- 2014-12-03
Шунақаси ҳам бўлади
Бутун ер юзи бўйлаб жиноятчилик ҳам, унга қарши кураш ҳам авж олиб бораётган бугунги кунда, ҳар икки томон ҳам ўйлаб иш тутишга ҳаракат қилади. Албатта, жиноятчилар ҳам анойи эмас, улар қаерда, қачон, қандай «ҳунар» кўрсатишни кўпинча олдиндан режалаштириб олишади. Лекин жиноятчилар орасида баъзида «қовун тушириб» қўядиганлари ҳам бўларкан.
Интернетдаги «sb.adverman.com» сайтида эълон қилинган қуйидаги мақолада хориж давлатларида содир бўлган ана шундай ҳолатларнинг айримлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Гиёҳванд томошабин
Чет давлатлардан бирида бир аёл, ўғли иштирок этаётган мусобақани томоша қилаётган пайтида қўлга олинди. Бу тадбирда полициячилар мусобақалашаётган болаларга ўз фаолиятларидан намуналарни намойиш қилаётган эдилар. Навбат ўргатилган итларнинг ҳид орқали гиёҳвандлик моддаларини топиш номерига келди. Ит эса тўғри томошабинлар орасидаги аёлнинг олдига келиб, қўлидан сумкасини тортиб олди-да, ичидан гиёҳвандлик моддаси солинган пакетни чиқарди...
«Вояга етган» талончи
Бир йигит қўлида қурол билан кичикроқ магазинга бостириб кирди ва кассадан пул талаб этиб, таҳдид қилди. Олинган «ўлжа»ни сумкасига жойлагач, пештахтада турган, катта бутилкадаги вискини кўриб, кўзи ўйнаб кетди. Уни ҳам олиб кетмоқчи бўлган эди, сотувчи аёл қаршилик билдирди. «Сен ҳали ёшсан, спиртли ичимлик хариди учун рухсат берилувчи ёшга етмагансан», деди. Бу борадаги тортишувлардан сўнг, талончи ўзининг 21 ёшга тўлганлигини исботлаш мақсадида чўнтагидан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, сотувчига кўрсатди: «Мана, ҳайдовчилик гувоҳномам ҳам бор, кўриб қўй, мен 21 ёшга тўлганман!». Сотувчи ҳужжатни синчиклаб ўқиб чиққач, вискини талончи йигитнинг сумкасига солиб берди.
Талончи икки соатдан сўнг ўз хонадонида ҳибсга олинди. Чунки сотувчи унинг ҳайдовчилик гувоҳномасида кўрсатилган исм-шарифини, турар жой манзилини эслаб қолиб, полицияга хабар берган эди...
Саводсиз пўписабоз
Америкалик бир киши банкни ўмаришга қарор қилди. У «Bank of America»га борди ва банкнинг депозит бланкасига тахминан қуйидаги мазмунда пўписа хати ёзди: «Бу талончилик. Ҳамма пулни пакетга жойлаб, бу ёққа узат!».
Кейин у хатни топшириш учун хотиржам бориб, омонат олинадиган туйнук олдида навбатга турди. Лекин ўша пайтда бирданига шубҳа ва гумон исканжасида қолди: «Атрофимда одамлар бор эди, хатда нима ёзганимни кўриб қолишган бўлишса-я! Балки аллақачон полицияга ҳам хабар беришгандир?».
У шу ўй билан бу банкни тарк этиб, дарров кўчага чиқди. Йўлнинг нариги бетида эса «Wells Fargo Bank» бор эди. Талончи кўп ўйлаб ўтирмай, ўша банкка кирди. Бу ерда одамлар оз эди, тезда унинг навбати келди. Ниҳоят, кутилган лаҳза: талончи қўлидаги хатни оператор қизга узатди. Оператор анча ақлли қиз эди, ёзувдаги имло хатолари ва бошқа баъзи ҳолатларни ҳисобга олиб, талончининг ақл доираси ҳамин қадарлигини тезда фаҳмлай билди. У хотиржамлик билан, бу аризани ололмаслигини, чунки у «Bank of America»нинг бланкасига ёзилганини, бу ер эса «Wells Fargo Bank» эканлигини маълум қилди. Шунинг учун мижоз ўз аризасини «Wells Fargo Bank» бланкасига ёзиши ёхуд «Bank of America»га қайтиши лозимлигини тушунтирди.
Хафа бўлган талончи банкни тарк этди, қиз эса зудлик билан полицияга қўнғироқ қилди. Беш дақиқадан сўнг талончининг қўлларига кишан солишди. Бу пайтда у йўлнинг нариги бетидаги «Bank of America» туйнуги олдида навбатда турган эди...
Конвертдаги суратлар
Англиялик бир ҳайдовчининг тезликни оширгани автоматик радар ёрдамида аниқланган эди. Маълум муддатдан сўнг почта орқали унга жаримага тортилгани ҳақидаги ҳужжат ва ўз автомобилининг фотосурати етиб келди. У жаримани тўлаш ўрнига, полицияга жарима миқдорича пулнинг фотосуратини почта орқали жўнатди. Бир неча кундан сўнг унга яна полициядан конверт келди. Бу конвертда ҳам фотосурат бор эди, фақат... кишаннинг сурати!
Бу фотосуратнинг бадиий кучи ғаройиб даражада таъсир қилди - полицияга келган навбатдаги конвертда тўлов ҳақидаги маълумотнома бор эди...
«Ишонмасанг, очиб қара!»
АҚШнинг Мичиган штатида бўлаётган суд пайтида гиёҳвандлик моддалари сақлаганликда айбланаётган судланувчи Кристофер Янсен норозилик билдирди:
- Мени ордерсиз тинтув қилишди!
Прокурор бунга жавобан шундай изоҳ берди:
- Тинтув пайтида Янсеннинг эгнидаги курткаси қандайдир ғалати дўппайиб турарди, шунинг учун офицер унинг курткаси остида тўппонча бор деб гумон қилган. Бундай ҳолларда эса уни тинтув қилиш учун ордер ҳам шарт эмас.
- Бўлмаган гап! - деди Янсен. - Мана, ўша куртка ҳозир ҳам эгнимда. Хўш бунинг қаерига тўппонча яшириш мумкин?
Шу сўзларни айтиб, у курткасини ечди ва судьяга узатди. Судья эса куртканинг яширин чўнтагидан... кокаин тўла пакетни топиб чиқарди. Суд мажлиси танаффус эълон қилишига тўғри келди, чунки кўпчилик суд аъзоларининг кулгидан ўзларини тўхтатишлари қийин бўлди.
Тилидан илинди
АҚШнинг Оклахома штатидаги яна бир суд ҳам қизиқ ўтганди. Судда қуролли талончилик бўйича суд қилинаётган Денис Ньютон жаҳл устида адвокатини ҳайдаб солди ва ўзини ўзи ҳимоялай олишини эълон қилди. Чиндан ҳам, у асосли жавоблар бериб борарди, фақат бир жойда «қовун тушириб» қўйди. Прокурор талончилик содир этилган магазин мененджерини гувоҳ сифатида сўзга чиқарди. У талончини таниб қолганди. Шунда жаҳли чиққан Денис мененджерни туҳматчиликда айблади:
- Афсус, ўшанда сенинг пешанангдан дарча очиб қўйсам бўларкан! - деди у қизишиб кетиб. Кейин «қовун туширганини» англаб етиб, дарҳол қўшиб қўйди:
- Албатта, ўша ерда бўлганимда эди...
Уни ўттиз йиллик қамоққа жўнатиш учун суд залида йиғилганларга атиги йигирма дақиқа вақт кифоя бўлди.
Қизиқувчан қочоқ
Детройт штатида полициячилар йўл четида тўхтаб турган ҳолда, ўз патрул машиналарига ўрнатилган янги компьютер қурилмаларини атрофдаги қизиқувчан болаларга кўрсатаётган эдилар. Шу ерда сайр қилиб юрган бир йигит ҳам қизиқиб, «бу матоҳ» қандай ишлашини сўради. Полициячи қурилманинг қандай ишлашини амалда кўрсатиб бериш ниятида унинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, ундаги маълумотларни компьютерга кирита бошлади. Бир неча сониядан сўнг эса бу бечора йигитни барча қонун-қоидаларга асосан қўлга олишди. Чунки компьютер экранга чиқариб берган маълумотларга кўра, йигит Миссури штатининг Сент-Луис шаҳрида, бундан икки йил олдин содир этилган қуролли талончилик жиноятининг фаол иштирокчиси бўлиб, қидирувда эканлиги маълум бўлган эди...
Суғурта қилинган сигаралар
Америкалик бир жаноб жуда қиммат ва камёб бўлган сигарадан бир қути сотиб олди. Бу мол шу қадар қиммат эдики, бу тадбиркор киши уларни ҳатто суғурта қилдириб ҳам қўйди. Суғурта шартномасида ёнғиндан суғурта ҳам бор эди. Бир ойдан сўнг сигаралар тугади. Уларни сотиб олган жаноб суғурта полиси бўйича илк взносни ҳали тўламаганди ҳам. Шунга қарамай, у суғурта компаниясига ариза билан мурожаат қилди. Аризада «Сигаралар «кичик ёнғинлар серияси» оқибатида ёниб кетди», дейилганди. (Эслатиб ўтамиз: инглизчада «олов» маъноси ҳам, «ёнғин» маъноси ҳам битта - «fire» сўзи орқали ифодаланади.)
Табиийки, компания суғурта пулини тўлашдан бош тортди, ахир мижоз сигаралар учун энг табиий бўлган усулда улардан фойдаланган эди-да. Жаноб нима ҳам қила оларди, судга мурожаат этди ва... ютиб чиқди! Суд қарорида кўрсатилишича, даъво аризаси гарчи унча жиддий бўлмаса-да, уни асословчи ашёвий далил - суғурта полиси мавжуд. Унда эса сигараларни ёнғиннинг ҳар қандай туридан суғурта қилинганлиги кўрсатилган бўлиб, бунда ёнғиннинг «ихтиёрий равишда» ёки «тасодифан» келиб чиқиши аниқ белгилаб қўйилмаганди. Шундай экан, суғурта компанияси полисда белгиланган миқдордаги тўловни амалга ошириши шарт.
Суғуртачилар узоқ муддатли ва қимматга тушувчи апелляциялар билан бошларини оғритиб ўтиргандан кўра, ўша «ёниб кетган» сигаралар учун ўн беш минг доллар тўлаб қўя қолишни афзал билдилар.
Аммо жанобнинг қувончи узоққа чўзилмади. Чек бўйича банкдан нақд пулларни олиши билан уни ҳибсга олишди. Худди ўша суғурта полисига ва суддаги ўз кўрсатмаларига асосан, уни... «суғурта қилинган мулкни онгли равишда, ёқиб юбориш йўли билан 24 марта йўқ қилиш»да айблашди. Янги суд жараёни натижасида жанобга 24 ой қамоқ жазоси белгиланди ва 24000 доллар миқдорида жарима солинди...
Ҳамидбек ЮСУПОВ таржима қилди.