтмаётганлигини кўрган Россия кутилган кун келганини англаб ҳаракатни бошлади. Эҳтимол санкцияларга қарши тадбирини йиллар давомида олган. эҳтимол Донбассдан Украина изини ўчиради, Киевда ўзига тобе бўлган ҳукумат қуриб, ортга қайтади.

Филлар тепишади, гул чаманлар пайҳон бўлади.


Бошқа мақолалар