“Нобель”нинг нохолис мезонлари ёхуд бу мукофот нега асосан ғарбликларга берилади?


  • 23 Май, 2012
  • 1872

 1888 йилнинг 13 апрель (эски тақвим бўйича 1 апрель)ида Парижнинг қайсидир тонгги газетаси "Ажал қироли ўлди" дея таъзиянома эълон қилади. Аммо хабар босмахонада минглаб саҳифаларга муҳрланаётган маҳал "марҳум" ширин уйқуда эди. Бу газетани бутун Европа, энг қизиғи Альфреднинг ўзи ҳам ҳайрат билан ўқийди. Ваҳоланки, оламдан ўтган инсон унинг акаси эди. Таъзияномада "динамит қироли", "қонга ботган миллионер" деган сўзлар бўлган, бу Нобелни ўйлашга мажбур қилган ўшанда.

Агар таъзиянома чоп этилмаганида Нобель газета ўқимаган, ўлимидан кейин одамлар уни қандай ном билан эслаши ҳақида ўйлаб кўрмаган, демакки "Нобель" мукофоти ҳам жорий қилинмаган, шу кунгача 808 нафар кишининг башарият олдидаги катта ва кичик хизматлари бу тахлит эътироф этилмаган бўлур эди.

Фикри ожизимча, Лев Толстой тарифи билан айтганда, қандайдир керосин сотувчиси бу мукофотни "дунё миқёсидаги жиноятчи" сифатида тарих саҳифаларида қолмаслик учунгина ўйлаб топмаган. У мукофотни "ўз айбини ювиш", чин маънода тазарру қилиш билан бирга "инсониятга энг катта фойда келтирган кишиларга" беғараз ёрдам кўрсатиш мақсадида жорий қилгани аниқ.

Айрим ҳолларда мукофотнинг ўз эгаларига — муносиб инсонларга топширилмаётгани (айниқса, адабиёт йўналишида) Нобель бобонинг айби эмас. Бу мутасаддиларнинг, ташкилотчиларнинг айби десак ҳам нотўғри бўлар, эҳтимол. Бу мукофотни тарқатиш ҳам Швеция Қироллиги фанлар академияси, Швеция академияси, Қиpoллик институтининг Нобель ассамблеяси ҳамда Норвегия Нобель қўмитасидагиларнинг имконият кўламидир Дунёда 3 мингдан ортиқ тил мавжуд. Демак, ҳар бир тилнинг ўз ёзувчиси, шоири, файласуфу сиёсатчиси бор. Энди ўйланг, атиги уч тўртта, борингки, беш олтита тилни биладиган "мукофот улашувчилар" қандай қилиб дунё адиблари ижодини қамраб олади. Бундан ташқари, улар бор-йўғи тавсия этилган номзодларнинг асарларинигина кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлса.

Тўғри, 1901 йил мутасаддилар "пойдевор"ни — илк мукофотни айнан дунё эътироф этаётган Лев Толстойга эмас, бугун ҳатто ўз ватанида ҳам унут бўлаётган француз шоири Рени Сюлли-Прюдомга топширгани учун бутун аср мобайнида кўпларни таажжубга солиб келган.

Ишонмасангиз, унинг таржимаи ҳолидаги сўзларни ўқинг: "Бир пайтлар адабий ва академик давраларда ниҳоятда катта ҳурматга сазовор бўлган ёзувчи бугун ҳатто Франциянинг ўзида ҳам одамлар эътиборидан қолган. Шоирнинг баъзи шеърларини таржима қилишади, антологияларга киритишади, аммо бугунги кунда адабиётшунослар унинг ижодига аҳамият беришмайди. Сюлли-Прюдомни кўпроқ Нобель мукофотидан қолган маблағлари ҳисобидан Франциядаги ёш шоирларга аталган адабий мукофотнинг таъсисчиси сифатида танишади, холос".

Мукофот жорий қилингач, дастлабки ўн тўртта совринни фақат Европа адибларига улашишди. 1923 йил дунё фақат "Европадан иборат эмаслигини англаган мутасаддилар осиёлик, аниқроғи ҳинд адиби Рабиндранат Тагордан "Нобел"ни қизғанишмайди. Ва бир неча йиллардан кейин дунёнинг бошқа қитъаларидан ҳам лауреатлар чиқа бошлади.

Яна шуниси ҳам борки, Нобель мукофотини олган кўпчилик адибларнинг асарлари ўз ўқувчиларига зориқиб, тарихда изсиз қолиб кетди. Албатта Рабиндранат Тагор, Ҳерман Ҳессе, Эрнест Миллер Хемингуэй ва Альбер Камюга нисбатан юқоридаги каби хулоса қилиб бўлмайди.

Охирги йилларда (мукофотнинг жўғрофияси кенгайди. Хитойлик Гао Синцзянь (2000 йил), туркиялик Ўрхон Памуқ (2006 йил), Эронда туғилиб ўсган инглиз адибаси Дорис Лессинг (2007 йил) ва перулик Варгас Льоса(2010 йил)нинг "Нобель"га лойиқ кўрилгани буни яққол исботлайди. Нима ҳам дердик: мукофотни берадиган улар! Шунга яраша холисликни ҳам унутмасалар, яхши бўларди.

Биласизми?

Икки карра "Нобел"дорлар

"Нобель" мукофотига иккинчи бор сазовор бўлган инсонлар ҳам бор. Мария Склодовская-Кюри (физика бўйича 1903 ва кимё бўйича 1911 йилда), Лайнус Полинг (кимё йўналиши бўйича 1954 йилда, Тинчлик мукофотига 1962 йилда), Жон Бардин (физика бўйича икки бор — 1956 ва 1972 йилларда), Фредерик Сенгер (кимё йўналишидаги мукофотлар билан 1958 ва 1980 йилларда) юқоридаги фикримизга далил бўла олади. Бироқ, адабиёт йўналишида бу ҳолат кузатилмаган.

Фозил ЖАББОРОВ

Darakchi.uz” сайтидан олинди


Бошқа мақолалар