- 2015-05-19
Яқин уч йил олдин ҳам жаҳон афкор оммасига мутлақо таниш бўлмаган бу йигит қисқа муддатда сиёсат оламида йирик ўйинчига айланиб улгурди. У ҳали қирол бўлмаса-да, ўз мамлакатининг бутун жиловини қўлига олган. Қиролга айланиш ҳам кўп куттирмайдиганга ўхшайди. Отаси бетоб, ёши бир жойга бориб қолган, истаса-истамаса у тез орада араб дунёсининг энг қудратли ва нуфузли давлати қироллигини, икки муқаддас даргоҳ хизматчилигини ўз ўғлига – валиаҳд принц Муҳаммад ибн Салмонга бўшатиб беради. Ҳозир шунча сиёсий ўйинларга сабабчи бўлаётган бу йигит ўшанда нималар қиларкин?..
Валиаҳд принц Муҳаммад ибн Салмон ҳақидаги мақолага киришарканмиз, бир-бирига зид келувчи жуда кўп маълумотларга дуч келдик. Муҳтарам ўқувчи, агар биз тақдим этгандан фарқ қилувчи маълумотлардан бохабар бўлсангиз, ҳайрон бўлманг.
Асрий анъананинг бузилиши
Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз ал-Сауд ўз ўғли Муҳаммад ибн Салмонни тахт вориси деб эълон қилганида, мамлакатнинг энг муҳим анъанасини бузди – ёшига кўра навбатдаги принц валиаҳд этиб белгиланишига чек қўйди.
Гап шундаки, замонавий Саудия Арабистонининг асосчиси сифатида кўриладиган илк қирол Абдулазиз ал-Сауд белгилаган қоидага кўра қиролдан кейин тахтга ёши энг катта авлоди ўтириши керак бўлган. Илк қиролдан кейин унинг қонуний 45 нафар ўғлидан деярли барчаси навбат билан тахтга ўтириб чиққан. Анъананинг асосий қоидаси авлоднинг энг катта ёшли вакили валиаҳд ҳисобланарди. Табиийки 45 ўғилнинг ҳар бири ислом анъаналарига кўра кўп хотинли бўлган ва кўплаб ўғилларни дунёга келтиришган.
Сулоланинг геометрик прогрессияда кўпайиши йигирма биринчи асрга келиб тахтга даъвогарлар сонининг 7000 нафардан ортишига олиб келди. Бу эса навбатдаги валиаҳдни белгилашда ўта аниқликни талаб қиларди. Шу боис қиролликда валиаҳдларни белгилаш бўйича махсус кенгаш ҳам тузилган.
Бу сулола охир оқибат шу ҳолга тушдики, унда ёши 80-90дан ошган жуда кўплаб принцлар яшаб ўтиб кетишди ва уларга тахтга чиқиш насиб қилмади. Сауд оиласининг кўп минг кишилик авлодининг барча вакиллари давлат хазинаси ҳисобига кун кечирар ва яйраб яшардилар.
2015 йил
Айнан шу йили давлатни сўнгги ўн йилда расман, охирги йигирма йилда эса норасман бошқариб келган, сулола асосчиси Абдулазиз ал-Сауд ва унинг саккизинчи хотинининг ўғли бўлган Абдуллоҳ ал-Сауд вафот этди. Унинг ўрнига тахтга Салмон ибн Абдулазиз ал-Сауд чиқди. Бу пайтга 80 ёшни қоралаб қолган янги қирол бир қатор мураккабликларни енгиши лозим эди.
Қўшни Яманда қиролликнинг азалий рақиблари бўлган ҳусийлар пойтахт Сано ва бошқа йирик шаҳарларни эгаллаб олишган, мазҳаб бўйича доимий душман мақомида бўлган Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Ливан ва Фаластинда жуда кучайиб кетган, миттигина, аммо режалари осмон қадар Қатарни жиловлаб бўлмай қолганди.
Айни мана шундай пайтда қирол Салмон ўзига суянчиқ сифатида ўғли Муҳаммадни Мудофаа вазири этиб тайинлади. Шу тарзда 29 ёшли Муҳаммад ибн Салмон энг ёш Мудофаа вазири сифатида янги тарихга кирди ҳамда дарҳол ҳокимият жиловларини қўлга ола бошлади. Амалда мамлакатнинг барча кучишлатар тизимлари унга бўйсунди. Шунингдек, принц давлат вазири мақомини сақлаб қолгани ҳолда қиоллик судининг бош котиби этиб тайинланди.
Лекин ҳокимият ишқида ёнаётган принц учун буларнинг ўзи камлик қиларди. Доимий ундовлар ортиданми, ёки шахсий ташаббус биланми, буниси номаълум, лекин қирол Салмон шу пайтгача ҳеч кимнинг ақли бовар қилмайдиган ислоҳотга қўл урди – навбатдаги кўп минг сонли принцларни четлаб ўтиб, ўз ўғлини валиаҳд принц этиб эълон қилди.
Бунинг учун хорижда, айниқса Ғарбда катта нуфузга эга бўлган, қиролликдаги обрўси энг баланд инсонлардан бири, валиаҳд принц Муҳаммад Наиф ал-Саудни четга суриб ташлади. Шунингдек, қироллик авлодининг барча вакилларининг давлат ҳисобидан таъминланишига чек қўйилди.
Доимий тарзда кекса, унутувчан ва консерватив қироллар билан ишлашдан зериккан АҚШ раҳбарияти сукут ила бу ислоҳотларни маъқуллади. Хусусан, президент Трамп қиролнинг бу ҳаракатларига «У нима қилаётганини яхши билади» дея ижобий баҳо берди.
Коррупция можароси ва ундирилган 100 миллиард доллар
Бундай кенг ваколатлардан фойдаланмаслик принцнинг табиатига зид эди. Дастлабки ҳаракатлар ўзини кўп куттирмади. Аввалига турли хил жамғармалар, кўп қисми ишсиз бўлган ёшларга кўмак берувчи тузилмаларга асос солиб юрган принц бу каби майда-чуйда ишлар билан катта обрў қозониб бўлмаслигини тушуниб етди ҳамда жуда улкан ва таҳликали режага қўл урди.
2017 йилнинг 5 ноябрь куни мамлакат тарихида алоҳида саҳифа бўлиб кирди. Қизиғи, бундан бир кун аввал, 4 ноябрь куни Муҳаммад ибн Салмон мамлакатнинг коррупцияга қарши кураш қўмитасига раҳбар этиб тайинланганди.
У ўзи бошқараётган янги қўмита фаолияти доирасида кутилмаганда ва ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан мамлакатнинг 350 нафардан ортиқ энг номдор амалдор ва бойларини ҳибсга олди.
Принц панжара ортига равона қилган нуфузли инсонлар орасида 4 нафар амалдаги вазир, 11 нафар Саудий принци бор эди. Панжара орти дейиш кўп ҳам тўғри бўлмайди – принц бу маҳбусларни Ар-Риёддаги энг ҳашаматли меҳмонхоналардан бири «Ritz Carlton»га жойлаштирди ва ҳар бирига ўзига хос талаблар қўя бошлади.
Ўта йирик миқдордаги порахўрлик ва ҳатто давлатга хиёнат айби билан озодлиги чекланганлар орасида амалдаги қиролнинг жияни, мамлакатнинг энг бой инсонларидан бири, Ғарбда жуда катта обрўга эга бизнесмен ва «Citigroup» эгаларидан бири, 20 миллиард доллардан ортиқ маблағга эга бўлган Ал Валид ибн Талал ал-Сауд биринчилар қаторида эди. Гарчи фитналарга руҳан тайёр бўлган бойвачча ўзининг меҳмонхонадаги ҳашаматли хонасини кўрсатиб, қироллик талабига кўра ҳозирча шу ерда ишлаб турганини айтиб, вазиятни хаспўшламоқчи бўлса-да, аҳвол анча мураккаблигини ҳамма билиб турарди.
Орадан деярли уч ой ўтиб, 2018 йилнинг 30 январида ҳибсдагилар қўйиб юборилди. Лекин уларнинг барчаси принцга нисбатан содиқлик ваъдасини қилишган ва... давлат бюджетига арзимас 100 миллиард доллар тўлаб қўйишганди.
Умумий йиллик бюджети 200 миллиард долларга етмайдиган Саудия Арабистони аҳолисининг аксарияти принцнинг бу ҳаракатларини катта қувонч ва олқишлар билан кутиб олди. Сабаби халқ орасида қироллик оиласига яқин бўлган бу амалдор ва бойваччаларнинг давлат бойликларини мунтазам ўзлаштириб келгани бўйича катта норозиликлар туғилган, порахўрликка қарши курашган принц қисқа муддатда қаҳрамонга айланганди.
Ўзини унутмаган принц
Ғарб маданияти ва ҳаёт тарзини ҳамиша ёқтирган Муҳаммад ибн Салмон мамлакат мафкурасида ҳам инқилобий ўзгаришлар қила бошлади. Яқиндагина бекор қилинишига биров ишонмайдиган чекловлар олиб ташланди. Жумладан – аёлларга автомобиль бошқаришга (маълумот учун: Саудия Арабистони аёллар автомобиль бошқариши мумкин бўлмаган сўнгги давлат эди), стадионларга боришга рухсат берилди. Оммавий кинотеатрлар фаолияти йўлга қўйилди. Принц ташаббуси билан саҳронинг ўртасида 25 минг кв/км майдонни эгалловчи ўта замонавий Неом шаҳри қурилишига старт берилди.
Имкониятлардан илҳомланган ва ўзига жуда қаттиқ ишонган Муҳаммад ибн Салмон «Саудия Арабистони биринчи навбатда!», «Мамлакатимиз ўз қудратини тиклайди!» каби баландпарвоз шиорлар остида ҳатто 2020 йилдаёқ Саудиянинг нефть қарамлигидан озод бўлиши тўғрисида баёнот бериб юборди.
Кўнгилочар дастурлар учун ҳатто алоҳида департамент ташкил қилинди. Туризмга эътибор қаратилди. Таъкидлаш жоизки, Саудия Арабистони шу кунга қадар дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири эди ва ҳанузгача шундай. Ҳаж ва Умрага ташриф буюрувчи зиёратчилар гарчи давлат ҳудудига кирсалар-да, уларнинг визаси жуда чекланган жойларда амал қилади ва бу виза билан ҳеч ким, масалан, пойтахт Ар-Риёдга бора олмайди.
Бир тарафдан бадавлат инсонларнинг «патини юлган» эрка принц, ўзи учун ҳашаматнинг олийсини раво кўрарди. The New York Times нашри маълумотларига кўра, айнан у дунёдаги энг қиммат кўчмас мулк ҳисобланган, Франциядаги Людовик XIV қасрини 300 миллион долларга сотиб олди. Шунингдек, принц 550 миллион долларга яхта ва 450 миллион долларга Леонардо да Винчи картиналари тўпламини харид қилгани маълум бўлган.
Ўзгаришлар диний масалаларни ҳам четлаб ўтмади. Принц шу пайтга қадар ўта қаттиқ турилувчи бу соҳада ҳам ислоҳотларга киришди ва (ваҳҳобийликдан чекиниб) мўътадил Исломни тарғиб қила бошлади. Консерватив қарашларини ўзгартиришни истамаган минглаб имомлар, етакчи уламолар вазифасидан четлаштирилди ва принцнинг йўриғига юрганларгина ўз амалларини сақлаб қолдилар.
Ташқи ишлардаги омадсизликлар
Мамлакат аҳолиси орасида катта мавқени забт этган эрка принц хорижий масалаларда бирин-кетин муваффақиятсизликларга учрай бошлади. Яман ҳусийларига қарши шитоб билан бошланган ва жуда катта харажатлар сарф қилинган уруш 10 минг нафардан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлган бўлса-да, амалда ҳеч қандай самара бермади. Пойтахт Сано барибир ҳусийлар қўлида қолди. Башар Асадга қарши коалиция тузиш учун қилинган барча ҳаракатлар ҳам ҳавога учди, уни ҳокимиятдан четлатишнинг иложи топилмади. Ливандаги шиалар бу қулай пайтни қўлдан чиқармадилар ва ўз позицияларини анча мустаҳкамлаб олдилар. Қатарга қарши етти давлатдан иборат йирик гуруҳ тузилган бўлса-да, дипломатик ҳаракатлар ҳам, давлатни қуруқликдан чеклаб ташлаш ҳам амалда бирор натижа бермади – митти, аммо мағрур давлат ўз билганидан қолмади.
Бундан ташқари, кутилмаганда ўзининг ғарбдаги тарафдорлари ҳам тўнини тескари киядиган воқеа юз берди – 2 октябрь куни Туркиядаги Саудия Арабистони консуллигида қироллик авлоди вакили бўлса-да, ашаддий танқидчи журналист Жамол Қошиқчи шафқатсизларча ўлдирилди. Аввалига бу қотилликни тан олмаган Саудия расмийлари охир оқибат рад этиб бўлмас далиллар қаршисида ожиз қолишди. Гарчи, ким бу қотилликни буюртма қилгани ҳозиргача маълум бўлмаса-да, ҳамма фақат бир кишидан гумон қиларди.
Шундоқ ҳам ўзаро муносабатларга ҳавас қилиб бўлмайдиган Туркия давлати президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бу қотилликда Саудияни расман айблади.
Ҳатто ҳамиша қироллик тарафдори ҳисобланган Оқ уй маъмурияти, хусусан президент Дональд Трамп бу ҳолатни қаттиқ қоралади ва ўзаро муносабатлар қайта кўриб чиқилишини билдирди.
Охир-оқибат қирол, Жамол Қошиқчи оиласига расман таъзия билдириб, барчаси жиддий тергов қилиниши ва айбдорлар қаттиқ жазоланишини маълум қилишга мажбур бўлди.
«Қора принц»нинг келажаги
Гарчи шитоб билан дунё сиёсатига кириб келган бўлсада, эрка принц тўғрисидаги маълумотлар жуда кам ва бир-бирига зид. Масалан, қиролнинг учинчи хотинидан туғилган фарзанд нега кўп сонли ўғиллар орасидан валиаҳдга айланиб қолгани ҳалигача жумбоқ. Ҳатто ўша учинчи хотиннинг ҳам олти нафар ўғли бор.
Шунингдек, унинг оилавий ва диний анъаналарга зид тарзда фақат битта нафар хотини борлиги ҳам кўпчиликни ҳайратга солади ва ишониш қийин ҳолат.
Бундан ташқари, ташқи ишларда ҳам қатор омадсизликлардан ташқари мамлакат ичкарисида ҳам энг нуфузли шахсларни сиқувга олиш ортидан унинг ўзи ҳам сарой тўнтаришига сабаб бўлиши ҳамда ҳокимиятдан четлатилиши эҳтимоли юқори.
Ана шундай пайтда принц кимга суяниши катта сўроқ остида. Лекин шуниси аниқки, Ислом оламининг энг буюк марказлари, муқаддас даргоҳлар жойлашган давлатга қирол бўлиш ортидан у янада катта сиёсий ўйинларга қўл уради...
Аброр Зоҳидов