Иблис кўчасидаги «байрам»


  • 27 Март, 2012
  • 1849

 Ғарбликларга кўр-кўрона тақлид қилишни «замонавийлик» деб ҳисоблайдиган кимсаларнинг «шарофати» туфайли сўнгги йилларда юртимизда «Севишганлар куни» деган ғирт бемаъни байрам пайдо бўлди. Бунинг исботини куни кеча ўзингиз кўрдингиз, муҳтарам муштарий. Бу одатнинг буткул мантиқсиз экани, унинг на миллий қадриятларимиз ва на эътиқодимизга тўғри келмаслиги ҳақида ўтган йиллар ичида жуда кўп таъкидланди, мақолалар ёзилди, тушунтирилди. «Гапни гапир уққанга», дейдилар. Айтилганлардан тегишли хулоса чиқарганлар ҳам бўлди. Лекин бундайлардан кўра, «Севишганлар куни» баҳона ўзининг калтабинлигини, тийиқсизлигини оммага ошкор қилишни хушлайдиганлар сони кўпроқ шекилли.

Эътиқодини сотган «роҳиб»

«Севишганлар куни» деган бемаъниликнинг тарихи аллақандай «авлиё Валентин» деган шахсга бориб тақалишини бугун катта-ю кичик билади. Валентин деганларининг ким эканлигидан воқиф бўлган ақли бутун одам уни «авлиё» мақоми билан аташни ҳайф билиши тайин.

Аслида тарих саҳифаларида Валентин деган кимса ҳақида деярли аниқ маълумотлар йўқ. Лекин айрим ғарблик тарихчиларнинг қайд этиб қолдиришларича, Валентин деганлари эрамиздан тахминан уч аср олдин Римдаги Терн шаҳрида яшаб ўтган епископдир. Ўша пайтлар Рим империяси учун ниҳоятда таҳликали, суронли йиллар эди. Катта жангу жадалларга бел боғлаган Рим императори Юлий Клавдий II ўз аскарларининг узоқ муддатли ҳарбий юришлардан бўйин товламасликлари, чалиғимасликлари учун уйланишни тақиқлайдиган фармон чиқаради. Епископ Валентин эса аскарларни яширин равишда маъшуқалари билан учраштирар, уларни никоҳлаб қўяр эди. Шу даврларда у ўз эътиқоди ва лавозимига яна бир хилоф иш қилади, яъни «Муҳаббат мактублари»ни битишга ўтади. Епископнинг бу кирдикорларидан хабар топган император уни зиндонга ташлайди. Баъзи маълумотларга кўра, Валентин деганлари зиндонбоннинг Жулия исмли кўзи ожиз қизини севиб қолади ва (табибликдан хабардор бўлгани сабабли) уни даволайди. Зиндонбон миннатдорчилик юзасидан уни қочириб юбормоқчи бўлади, лекин уддалай олмайди. Ўз эътиқодига хиёнат қилгани, ҳукмдорнинг фармонига қарши чиққани учун Валентин олий жазо - ўлимга ҳукм қилинади ва 273 йилнинг 14 февралида ҳукм ижро этилади.

Валентин қатл олдидан севгилиси Жулияга видолашув мактубини юборади. Мактуб «Сенинг Валентининг...» дея якунланган эди. Кейинчалик ғарблик йигитлар ўртасида ўз маъшуқаларига битган мактубларини шу жумлалар билан якунлаш урф бўлган. Маъшуқалар эса ошиқларига юборган номаларини «Валентиним бўл!» дея якунлар эдилар.

Англаганимиздек, 14 февралнинг ҳатто ғарбликлар учун ҳам «Севишганлар куни» сифатида байрам қилишга арзигулик жойи йўқ. У бир эътиқоди суст, динига хиёнат қилган, ўз ҳукмдорига қарши чиққан кимсанинг қатл этилган кунидир. Агар шундай кимсаларга жони ачийдиган нодон одамлар бўлса, улар ҳам бу кунни байрам қилиб эмас, аза очиб ёки хотирлаб нишонлашлари керак.

Христианлар бу кунни байрам сифатида нишонлашмайди, чунки православлар учун қачондир динга хиёнат қилиб ўтган Валентин деган епископ ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Бу сана 496 йилда Рим папаси Геласий I томонидан католик черковининг муҳим байрамларидан бири сифатида рўйхатга киритилган эди. 1969 йилда эса Пол VI томонидан бу байрам ҳатто католик черковининг рўйхатидан ҳам олиб ташланган. Насроний черкови пешволари бу анъана ёшларнинг аҳлоқига салбий таъсир этади, дея ҳисоблаганлари учун ҳам Италияда бу кунни байрам қилиш қонунан тақиқланган эди. Аммо 18-19-асрларга келиб «севги» ниқобидаги ҳирс иштиёқмандлари томонидан «Севишганлар куни» сифатида қайта тикланди. Бу кун байрам сифатида Ғарбда 13-асрдан бошлаб, Америкада эса 1777 йилдан буён нишонланади. Кўпгина Ғарб мамлакатларида 14 феврал куни катта сайиллар, оммавий зино, беҳаё намойишлар авж олади. Узоқроқ ўпишиш мусобақалари уюштирилади, кўчаларда шир яланғоч ёшлар тўдаси кайф-сафо қилади... Хуллас, шу куни иблиснинг кўчасида байрам бўлади!

Радиобошловчилик - вайсақилик эмас!

14 феврал санасида юртимизнинг аксарият радиоканалларини тинглаган эси борроқ одамнинг таъби хира бўлгани тайин. Чунки, мана бир неча йилдирки, бу куни айрим маҳмадона радиобошловчиларимиз лаби-лабига тегмай қиз-йигитларнинг бир-бирларига йўллаган дил изҳорларини баён қилишдан толмайдилар. Шу куни «Бизнинг байрамимиз экан», дея босар-тусарини билмай қолган нодон йигитлар, севгида ташаббус кўрсатишдан уялмайдиган баъзи қизлар омма қаршисида кўнгилларидаги борини тўкиб соладилар. Хўп, айрим ёшлар-ку нодонлик, беақллик қиляпти экан, лекин радиодаги ҳамкасбларимизни нима жин урган?

Оммавий ахборот воситалари халқнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилиши керак, асло уни бузишга эмас! Ўйлаб қоласан киши, куни кечагина урфга кириб қолган «Севишганлар куни»ни радио орқали тарғиб қилиш, ўзга эътиқодга тегишли (аслида ўзга эътиқоддагилар ҳам рад этаётган) аллақандай айёмни ўзича нишонлаётган ғўр ёшларни қўллаб, бемаъни изҳорларни эфирга узатаётган айрим вайсақи радиобошловчилар кимларнинг тегирмонига сув қуйяптилар экан?

Ақлини ишлатган одам «Севишганлар куни» номи билан юртимизда ўрмалаб қолган бунақа тарғиблар маънавий хуружнинг кўринишларидан бири эканини осонгина англайди. Ақлини ишлатмаган эса, тарихда ўз эътиқодига доғ туширган, имонини нафс истагига алмашган, роҳиб қиёфасидаги бир «қўшмачи» (узр!) қатл этилган кунни алоҳида шарафлаб, шу кун баҳона, севги деган ноёб туйғунинг номини қора қилган тийиқсиз туйғулари тизгинини қўйиб юборади. Бу «айём»ни бизда ҳам урфга киритаётган қора ниятли кимсалар учун айнан шу керак эмасми!

Қадимдан маънавият ўчоғи бўлиб келган юртимизда маънавиятни бузадиган бунақа бетайин «байрам»ларни радио орқали тарғиб этишга кимнинг нима ҳаққи бор?! Айрим FM каналларини тинглар эканман, радиобошловчиликни вайсақилик деб тушунадиган, келишмаган, тумтароқ жумлалари билан эс-ҳушли тингловчиларнинг асабини бузадиган радиобошловчилар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб кетганига амин бўлдим. Хўш, мантиқсиз радиоэшиттиришлар тайёрлаётган FM каналлари фаолиятини ким таҳлил қилади? Ваколатли назорат органлари қаёққа қараяпти?

Сўнгги йилларда шу куни, (яъни «Севишганлар куни» муносабати билан) мухлислари орасида «бетакрор» дея улуғланадиган Райҳона исмли қўшиқчимиз мунтазам концерт берадилар. Бу концертнинг рекламаси ҳам бир кунда бир неча марта, айнан «Севишганлар куни» муносабати билан» деган таъкидни қўшган ҳолда радиоканалларда айлантирилади. Бу ҳам ўзига хос тарғиб эмасми?

Бир FM каналида эшитиб қолдим. Радиога SMS йўллаган мухлис йигит ёзаяпти экан: «Гули опа, мен сизни Райҳоннинг концертида кутаман...». Ўша Гули опа (радиобошловчи) эса буни эзмаланиб ўқидилар ва охирида маънолигина (сал нозлигина) қилиб «иҳм-м-м» деб қўйдилар... Ҳайратланмай илож йўқ!

«Севишганлар куни» баҳона айрим радиоканаллар ҳақидаги аччиқ мулоҳазаларимизнинг бир қисми тилга кўчди. Бу борада гапираверса гап кўп. Хуллас, мутасаддиларга бир таклифимиз бор: юртимиздаги FM каналларида фаолият юритадиган, янаям тўғрироғи ўша ердан ризқ топадиган айрим радиовайсақилар... (узр!) «радиобошловчиман» дейдиганларнинг, тўғридан-тўғри эфирга чиқиб олиб, оғзига келганини қайтармай, валдираётганларнинг иш услубини назорат қилиш, кўриб чиқиш керак.

Оммавий ахборот воситалари халққа хизмат қилади. Халққа хизмат қиладиган одам эса зарарли, ёт унсурларни кишилар маънавиятига сингдиришга уринмайди. Телерадиокомпания деган нуфузли даргоҳ катта холасининг уйи эмаски, эфирда оғзига келганини валдирайверса...

Худога шукрки, «Севишганлар куни» деган бемаъни айёмни бутун ўзбек халқи ўзига қабул қилгани, онгига сингдиргани йўқ. Эркинликни бўйинтуруғи ечилган молдек ўзини тўғри келган томонга уриш деб тушунадиган, бошидан бошқа жойлари билан «фикрлайдиган» айрим нафс бандалари бу кунни байрам қилиб, гуноҳкорни «авлиё» деяётган экан, бу ҳолга дарров мамлакат миқёсидаги айём сифатида баҳо бериб, бутун халқнинг диққатини ақли кўзида бўлган бўйдоқларнинг аллақандай SMS изҳорларига қаратиш юртимиз радиоларига ярашмайдиган иш!

«Яхши кўрмоқ билан меҳр орасида жуда узоқ масофа бор...»

Таниқли адибимиз Ўткир Ҳошимов шундай ёзадилар: «...Ўзбек тилида «Муҳаббат» деган сўз шу қадар ранго-ранг маъноларга эгаки, ҳайратда қоласиз! «Ёқтириб қолмоқ», «Кўнгил бермоқ», «Мойил бўлмоқ», «Хуштор бўлмоқ», «Ошуфта бўлмоқ», «Дил бермоқ», «Бедил бўлмоқ», «Мубтало бўлмоқ», «Мафтун бўлмоқ», «Маҳбуб бўлмоқ», «Ошиқ бўлмоқ», «Яхши кўрмоқ», «Ишқ», «Ишқи тушмоқ», «Ишқи фоний», «Ишқи боқий», «Севги», «Муҳаббат», «Меҳр» ва ҳоказолар... Табиийки, булар орасида бош¬қа тиллардан кирганлари ҳам бор. Бироқ уларнинг барчаси - тенг ҳуқуқли ўзбек сўзлари!

Гап фақат бунда ҳам эмас. Бу ибораларнинг ҳаммаси умуммаънони англатади ва ... ҳар бири алоҳида маъно ташийди!

Мумтоз адабиётда «ишқ» сўзининг ўзи икки хил маънони ифодалайди. «Ишқи фоний» - маҳбубага нисбатан севги. «Ишқи боқий» -Тангрининг дийдорига етиш...

Бугунги кунимизга келсак... Бошқа тилларда учраши мушкул бўлган ғалати ҳолатларни кўрамиз. «Ватанга мойил бўлмоқ» деган ибора кулгили туюлади. «Ватанни севмоқ» дейилади.

«Ота севгиси» дегани шаккокликка ўтиб кетади. «Она ишқи» дегани гуноҳ ҳисобланади.

Фарзанднинг онага «Хуштор бўлмоғи» дўзахийлик саналади. «Ота-она меҳри», «Фарзанднинг ота-онани яхши кўриши», «Фарзанд меҳри» дейилади...

Шундай қилиб, «Ёқтириб қолмоқ» билан «Кўнгил бермоқ», «Кўнгил бермоқ» билан «Ошиқ бўлмоқ», «Ошиқ бўлмоқ» билан «Севмоқ», «Севмоқ» билан «Муҳаббат», «Муҳаббат» билан «Яхши кўрмоқ», «Яхши кўрмоқ» билан «Меҳр» орасида узоқ, жуда узоқ масофа бор...»

Бу фикрларни нима мақсадда келтирганимизни яхши англаган бўлсангиз керак, муҳтарам муштарий. Меҳру муҳаббат масаласига шу қадар нозик фаҳму фаросат билан, ўта эҳтиётлик билан ёндошадиган халқнинг фарзандларимиз. Аммо нима бўляптики, бугун қизларимиз қайсидир йигитга бўлган майлини яшириш тугул, бутун мамлакатга ошкор қилишдан, «Сизни севаман» дея жар солишдан уялмаётир... Йигитларимиз уйда отаси, ака-укалари даврасида ўтирган севгилисига маҳаллий телевидениеларда авжига минган «SMS чат»лар орқали қулоққа айтиладиган гапларни етказишдан ҳайиқмаётир... «Танишиш истагидаман», дея телефон рақамларини ёяётган қизларнинг сероблигини айтинг!

«Севишганлар куни» баҳона катта шаҳарларда бўладиган дискотекалар, алоҳида концерт дастурлари, қиз-йигитларнинг кўча-кўйда бемалол, тортинмай, уялмай қучоқлашиб юришлари, ўз моҳиятини, аслиятини йўқотиб бораётган нозик туйғулар... буларнинг бари ўша - «иблис кўчасидаги байрам»нинг бир кўриниши эмасмикин, дея хавотирга тушади одам...

Маъбуддан қўлингизни тортинг!

«Севишганлар куни»да севишганлар (худди Ғарбдагидек) бир-бирларига совға беришни одат қилган эканлар. Бу кун арафасида ўпишаётган жуфтлар, бир-бирига чирмашган оққуш ёки кабутарлар, камон ўқи санчилган юрак тасвири туширилган номалар (откриткалар)-у сувенир-совғаларнинг бозори чаққон. Бу кун арафасида юртимизнинг кўча ва бозорларида байрам нафаси уфуриб туради. Четдан нима келса, ортиқча сўраб-суриштирмай, («современний»миз дея) шундайлигича қабул қилиш таомили ғолиб бўлаётгани учун ҳам «Бунақа айём бизнинг миллатда, динимизда йўқ эди-ку», дейдиган мард кам.

Бир ҳолат дилимизни сиёҳ қилди. Шу «айём» баҳона бозорларда Купидон ҳайкалчаси харидоргир. Мусулмонмиз деганлар уни билиб сотиб оляптиларми, билмайми, ҳайронмиз. Шиша ёки биллурдан ясалган, қўлида камон ва ўқ ушлаган, яланғоч, хатна қилинмаган қанотли гўдак ҳайкалчасига кўзингиз тушгандир? Шуни севишганлар бир-бирларига совға қилиш учун бажонидил сотиб оляптилар. Ахир бу Купидон - қадимги римликлар эътиқод қўйган севги маъбуди, муҳаббат илоҳининг ҳайкалчаси-ку! Бир сўз билан айтганда, шаккокликнинг белгиси!

Агар шу йигит-қизларимиз пардоз-андоздан, SMS ёзиш-у «сотка»да соатлаб гап сотишдан вақт орттириб, тарих билан озроқ қизиққанларида эди, гуноҳ қилаётганларини англаган бўлардилар.

Абу Саййид ал-Худрий (родиаллоҳу анҳ)дан Бухорий ва Муслим ривоят этган ҳадисда айтилади:

«Пайғамбарнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам)  бундай деганларини эшитдим:

- Сизлар аввал ўтган қавмларнинг йўлларига қаричма-қарич, газма-газ эргашиб кетурсизлар.

Сўрашди:

- Ё Расулаллоҳ, яҳудий ва насронийларни айтяпсизми?

Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:

- Бўлмаса кимни?..».

«Севишганлар куни» ҳам ана шу эргашишнинг бир тури эмасми, нима дедингиз? Ўзимиз билмаган, англамаган ҳолда интернет, кабел телевидениелари, хорижий газета ва журналларда тарғиб қилинаётган куфр жозибасига берилиб, гуноҳнинг зоҳирий жилосига мубтало бўлиб қолмаяпмизми?

Дунёдаги бошқа динлар каби Ислом дини ҳам инсонларни бир-бирларига меҳр-муҳаббатли, оқибатли бўлишга ундайди. Лекин фақат маълум кунларда эмас, ҳар доим, ҳамиша! Яхши кўриш учун йилнинг бирор кунини тайин қилиб қўйиш эса аҳмоқликдан ўзга нарса эмас.

Хуллас, муслим укаларим, муслима сингилларим, кўзингизни каттароқ очинг-да, маъбуддан қўлингизни тортинг!

Дилфуза КОМИЛОВА


Бошқа мақолалар